Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:16

Абхазияда қолиб кетган ўзбеклар Россия орқали йўлак очиб беришни сўрашмоқда (ВИДЕО)


Абхазиядаги ўзбекистонликлар коридор очиб беришни сўрамоқда
Абхазиядаги ўзбекистонликлар коридор очиб беришни сўрамоқда

Карантин чекловлари туфайли Абхазияда қолиб кетган ўзбек муҳожирлари Ўзбекистонга транзит йўли очиб беришни сўрашмоқда. Мингдан зиёд ўзбекистонлик номидан Озодликка мурожаат қилган мигрантлар минтақада сайёҳлар йўқлиги туфайли иш тўхтагани ва оғир аҳволда қолганликларини айтишади.

Улар Ўзбекистон ҳукуматидан Абхазиядан чиқиб кетиш учун йўл очиб бериш ҳамда Ўзбекистонга киришга рухсат сўрашмоқда.

Озодликка вазиятни тасвирлаб берган Хайруллонинг сўзларига кўра, Тожикистон ва Қирғизистон ўз фуқароларини олиб чиқиб кетган ва Абхазияда, асосан, ўзбек муҳожирлари қолган.

- Олти ойдан бери йўллар ёпиқлиги эвазига ўзбекларни Россияга киритмаяпти, биз кетолмаяпмиз. Бошқа ҳеч қандай муаммо йўқ, фақат Ватанга кетиш! Бизни ҳеч ким эшитмаяпти: тожиклар ва қирғизлар чиқиб кетди, арманлар кетди, фақат ўзбеклар қолди, дейди Хайрулло.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирининг айтишича, Абхазияда қолаётган 1000дан зиёд патент асосида ишлаётган ўзбеклардан 400 га яқини ишсизлик туфайли олиб кетишни сўраб, рўйхат тузган.

У бугунда сайёҳлар ҳисобига кун кечирадиган Абхазияда иқтисодий аҳвол оғирлигини айтади:

- Жами фуқароларимиз 1000 га яқин дея оламан, мендаги рўйхатда “кетаман” деб 389 киши имзолаган. Орамизда 1-2 йил олдин келганлар бор. Бу ерда дам олувчилар қанча кўп бўлса, шунча қурилиш кўп, иш кўп бўлади. Карантин туфайли сезон бўлмади, 1 августда очган бўлса дам олиш мавсумини - ҳеч қанча одам келмади-да. Ишлари умуман тўхтаб қолди. Пандемия сабаб чегаралар ёпиқ, биз Ўзбекистонга фақат Россия орқали кета оламиз. Абхазлар Россияга кириб-чиқиб юрибди - биз киролмаяпмиз.

Абхазияда қолаётган меҳнат мигрантлари орасида ҳашарот чақиб, ногирон бўлиб қолган аёл ҳам Ўзбекистонга кетишга муҳтож экани маълум бўлди.

Абхазиядаги ўзбеклар, асосан, Сочи ва Москва орқали юртга қайтади, аммо Россия-Абхазия чегараси пандемия карантини ортидан ёпиқлигича қолмоқда.

Хайрулло ночор аҳволда қолган ўзбекистонликлар шахсан Ўзбекистон президенти ва бош вазирига мурожаат қилганини айтди.

У Абхазияда Ўзбекистонга кетишга йўл очиб беришни сўраб, хат имзолаганларнинг 400дан 100таси аёллар эканини ҳам билдирди.

Абхазиядаги ўзбекларга кўра, улар Ўзбекистоннинг Россиядаги консуллигига қўнғироқ қилиб, боғлана олишмаган.

Озодлик билан суҳбатлашган наманганлик Адҳамжон Абхазияга келганига 2 йил бўлган.

- Бу ерда квартира ремонти билан шуғулланаман, 2 йил бўлди келганимга. Вазият яхшимас -иш йўқ. 1 августда сезон очилди-ю, абхазлар йиққан пули фақат қишлашга етади, бизга уста-муҳожирларга тўлашга йўқ. Ҳамма жойга мурожаат қилганмиз - жавоб келмаяпти. Бошқа одамлар орқали ҳам элчихонамизга вазиятни билдирганмиз. Биз Самара ва бошқа жойдаги вокзалларда ётган ўзбекларни кўриб, "биз билан ҳеч кимнинг иши йўқми", деган ҳаёлга боряпмиз. Элчихонадагилар бизга “1 октябрни чегаралар очилишини кутинг”, дейишяпти. Кутяпмиз! - дейди муҳожир йигит.

Ўзбекистонлик эркаклар , асосан, қурилишда, ўзбек аёллари эса меҳмонхоналарда фаррош ва хизматкор бўлиб ишлаши айтилади.

Абхазия Давлат миграция хизмати маълумотига кўра, мамлакатда асосан, уч давлат - Ўзбекистон, Тожикистон ва Арманистондан келган меҳнат муҳожири ишлайди. Улар энг оғир ва кам ҳақ тўланадиган қурилиш, ахлат йиғиш ва мавсумий бўлган меҳмонхона бизнесига жалб қилинади. Расмийлар охирги пайтларда Абхазияга бўлгинчи Донецк ва Луганскдан ҳам меҳнат муҳожирлари оқими кўпайганини айтишмоқда.

Озодликка маълум бўлишича, Кавказнинг Қора денгиз соҳилида жойлашган 250 минглик аҳолиси бор Абхазияда мингдан ортиқ ўзбекистонлик қонуний ишлайди. Аммо айрим рақамларга кўра, яна шунча муҳожир нолегал ҳолда юргани бўлиши мумкин.

Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти меҳнат мигрантларини тезроқ Ўзбекистонга қайтишларига кўмаклашишга чақирган.

Озодлик олдинроқ “Ўзбекистон темир йўллари” махсус поезди 27 сентябрь куни Россиянинг Самара вилояти Кинель аҳоли пунктида тўпланиб қолган ўзбекистонликларнинг охирги қисмини ватанига олиб келганини хабар қилганди.

Май ойидан бери Самара вилоятидан Ўзбекистонга 10 мингга яқин ўзбекистонлик қайтарилган.

XS
SM
MD
LG