Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:21

Қирғизистон: Президент Жээнбеков фавқулодда ҳолат эълон қилди - Бишкекда янги тўқнашувлар


9 октябрь куни Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков пойтахт Бишкекда фавқулодда ҳолат жорий қилиш ҳақидаги фармонни имзолади.

Фармонда қайд этилишича, “оммавий тартибсизликлар натижасида одамлар ҳаёти ва соғлиғига таҳдид ва зўравонлик билан боғлиқ вазият юзага келгани туфайли фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Бишкек шаҳри ҳудудида ижтимоий-сиёсий вазиятни тез орада барқарорлаштириш, жамоатчилик тартибини тиклаш мақсадида” 9 октябрь куни соат 20.00 дан 21 октябрь соат 08.00 гача фавқулодда ҳолат тартиби жорий қилинади.

Айни пайтда Қирғизистон пойтахтида рақиб томонларнинг тарафдорлари ўртасида тўқнашувлар юз бергани хабар қилинади.

Пойтахт марказида собиқ президент Алмазбек Атамбаев тарафдорлари ва фуқаролик жамияти фаолларининг намойиши чоғида тартибсизликлар келиб чиққан.

Қирғизистон социал-демократлар партияси вакили Қундуз Жўлдубаева Фейсбук саҳифасида намойишдан қайтишда собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг автомобилига қарата ўқ узилганини маълум қилди.

У собиқ президент соғ-саломат эканини айтган.

Тўқнашувлар чоғида намойиш ташкилотчиларидан Тилек Тўқтўғазиев ҳамда сиёсатчи Темир Сариевнинг қўриқчиси жароҳат олгани айтилмоқда.

Бишкекдаги Эски майдонда маҳаллий вақт билан соат 20.30 да ҳам бош вазирликка даъвогар Садир Жапаров тарафдорларининг намойиши давом этган.

Бош вазирликка даъвогар Садир Жапаров тарафдорларининг намойиши - 9 октябрь, 2020 йил
Бош вазирликка даъвогар Садир Жапаров тарафдорларининг намойиши - 9 октябрь, 2020 йил

Садир Жапаров 6 октябрга ўтар кечаси колониядан озод қилинганди. Иссиқкўл губернаторини гаровга олганликда айбланган С. Жапаров 2019 йили 10 йилга қамалганди.

Президент Сўўрўнбай Жээнбеков Ички ишлар вазирининг ўринбосари Алмазбек Ўрўзалиевни Бишкек шаҳар коменданти этиб тайинлаган.

Комендатура айрим фуқароларга белгиланган муддатда ўз уйини тарк этишни тақиқлаши, жамоат тартибини сақлашга ваколатли давлат идораларини жалб этиши, кўнгилочар, спортга оид ва бошқа оммавий тадбирларни ҳамда иш ташлаш, йиғилиш, митинг, кўча юриши, намойиш ва пикетлар ўтказишга тақиқ қўйиши мумкин.

Ярим тунга яқин Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати фавқулодда ҳолат режими 10 октябрдан бошлаб амалда бўлиши ҳақида маълумот тарқатди.

Қирғизистонда 4 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловидан кейин сиёсий бўҳрон вужудга келган. Сайлов натижаларини бекор қилиш талаби билан бошланган норозилик акциялари тартибсизликларга айланиб кетган.

6 октябрга ўтар кечаси намойишчилар президент аппарати ва парламент фаолият юритадиган “Оқ уй” ва ҳамда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносини эгаллаб олишган. Ўша тунда қамоқдаги қатор сиёсатчилар озод қилинган.

Бу воқеалар ортидан 6 октябрь куни Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси парламент сайлови натижаларини бекор қилган.

Президент Сўўрўнбай Жээнбеков 9 октябрь куни “мамлакат қонуний йўлга ўтиши билан” ўз лавозимига кетишга тайёр эканини билдирган. Шу куни у бош вазир Қубатбек Бўрўнов бошчилигидаги ҳукумат истеъфосини қабул қилишга оид фармонни имзолаган.

Аввалроқ Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари Қирғизистондаги воқеаларга доир қўшма баёнот тарқатишган. Баёнотда улар қўшни Қирғизистонда содир бўлаётган воқеалар юзасидан жиддий хавотир билдиришган.

Минтақа раҳбарлари Қирғизистон халқини ушбу қийин кунларда мамлакатда тинчликни сақлаб қолиш ва барқарорликни тиклаш учун ўзига хос бўлган оқилликни намоён этишга чақиришган.

XS
SM
MD
LG