Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:05

Пандемия бизнеси – Хитой кислород концентраторлари “Фарғонада ишлаб чиқарилди” деб тақдим этилди


Фарғона вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати бу кислород концентраторларининг "Қўқон" эркин иқтисодий зонасида ишлаб чиқарила бошланганини иддао қилди.
Фарғона вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати бу кислород концентраторларининг "Қўқон" эркин иқтисодий зонасида ишлаб чиқарила бошланганини иддао қилди.

15 сентябрь куни Фарғона вилоят ҳокимлиги расмий сайтида “ФАРҒОНАДА КИСЛОРОД КОНЦЕНТРАТОРИ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛМОҚДА»¸ деган суратли хабар эълон қилинди.

Муаллифи "Фарғона вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати" деб ëзилган расмий хабарга кўра¸ “Қўқон” эркин иқтисодий зонасининг 3-цехида пандемия даврида ҳаëт-мамот масаласига айланган кислород концентраторлари ишлаб чиқариш бошланган.

Бу жараëндан бевосита хабардор маҳаллий мулозим ва тадбиркорларнинг Озодликка айтишича¸ аслида расмий хабарда сурати қўйилган концентраторлар Хитойдан тайëр ҳолда олиб келиниб¸ асл ишлаб чиқарувчи бренд номи устига “Great Kokand” деган ëрлиқ ëпиштирилган, холос.

Озодлик бу хабарни ўрганиш давомида кўриниши “Great Kokand” ëрлиғи босилган кислород концентраторларига айни бўлган Хитой маҳсулотини топишга муваффақ бўлди. Хитой ширкати "Фарғонада ишлаб чиқарилган концентраторлар"нинг устига бошқа бренд номи ëпиштирилган ўз маҳсулоти эканини тасдиқлади.

“Қўқон” ЭИЗ маъмуриятининг Озодлик гаплашган мулозими ҳам расмий хабарда “маҳаллий маҳсулот” деб тақдим этилган кислород концентраторларининг тайëр ҳолда Хитойдан олиб келинганини эътироф этди.

Фарғонада кислород концентраторлари ишлаб чиқарилмоқда¸ деб хабар берган Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидов эса Озодликнинг бу ҳақдаги ëзма саволига "Раддия" билан жавоб қайтарди.

Коронавирус пандемияси ортидан ўзбекистонликлар кундалик ҳаëтига кириб келган тиббий жиҳозлардан бири кислород концентратори бўлди.

Авваллари номини ҳам кўпчилик билмаган бу тиббий қурилма ҳаводан кислород молекулаларини ажратиб олиб, нафас олишга қийналаëтган беморга тоза кислород етказиб беради.

Коронавирусга чалиниб¸ қондаги кислород сатурацияси пасайган беморлар учун концентрланган кислороддан нафас олиш ҳаëт-мамот масаласига айланди.

Пандемия иқтисодининг "катта тантана"си

Ўзбекистонда коронавирус юқтирган беморлар сони ортиши билан бу қурилмага нисбатан талаб ҳам ошди ва бозор дарров пандемия билан кириб келган бу талабни қондиришга киришди.

Хитойда ўртача 150-200 долларга сотилаëтган бу кўчма қурилмалар¸ пандемия бошида Ўзбекистонда 1000 долларгача сотилди. Бугунга келиб фақат хориждан импорт қилинаëтган бу жиҳоз нархи 400-500 долларгача тушди. Бу қурилмаларни сотиб олиб¸ уларни ижарага бериш орқали даромад қилувчилар пайдо бўлди.

Фарғонада кислород концентратори ишлаб чиқарилмоқда” деб номланган расмий хабар¸ сарлавҳадан англанишича¸ концентраторларни Ўзбекистонда биринчи бўлиб ишлаб чиқариш "Қўқон" эркин иқтисодий зонасида бошланганини иддао қилади.

Ахборот хизмати томонидан тақдим этилган хабарда¸ бу лойиҳа бевосита вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевга боғланган.

Фарғона вилояти ҳокимининг ташаббуси билан “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида кислород концентраторини ишлаб чиқариш лойиҳасини имкон қадар тезроқ амалга оширишга киришилди. Бу масъулиятли лойиҳа ишлари тадбиркор Шавкатжон Ҳамзаев таъсисчиси бўлган “Грейт Қўқон” МЧЖ томонидан олиб борилди.

Умумий қиймати 300 минг АҚШ долларини ташкил этадиган корхонанинг фойдаланишга топширилиши катта тантанага айланди”. (расмий хабардан иқтибос тугади -таҳр.)

