Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:23

Андижонда портлаш: Жаҳонгир Ортиқхўжаев бренди билан 3,5 миллион хонадонга мажбуран ўрнатилаëтган газ ҳисоблагич хавфсизлиги савол остида


Андижонда ўрнатилганидан 2 соатча ўтиб-ўтмай портлаган газ ҳисоблагичи Osten брендидаги қурилмадир.
Андижонда ўрнатилганидан 2 соатча ўтиб-ўтмай портлаган газ ҳисоблагичи Osten брендидаги қурилмадир.

24 сентябрь куни Андижон шаҳрининг "Шимолий кичик даҳа" кичик ноҳиясидаги 77-уй 15-хонадонда "ақлли" газ ҳисоблагичи ўрнатилгандан 2,5 соат ўтиб, портлаб кетди.

Воқеа гувоҳларининг ëзишича¸ портлаш оқибатида¸ бахтли тасодиф туфайли¸ ҳеч кимга зиëн етмаган.

Бу газ ҳисоблагични ўрнатишга масъул давлатга қарашли “Ҳудудгазтаъминот” АЖ 25 сентябрь куни портлаш сабабларини ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳи тузилганини маълум қилди.

Айни пайтда давлат компанияси ишчи гуруҳ хулосасини кутиб ўтирмай¸ газ ҳисоблагичда айб йўқлиги¸ портлаш учун “газ тармоқлари ва қурилмаларидан нотўғри фойдаланган” истеъмолчи айбдорлигини иддао қилди.

Андижондаги портлаш

Андижон шаҳридаги хонадонда янги газ ҳисоблагич портлагани ҳақидаги хабар 24 сентябрь куни Facebook ижтимоий тармоғидаги водийликлар гуруҳида пайдо бўлди.

"Бу "Технопарк" МЧЖнинг "ақлли" газ ҳисоблагичи. Ўрнатилгандан 2,5 соат ўтгач портлади. Яхшиямки ҳеч ким зарар кўрмаган. Агар портлаш натижасида парча кўзга тушганда-чи? Агар газ сизиши сабабли катта портлаш юз берганда-чи?"деб ëзди воқеа ҳақида хабар берган бирламчи манба.

Портлаш ҳақидаги хабарга¸ газ ҳисоблагич ўрнатилган ошхона¸ қолаверса¸ бутун квартирада юзага чиққан манзара суратлари илова қилинди.

Суратлардан газ ҳисоблагичнинг холодильник¸ кир ювиш машинаси¸ газ плитаси ва микротўлқинли печка турган кичик ошхона деворига ўрнатилгани кўрилади.

Расмлардан бирида¸газ ҳисоблагичнинг портлаш зарбидан учиб кетган Osten бренд номи ëзилган қисми ҳам кўринади.

“Ҳудудтаъминотгаз” Osten ҳимоясида...

Портлаш ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамага сабаб бўлиши ортидан ”Ҳудудтаъминотгаз” матбуот хизмати баëнот чиқарди.

Расмий хабарда “газ тармоқлари ва қурилмаларидан нотўғри фойдаланиш натижасида, фавқулодда техноген ҳодиса рўй бергани¸ дастлабки талқинга кўра, ўлчаш мосламасининг ичида газ-ҳаво аралашмасидан чақнаш пайдо бўлиши, уни ишдан чиқишига олиб келгани” билдирилди.

Воқеа тафсилотларини ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳ ташкил этилгани айтилсада¸ “Ҳудудтаъминотгаз” портлаш учун дарҳол хонадон эгалари ва қўшниларни айбдорга чиқарди.

Газ ускуналари ва газ тармоғи ичидаги газ-ҳаво аралашмасининг пайдо бўлишининг асосий сабабларидан бири, бу газ ҳисоблагич ўрнатилишидан аввал, хусусан, қўшни хонадонлардаги газ тармоқлари учун мўлжалланмаган резина шлангни улаш натижасида (учта хонадонда мавжудлиги аниқланди) газ қувурига атмосфера ҳавосининг киришидир”¸ дейилади “Ҳудудтаъминотгаз” АЖ расмий баëнотида.

