Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:37

Қашқадарёда ери олиб қўйилган 62 фермер кредитга олган техника пулини тўлай олмайдиган ҳолга тушди


Муборакдаги фермерлар
Муборакдаги фермерлар

Қашқадарë вилоят Муборак туман Гулистон хўжалигида фаолият юритувчи 62 нафар фермер "ерсиз қолди ва банкдан кредитга олган техникаси учун тўлов қила oлмайдиган" шароитга тушиб қолди.

Бу ҳақда фермерларнинг Ўзбекистон президентига шикоятида ҳамда улардан Озодликка келган видеода айтилган.

Туман ҳокимлиги мулозими Озодлик билан суҳбатда шикоятчиларни бузғунчи деб атади ва уларнинг ери қонунсиз олиб қўйилмаганлигини айтди. Фермерлар ғалла эккан ерни олиб қўйилгани айтилган кластер вакили эса, хорижий сармоядорнинг ўзи ҳам махаллий мулозимлар яратган муаммо қурбони бўлганини билдирди.

62 нафар фермер Ўзбекистон президентига шикоят ëзишди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:40 0:00

Мубораклик 62 нафар фермернинг Ўзбекистон Бош прокурори ва Қишлоқ хўжалик вазирига ҳам юборилган бу шикоят хатининг нусхаси Озодликда бор.

Ариза
Ариза

Озодлик «Қарлиқ», «Бўстон», «Б.Саидов», «Туркистон» ва «Хитой» ҳудудларидан 4500 гектар ер майдони тегишли бўлган фермер хўжаликлари рахбарлари билан гаплашди. Улардан бири¸ тумандаги “О. О. Т ” фермер хўжалиги раҳбари 45 яшар А.Ҳ (исми тўлиқ айтилишини истамади) Озодлик билан суҳбатда¸ йиллардан бери меҳнати сингиб хосилдорлиги яхшиланган 980 гектар ерини «MT Amir tex» МЧЖ кластери келишувда кўзда тутилмаган тарзда олиб қўйганлигидан шикоят қилди:

“Муборак туманининг 9000 гектар пахта экиладиган майдони «MT Amir tex» қўшма корхонаси МЧЖ учун ажратилгани тўғри. Буни хужжатини ҳам кўрганмз. Аммо «MT Amir tex» энди ғалла ерларини ҳам олиб қўймоқда. Олиб қўйилган ер ўрнига оқин сувлардан узоқ фақат насос билан суғориладиган камҳосил ерларни таклиф қилишди. Мен ғалла еридан ажралганим боис банкдан кредит ва лизингга олган трактор ва культиваторлар бўйича тўлов қила олмайдиган ахволга тушдим. Мендан бошқа 60 фермер ҳам шу аҳволда. Асосий эътирозим «MT Amir tex» йиллар давомида меҳнатим сингган серхосил ғалла ерини олиб қўймасин”.

Озодлик «MT Amir tex» қайддан ўтган “Ўзтекстилсаноат” уюшмаси билан боғланди. Уюшма вакили Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 ноябрда қабул қилинган «Республика ҳудудларида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини жорий этиш механизмларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан Муборак туманининг 9000 гектар майдони «MT Amir tex» қўшма корхонаси МЧЖ учун ажратилганлигини айтиш билан кифояланди.

Муборак туман хокими Улуғбек Эрназаров касал эканини айтиб Озодлик саволларига жавоб бера олмаслигини айтиб узр сўради.

Муборак туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосари Рустамбек Холмўминов Озодлик билан суҳбатда “фермерларнинг ерлари қонунга зид тарзда олиб қўйилмаганлигини" таъкидлади:

"Сизга шикоят қилган бузғунчиларнинг ҳаммасини ғалла ери бор. Ҳозир бировнинг ерини оладиган замон эмас” .