Хабарга “катта тантана”га айланган жараëндан олинган суратлар ҳам илова қилинган.

Уларда бўм-бўш хонага ўрнатилган узун стол ва унинг устига териб чиқилган тайëр кислород концентраторлари кўринади.

Шунингдек суратларда¸ бир хил иш кийими кийган 10 нафар ëш йигитнинг гўë бу қурилмани йиғаëтгандек¸ орқа панели очилган кислород концентраторлари олдида турганини кўриш мумкин.

«Мазкур корхонада йилига 30 000 дона кислород концентратори ишлаб чиқарилади. Шу билан бирга, 20 та янги иш ўринлари яратилди”¸ деб тугайди Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати ëзган расмий хабар.

Айни пайтда¸ 20 та ишчининг йилига 30 минг дона концентратор ишлаб чиқиш у ëқда турсин¸ уни йиғишига имкон берувчи бирор технология борлиги суратларда акс этмаган.

Жараëн гувоҳлари: Бу хабар Шуҳрат Ғаниевдан Мирзиëевга аталган навбатдаги “эртак”

Озодликка боғланган маҳаллий мулозим ва тадбиркор¸ Фарғонада кислород концентратори ишлаб чиқариш цехининг “катта тантана” билан иш бошлагани ҳақидаги хабарни “300 минг долларлик спектакль” деб атади.

Озодлик билан шахси очиқланмаслигини сўраб гаплашган маҳаллий мулозим¸ бу ëлғонни фош қилиш учун расмий хабарга илова қилинган суратларга қарашнинг ўзиëқ кифоя эканини таъкидлади.

Суратлардан очиқчасига кўриниб турибдики¸ бу ер ишлаб чиқариш эмас¸ йиғиш цехи. Яна бир муҳим нарса цех ичкарисида бирон-бир ортиқча бутловчи қисм йўқ. Одатда ишлаб чиқариш линиясида кўплаб бутловчи қисмлар туради¸ ишчилар улардан кераклигини олиб маҳсулотни йиғишади.

Бу ерда одатда Хитойдан келадиган тайёр ускуна қутиси ва уни зарар етишдан сақлайдиган қадоқ¸ халқ тилида пук деб аталадиган нарса ҳам турибди. Бу тайëр концентраторнинг шу ернинг ўзида коробкадан чиқарилгани исботидир.

Яна ишлаб чиқарилиши даъво қилинаётган кислород концентраторининг бир нечаси ярим сочилган ҳолатда эҳтиëт қисмлари устига рангли қоғоз ëпиштирилган ҳолатда турганини кўришимиз мумкин.

Бу рангли қоғозлар нимага ëпиштирилган¸ дерсиз? Бу қайси запчастнинг қаердан ечиб олинганини адаштириб қўймаслик учун қилинган иш. Расмдаги йигитлар ишлаб чиқарувчи бўлмаганидан сўнг¸ қайси қисмнинг қаерга қўйилишини билмайдида!” деди бу суратлардаги асл манзарадан яхши хабардор маҳаллий мулозим.

Ахборот хизмати Озодликка "Раддия" берди

Озодлик маҳаллий мулозим ва тадбиркордан келган бу маълумотга изоҳ беришни сўраб Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидовга мурожаат қилди.

Расмий хабарда "Фарғонада ишлаб чиқарилгани" иддао қилинган кислород концентраторларининг 100 фоиз тайëр ҳолда Хитойдан олиб келингани ҳақидаги хабарни Обидов мутлақ инкор қилишга уринди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати Озодликка юборган "Раддия"

Айни пайтда¸ Озодликка юборилган ëзма "Раддия"да расмий хабарда тилга олинмаган маълумот - ишлаб чиқариш учун зарур бўлган 40 фоиз бутловчи қисмларнинг Хитойдан олиб келинаëтгани эътироф этилган.

"Мазкур “Кислород концентратори” ни ишлаб чиқариш жараёнида
“Грейт Қўқон” МЧЖ корхонаси ва “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ўртасида келишувлар имзоланган. Келишувга асосан “Кислород концентратори” ишлаб чиқаришда концентраторнинг 40 фоиз қисми (кислородни ажратувчи филтрлар, сенсорли бошқарув тизими ва компрессор) Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмаганлиги сабабли Хитой Халқ Республикасидан импорт қилиб олиб келинмоқда. Шу билан бирга концентраторнинг 60 фоиз қисми ( корпуслар, турли ўлчамдаги электр узатиш кабеллари, хаво узатувчи шланглар, ўчириб ёқиш қурилмалари, сув қуйиш идиши ва турли ўлчамдаги болт ва шруплар, қадоқлаш қутиси ва пена) кооперация усулида Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариш корхоналаридан сотиб олиб йиғилмоқда"¸ дейилади Озодликка юборилган "Раддия"да.