Газ ҳисоблагичларни ўрнатаëтган “Ҳудудгазтаъминот” матбуот хизмати ишчи гуруҳи хулосасини ҳам кутмасдан:

Ҳисоблагич тармоқдаги юқори босимдан ишдан чиққан деган талқин ҳақиқатга мос келмайди”¸ деган қатъий баëнот қилди.

Тармоқдаги эътирозлар

Давлат компаниясининг истеъмолчи эмас¸ газ ҳисоблагич ишлаб чиқарувчиси ҳимоясига чиққани ижтимоий тармоқдаги ўзбекистонликлар эътирозига учрамай қолмади.

Фақат -газ босими ўзгариш оқибатида, хонадон эгасининг нотўғри газдан фойдаланиши оқибатида сўзларидан фойдаланмай¸ ҳисоблагич ҳақида ҳам аниқлик киритилган лаборатория хулосаларини олиб танишарсиз. Ҳаммамиз ҳам оиламиз хавфсизлиги тарафдоримиз”¸ деб муносабат билдирди Андижон “Ҳудудгаз”и берган баëнотга Facebook фойдаланувчиларидан бири.

Қизғин муҳокамаларда ҳукумат қарори билан мажбуран Osten брендидаги газ ҳисоблагичга ўтказилаëтган истеъмолчилар¸ бу лойиҳа ижрочиларини "давлатни соғиш ва халқни қийнаш" да айблади¸ ишлаб чиқарувчи (“Технопарк” МЧЖ) ни ҳам¸ уни ўрнатаëтган(“Ҳудудгазтаъминот” АЖ)ни ҳам судга тортиш талабини ўртага қўйди.

Айни пайтда¸расмийларнинг газ ҳисоблагич ҳимоясига шошилгани ижтимоий тармоқда ҳажв қилинмоқда.

Хусусан¸ Ўзбекистонда “ақлли” газ ва электр ҳисоблагичларга ўтказиш жараëнига оид янгиликларни тарқатаëтган Телеграм каналларида бу мавзудаги сатира ва мемлар тарқади.

“Биз кутгандик¸ биз билгандик”....

25 сентябрь куни Озодлик гаплашган газ соҳаси мутахассислари Андижондаги портлашнинг лойиҳа бошиданоқ "кутилган воқеа" эканини билдирди.

Жамоатчиликка Озодлик ўтказган суриштирувдаги айрим муҳим фактларни яна бир бор эслатиш керак. Газ ҳисоблагичлар бўйича ҳукумат тендери 2020 йил 17 февралида эълон қилинган. Бу тендер эълон қилингач¸ “Технопарк” Osten брендини сертификатлаштирган. Тендер эълон килинган сана ва “Технопарк” сертификат олган санасини бир солиштиринг!

"Технопарк" МЧЖ Osten брендида газ ҳисоблагич ишлаб чиқарувчи сифатида давлат реестрига тендер эълон қилинганидан 10 кун ўтиб киритилган.
"Технопарк" МЧЖ Osten брендида газ ҳисоблагич ишлаб чиқарувчи сифатида давлат реестрига тендер эълон қилинганидан 10 кун ўтиб киритилган.

Тендер ҳужжатида “маҳсулот сифатига қўйиладиган талаблар”деган жой бор эди. 3¸5 миллион дона буюртма бериладиган электрон прибор сифатини 3 кунда аниқлаш мумкинми? Ҳар бир ўзбекистонлик уйига ўрнатиладиган газ ҳисоблагични ўтмишда бирорта бундай қалтис қурилма ишлаб чиқармаган корхонага бериш мумкинми?”

“Технопарк” орқасига яширинган Osten. Униси ҳам¸ буниси ҳам Жаҳонгир Ортиқхўжаевники!