Шу билан бирга мулозим 2019 йил 27 декабрида «MT Amir tex» ҚК МЧЖ томонидан туман ҳудудида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш кластер шаклини жорий қилишни ташкил қилиш тўғрисида ўша вақтдаги хоким Ғайрат Жовлиев имзоси билан қарор қабул қилинганини билдирди.

Мулозим қарорда "фермерларнинг ғалла ерлари кластерга берилсин", деган аниқлама йўқлигини айтди.

Ерни олиб қўйишга ҳуқуқий асос борми?

Озодлик гаплашган бу икки мулозим ҳам нега «MT Amir tex» кластери ўзига пахта экиладиган ерлардан ажратилган 9000 гектар устига қўшимча ғалла еларини ҳам олиб қўяëтганига ҳуқуқий асос топиб бера олмади.

Муборак туманининг янги сайланган ҳокими Улуғбек Эрназаров ҳамда туман прокурори ғалла ери олиб қўйилган фермерлар билан жорий йил август охирида учрашган эди. (Бу учрашувга оид видеотасвирларни Озодлик мухбири кўрди)

Бу учрашувда қатнашган “О. О. Т” фермер хўжалиги раҳбари Озодлик билан суҳбатда қайси қонуний асосида фермерлар ери олиб қўйилганига раҳбарлар жавоб бера олмаганлигини айтди:

“Қайси шароитда фермерни ери олиб қўйилади деб сўрадим. Ердан нефт¸ газ каби фаойдали қазилма чиқса¸ хавфсизлик билан боғлиқ фавқуллода холларда олиб қўйилади дейишди. Мен қайта савол бериб “фермерни ерини кластерга олиб бериш” борми қонунда деб сўрадим. Раҳбар бўлса қўлини тепага қаратиб бу президентнинг сиëсати деди. Нима президент қонундан баландми?”

Суҳбатдош норози фермерлар шикояти акс этган видеотасвирларни Озодликка тақдим қилди.

Қашқадарë
Қашқадарë

Видеотасвирда далада турган 20 дан зиëд фермер олдида гапирган эркак киши Муборак тумани “Сардоба” МФЙдаги 60 фермер хўжалигида банд бўўган 400 дан зиëд одам ерлари олиб қўйилгани оқибатида ишсиз қолганидан шикоят қилади.

Муборакдаги кластер офиси
Муборакдаги кластер офиси

Кластерчининг ҳам боши ғалвада

Озодлик «MT Amir tex» ҚК МЧЖ раҳбари, Туркия ватандоши Медҳат Демирнинг вакили Арслонбек билан боғланди. Вакил Медхат Демир ҳеч кимнинг ғалла ерини олиб қўймагани ва Демирнинг "ўзи ҳам ер тақсимоти билан боғлиқ маҳаллий ҳамкорлар товламачилиги ва тахдиди қурбони бўлганлигини" айтди.

Кластер раҳбари Медҳат Демир
Кластер раҳбари Медҳат Демир

Арслонбекнинг айтишича¸ Медҳат Демир бу товламачилик схемалари ва таҳдидлар ҳақида ҳуқуқ-тартибот органларига шикоят қилган.

Медҳат Демирнинг маҳаллий ҳамкорлар товламачилиги ва тахдидидан шикоят қилгани ëзилган видеотасма Озодликда бор.

Видеотасмада турк сармоядори маҳаллий ҳамкор ва мулозимлар уни ғалла ерлари билан боғлиқ жанжал ичига атай тиққани ва прокурор билан қўрқитиб кластерга оид маблағлар ҳамкорлар тарафидан мақсадсиз сарфлагани иддао қилинади.

Муборакда фермерлар ва маҳаллий ҳокимлик вакиллари ўртасида зиддият анчадан бери давом этиб келгани айтилади. Муборак туман собиқ ҳокими Ғайрат Жовлиев фермерлар билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг қарорини бажармагани ортидан ишдан бўшатилган эди.

XS
SM
MD
LG