Расмий жавоб охирига бориб¸ "Фарғона концентраторлари"ни ишлаб чиқаришда гўëки ҳамкорлик қилаëтган Хитой компанияси номи ҳам тилга олинади.

"Юқоридаги сабабларга кўра биз “Кислород концентратори”ни Хитой Халқ Республикасидан тўлиқ сотиб олиб келинганлигини инкор этамиз, балки Хитой Халқ Республикасининг “MIC Mediсal Co.Ltd” компанияси ва “Грейт Қўқон” МЧЖ корхоналари ўртасида ўзаро хамкорлик шартномалари ва келишувлар асосида ишлаб чиқарилаётганлигини маълум қиламиз". (иқтибос тугади - таҳр.)

Бу "Раддия" ортидан Озодлик номи тилга олинган Хитой компаниясини топиб¸ улардан изоҳ олишга уринди. Аммо очиқ манбалар¸ хусусан¸ Хитой компаниялари регистрациясига оид порталларда бундай компания мавжудлигига оид бирор маълумот топилмади.

Ўзбекистон билан ҳамкорлик келишуви имзолаган¸ демакки халқаро майдонга чиққан бу номдаги Хитой компаниясининг виртуал ҳудудда нега ҳеч қандай изи йўқлиги - унинг на расмий сайти¸ на савдога қўйилган маҳсулотлари реестри йўқлигига оид ҳозирча Озодликда изоҳ йўқ.

“Great Kokand”(Буюк Қўқон) ëрлиғи ëпиштирилган маҳсулотнинг асл ишлаб чиқарувчиси ким?

Озодлик Фарғонада ишлаб чиқарилгани иддао қилинган “Great Kokand” кислород концентраторларининг асл ишлаб чиқарувчисини¸ бу жараëндан яхши хабардор тадбиркор тавсияси билан¸ Хитойдан излади.

Суратдаги кўриниши “Great Kokand” ëрлиғи босилиб¸ Фарғонада ишлаб чиқарилгани тантанали хабар қилинган кислород концентраторига айни бўлган маҳсулотни виртуал бозордан топиш қийин бўлмади.

Яқинда ўзи ҳам Хитойдан айни концентраторларни олиб келишга уринган ўзбекистонлик тадбиркорга кўра¸ асл ишлаб чиқарувчи Пекинда жойлашган Beijing Shenlu Medical Device Co., Ltd компаниясидир.

Бу компания ишлаб чиқараëтган кислород концентраторларининг суратдаги кўриниши¸ Фарғона вилоят ҳокимлиги қўйган суратлардаги маҳсулот билан бир хил. Ягона фарқ – Хитой маҳсулоти устига Shenlu бренд номи ва логоси қўйилган бўлса¸ “Фарғона” маҳсулотининг айнан ўша жойига “Great Kokand” ëрлиғи ëпиштирилган.

Айни компания билан эҳтимолий харидор сифатида сўзлашув олиб борган тадбиркорнинг Озодликка айтишича¸ Хитойдаги ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотининг бошқа бренд номи билан сотилишига мутлақ қарши эмас.

Хитой ишлаб чиқарувчиси ўз маҳсулотини цех фонида суратга олиб¸ эҳтимолий харидорга тақдим этди.
Хитой ишлаб чиқарувчиси ўз маҳсулотини цех фонида суратга олиб¸ эҳтимолий харидорга тақдим этди.

Маҳсулот нархи нечта олишга боғлиқ. Минг донадан кам олсангиз 255 доллар¸ у ëғи қанча кўп олсангиз¸ шунча арзонлашиб бораверади. Менимча булар¸ кўпи билан 200 доллардан олган. Хитойликлар менга ҳам машина устига компаниянгиз номини ҳам ëпиштириб берамиз¸ деди. Бу ҳам маҳсулот нархига қўшилган”¸ деди Хитой компанияси билан ëзишмаларини Озодликка тақдим қилган тадбиркор.

Бу тадбиркор Озодлик сўрови билан Хитой компанияси вакилига "Фарғонада ишлаб чиқарилган"и иддао қилинган кислород концентраторлари суратини юбориб¸ маҳсулот уларники эканига аниқлик киритишни сўради.