Андижондаги хонадонда портлаган “ақлли газ ҳисоблагич” ишлаб чиқарувчиси “Технопарк” МЧЖ.

Бу МЧЖнинг қоғоздаги эгаси¸Озодликдаги ҳужжатларга кўра¸ Тошкент шаҳар ҳокимлиги.

Портлаган газ ҳисоблагич бренди Osten.

Бу бренднинг 100 фоиз эгаси J-United Group. J-United Group ҳолдингининг 100 фоизлик эгаси эса¸ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевдир.

Ўзбекистон президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг асосан махфий¸ ëки жамоатчиликка очиқланмаган қарорлари билан жами қиймати 555 миллион долларлик “ақлли газ ҳисоблагич”га ўтиш лойиҳаси жорий йил апрель ойида Жаҳонгир Ортиқхўжаевга оид тизимларга берилди.

“Ҳудудгазтаъминот” давлат компанияси Ортиқхўжаев бренди билан ўрнатилаëтган 3¸5 миллиондан ошиқ газ ҳисоблагич пулини Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси имтиëзли кредити¸ хорижий молия тизимларидан давлат кафолати билан олинадиган қарзлар ҳисобидан тўлайди.

Бу пулларни қайтариш эса¸ охир-оқибат солиқ тўловчи елкасига тушади - янги газ ҳисоблагичнинг пули истеъмол қилинадиган ҳар бир куб метр газ устига қўшиладиган 17 сўмлик устама орқали халқдан ошиғи билан чиқариб олинади. Инфляция даражасига қараб индексация қилинадиган бу устама қиймати ҳар йили ошиб боради.

Жорий йил май ойида Озодлик Ўзбекистондаги табиий газ истеъмолчиларини ëппасига Osten газ ҳисоблагичига ўтказиш жараëнининг махфийлик¸ манфаатлар тўқнашуви ва коррупция фонида амалга оширилаëтганига оид журналистик суриштирувни эълон қилган эди.

Суриштирув давомида Озодлик гаплашган газ соҳаси мутахассислари¸ “Технопарк” 2020 йил февралидан ишлаб чиқаришни бошлаган Osten газ ҳисоблагичлари синовдан ўтмагани истеъмолчилар ҳаëти ва хавфсизлигига жиддий таҳдид бўлишидан огоҳлантирган эди.

Эртага¸ узоқ муддати синовдан ўтмаган ва асосан Хитойдан олиб келинган бутловчи қисмлардан тайëрланаëтган бу ҳисоблагичлар билан боғлиқ фалокатлар рўй берса¸ ким жавоб беради¸товонини ким тўлайди?”¸ деган эди май ойида Озодлик гаплашган мутахассислардан бири.

Андижондаги портлаш ортидан Озодлик қайта боғланган бу мутахассис¸ "қонунда талаб қилинган сифат стандартларига жавоб бермайдиган¸ узоқ муддатли техник синовдан ўтказилмаган" бу газ ҳисоблагичлар билан боғлиқ ҳақиқий муаммонинг қиш мавсумида бошланишидан хавотир билдирди.

"Ҳали газ тармоқларида жиддий босим бошланмади. Бошланса¸ бу ҳисоблагичларнинг портлаб¸ кўп одам ҳаëтига зомин бўлиш таҳдиди кучли"¸ деди шахси очиқланмаслигини сўраган Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг газ бўйича мутахассиси.

Озодлик суриштирувида келтирилган факт ва маълумотларга ҳозирга қадар на бу жараëн тепасида турган Вазирлар Маҳкамаси¸ на давлат буюртмачиси ролидаги “Ҳудудтаъминотгаз”¸ на Жаҳонгир Ортиқхўжаев раҳбар бўлган Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва на унинг бу лойиҳага алоқадор хусусий бизнес структуралари бирор шаклда муносабат билдирган эмас.

XS
SM
MD
LG