Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:08

Навальний соғлиғи қандай тикланаётгани ҳақида ёзди


Алексей Навальний (Instagram)
Алексей Навальний (Instagram)

Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний ижтимоий тармоқларда «Новичок» билан заҳарланганидан бери соғлиғи қандай тикланаётгани ҳақида ёзди.

Мухолифатчи 19 сентябрь куни ўз Instagram саҳифасида «Бу яқин бўлмаса-да, ойдин йўл», деб пост қолдирди.

Навальний ўз постига Берлин шифохонаси зинасидан тушиб бораётгани акс этган суратини илова қилди.

Мухолифатчи ҳануз зинада юришга қийналаётгани ҳақида ёзди:

«Энди мен зинапоядан кўтарилаётганда оёқлари қалтирайдиган йигитман, лекин “О, бу зинапоя-ку! Унда одамлар кўтарилади. Эҳтимол, лифт қидиришим керак”, деб ўйлашга қодирман».

Мухолифатчи яқиндагина зинапояни кўрганида «аҳмоққа ўхшаб унга қараб тураверардим», дея қўшимча қилди.

Навальний, шунингдек, Берлиндаги «Шарите» шифохонасида сунъий комадан кейин ўзига келганида нималарни ҳис қилганини баён қилди.

Мухолифатчи ўзига келганидан кейин, аввалига одамларни танимагани ва қандай сўзлашиш кераклигини англай олмаганини билдирди:

«Ҳар куни эрталаб шифокор олдимга келиб: “Алексей, мен ёзиш тахтачасини олиб келдим. Келинг, унга қандай сўз ёзиш ҳақида ўйлаб кўрамиз”, дерди. Бу мени умидсизликка туширарди, чунки умуман олганда шифокор нимани хоҳлаганини тушунган бўлсам ҳам, сўзларни қаердан олишни тушуна олмасдим. Улар бошнинг қаерида пайдо бўлади? Сўзни қаердан топиш мумкин ва унга қандай қилиб маъно бағишлаш мумкин? Буларнинг барчаси умуман тушунарсиз эди. Камига, мен аҳволимни қандай ифода этишни билмасдим ва шунинг учун шунчаки сукут сақлардим».

44 ёшли Навальний 20 август куни Россиянинг Томск шаҳридан Москвага қайтаётганида комага тушиб қолган ва 22 августда аёли қистови билан Берлиндаги «Шарите» касалхонасига олиб келинган эди.

Берлиндаги шифокорлар 7 сентябрь куни Навальний аҳволи анча яхшиланганини айтиб, уни сунъий комадан чиқаришди.

Аммо шифокорларга кўра, заҳар унинг соғлиғига қандай доимий таъсир кўрсатгани ҳозирча номаълум.

Германия расмийлари уч мамлакатда ўтказилган синовлар Навальний совет даврида ишлаб чиқилган «Новичок» моддаси билан заҳарланганини билдирдилар.

Шу сабабдан ғарб давлатлари ҳукуматлари Россияни бу ҳолатни изоҳлашга ва заҳарлаш инцидентини тезкорлик билан тергов қилишга чорламоқда.

19 сентябрь куни Россия терговчилари жиноят ишини қўзғаш учун асос бўла оладиган ҳеч қандай далил топилмаганини билдилар.

Аммо Навальний жамоаси унинг Томск шаҳридаги меҳмонхона номеридан олинган сув идишида ҳам заҳар излари топилганини маълум қилдилар. Идиш Навальний билан бирга Германияга олиб кетилган.

18 сентябрь куни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков бу иддаони «абсурд» деб атади.

XS
SM
MD
LG