Ўз тайëр маҳсулоти суратини ишлаб чиқариш цехи фонида юборган Beijing Shenlu Medical Device Co., Ltd компанияси жавоби қуйидагича бўлди:

"Расмлардаги маҳсулот бизники. Фақат ребренд (бошқа бренд номи ëпиштирилган -таҳр.) қилинган.Биз маҳсулотимизни исталган логони ëпиштириб сотаверамиз¸ но проблем!"

“Қўқон” эркин иқтсодий зонаси маъмуриятининг Озодлик гаплашган расмийси ҳам¸ Фарғона вилоят ҳокимлиги айни зонада ишлаб чиқарилмоқда¸ деб тақдим этган суратлардаги маҳсулотнинг Хитойдан олиб келинганини инкор қилмади.

Ҳали ишлаб чиқариш бошлангани йўқ. Расмларда кўрган концентраторларингизнинг ҳаммаси импорт. Келажакда 40 қа 60 нисбатда маҳаллийлаштириш режамиз бор. Бутловчи қисмларни ўзимизда ишлаб чиқарадиганларни топишга ҳаракат қиламиз”¸ деди “ишлаб чиқариш цехи” жойлашган “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси расмийси.

Айни пайтда бу суҳбатдош¸ Фарғона вилоят ҳокимлиги Хитойдан тайëр ҳолда коробкаларда келган (тепадаги суратлар бундан гувоҳлик беради - таҳр.) кислород концентраторларини нима учун "Фарғонада ишлаб чиқарилди" деб тақдим этганига изоҳ бера олмади.

“Фарғонача шоу” кимга¸ нима учун хизмат қилади?

Озодликнинг бу саволига жавоб берган фарғоналик мулозим ва тадбиркор¸ бу савол ортида «маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқариш» деб иддао қилинадиган жараëнга оид қаватма-қават схемалар ëтганини билдирди.

«Пандемия бошланиб¸ тадбиркорлар Хитойдан зудлик билан кислород концентраторлари олиб келишга киришди. Қарашсаки¸ бозори чаққон. Тепадагилар дарров буни монополлаштириш ҳаракатини бошлади. Пандемия даврида зарур тиббий жиҳозлар импорт божидан озод қилинганига қарамай¸ улар концентраторларга 20 фоизлик ҚҚС қўшишди. Хитойдан арзонга келаëтган қурилма нархи сунъий равишда кўтарилди. Импортчилар роса шикоят қилди¸ лекин биров эшитгани йўқ - ҚҚС бекор қилинмади. Бозорбоп маҳсулотни Ўзбекистонга олиб кириш ҳаммагамас! Даромад қилиш мумкин бўлган ҳар қандай олди-берди билан фақат ҳокимларга қарашли¸ ëки улар ҳимоясидаги МЧЖлар шуғулланиши керак. Ëзилмаган қонун шунақа! "¸ деди Озодлик гаплашган тадбиркорлардан бири.

Озодлик гаплашган яна бир тадбиркор¸ Хитойдан маҳаллий бренд номи ëпиштирилган ҳолда тайëр келаëтган маҳсулотни маҳаллий маҳсулот деб тақдим этиш амалиëти кўпдан мавжудлиги¸ аммо Мирзиëев даврида қабул қилинган кўплаб қарорлар бундай кўзбўямачилик кўламини кескин ошириб юборганини таъкидлади.

"Маҳаллий ишлаб чиқарувчи" дейилаëтган компанияларга беҳисоб имтиëз берилган - уларга энг арзон кредит¸текин ер берилган¸ улар нима олиб кирса¸ бож ва солиқлардан озод. Йиллар давомида ҳар қандай солиқлардан озод. Хитойдан таппа-тайëр олиб келинаëтган маҳсулотлар¸ божхонада маҳаллий ишлаб чиқарувчига зарур бутловчи қисм деб расмийлаштирилади. Давлатга бир тийин бож ëки солиқ тушмайди. Маҳаллий товар дейиш учун камида 60 га 40¸ яъни ишлаб чиқариш учун зарур маҳсулотнинг 60 фоизи Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бўлиши керак. Қоғозда бор¸ амалда йўқ маҳаллий ширкатлар билан сохта келишувлар қилиб¸ ана шу 60 га 40 талабга тўғрилашади¸ бўлди".

Бевосита Фарғонада Ўзбекистонда биринчи бўлиб кислород концентраторлари ишлаб чиқариш бошлангани ҳақидаги иддаони изоҳлаган Озодлик суҳбатдошлари¸ бунинг асосий сабабини президент ўтган ой имзолаган қарордан излашни айтди.

Президент Мирзиëев 24 август куни чиқарган "Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорга кўра¸2020 йил 1 ноябридан давлат улуши бўлган компанияларнинг барчаси ўзи учун зарур маҳсулот Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаëтган бўлса¸ уни маҳаллий ишлаб чиқарувчидан сотиб олиши шарт.

Бу қарор чет элдан айни турдаги арзон ва сифатли маҳсулотни танлаш имкони борлигига қарамай¸ айни товарни маҳаллий компания ишлаб чиқараëтган бўлса¸ уни маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаш иддаоси билан бир неча баравар қимматига олишга рухсат беради.

"Хитойдан олиб келинган кислород концентраторларини "Фарғонада ишлаб чиқарилди" деб сотиш бу бозор¸ биринчи галда эса¸ давлат буюртмаларини монополлаштиришни билдиради. Эндиликда Ўзбекистондаги касалахоналарнинг ҳаммаси ëппасига Ғаниевнинг маҳсулотини ғиринг демай олиши шарт. "Great Kokand" айтган нархини қўяди¸ чунки унга ҳозирча "маҳаллий рақобатчи" йўқ"¸ дейди Ўзбекистонга кислород концентраторлари олиб кириш уриниши муваффақиятсиз тугаган тадбиркор.

Хитойдан келган "Great Kokand" концентраторлари касалхоналарга сотилади

Фарғоналик маҳаллий мулозимнинг Озодликка айтишича¸ ҳозирда вилоят касалхоналарига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилди¸ деган сохта ҳужжат ва лого билан Хитойдан тайëр ҳолда келган концентраторларни сотиш бошланган.

"Ҳоким Ғаниев буйруғи билан Тиббиëт бирлашмаси буларни олишга мажбур. Хитойда арзон бўлган бу машинанинг давлат касалхоналарига қанчадан сотилаëтганини сир тутишади. Камида 300 долларга ўтказаëтганлари аниқ. Ўртадаги фарқдан қанча даромад қилишларини ҳисоблаб олаверинг!”

Озодлик Фарғонада ишлаб чиқарилгани иддао қилинган концентраторларнинг аслида Хитойдан келган импорт маҳсулот эканини тасдиқлаган “Қўқон” ЭИЗ вакилидан¸ уларнинг қаерда¸ қанчадан сотилаëтганини ҳам сўради.

Ҳоким Ғаниев топшириғи билан бу концентраторлар биринчи бўлиб вилоят Тиббиëт бирлашмасига берилади. Сони кўпайгандан кейин¸ дўконларга ҳам чиқарилади. Бирламчи нархи¸ адашмасам¸ 290 доллар. Лекин больницаларга қанчадан берилишини биз билмаймиз”¸ деди ЭИЗ вакили.

Фарғона вилоят Тиббиëт бошқармасининг Озодлик боғланган мулозими¸ маҳаллий деб тақдим этилган кислород концентраторларидан камида 1000 донаси вилоят касалхоналаридаги COVID-19 беморлари учун сотиб олинишини тасдиқлади.

Ҳали бирорта бундай маҳсулот олинмаганини айтган бу мулозим ҳам¸ “маҳаллий ишлаб чиқарувчи” деб иддао қилинаëтган “Great Kokand” МЧЖсидан бу концентраторларнинг қанчага олинишига аниқ жавоб бермади.

Тиббиëт бирлашмасининг Озодлик боғланган бошқа бир мулозими¸ бундай харид ҳақидаги буйруққа шахсан ҳоким Ғаниевнинг ўзи қўл қўйиши ва давлат бюджетидан қанча пул ўтказилиши “сир тутилиши”ни билдирди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги расмий сайтидаги хабарда "вилоят ҳокимининг ўринбосари М.Абдураҳмонов бугунги кунда талаби юқори бўлган мазкур тиббий жиҳознинг ишлаб чиқарилиши, аввало, вилоятимиз ва республика тиббиёт муассасаларини кислород концентратори билан тўлиқ таъминлаш имконини беришини" таъкидлагани ëзилган.

Бундан эса¸ президент қароридаги давлат буюртмаларини фақат маҳаллий ишлаб чиқарувчидан сотиб олиш талаби кучга кирадиган 1 ноябрдан бошлаб "Great Kokand" логоси ëпиштирилган Хитой кислород концентраторларининг бутун Ўзбекистон касалхоналарини тўлдира бошлашини кутиш мумкин.

XS
SM
MD
LG