Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:37

Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатишга келишиб олди


Арманистон ва Озарбайжон ташқи ишлар вазирлари Россия воситачилигида Москвада бир орага келган.
Арманистон ва Озарбайжон ташқи ишлар вазирлари Россия воситачилигида Москвада бир орага келган.
10 октябрь куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Арманистон ва Озарбайжон ўт очишни тўхтатишга ҳамда Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувларни тугатиш учун тинчлик музокараларини ўтказишга рози бўлганини билдирди.

Лавров билдирувидан олдин Арманистон ва Озарбайжон ташқи ишлар вазирлари Москвада 12 соат музокара ўтказган.

Россия ташқи ишлар вазири тарафлар 10 октябрь куни соат 12:00 да ўт очишни тўхтатишга келишиб олганини, яқин орада асирлар ва ҳалок бўлган ҳарбийлар майитларини алмашиш жараёнини бошлашини маълум қилди.

Тоғли Қорабоғда cўнгги икки ҳафта давомида содир бўлган шиддатли жангларда юзлаб аскар ва кўплаб оддий фуқаро нобуд бўлди.

Лавров тинчлик музокараларига Халқаро қизил хоч қўмитаси воситачилик қилишини айтди.

Россия билдирувини ҳали Арманистон ёки Озарбайжон тасдиқлагани йўқ.

Шундай бўлса-да, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги ўт очишни тўхтатиш шартлари белгиланган баённомани эълон қилди, лекин уни шарҳламади.

Ўт очишни тўхтатиш кучга киришидан бир неча соат олдин ҳар икки томон бир-бирини янги ҳужумларни амалга оширганликда айблади.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги расмийлари этник арман ҳарбийлари аҳоли пунктларини ўққа тутганини иддао қилди.

Арманистон Мудофаа вазирлиги эса Озарбайжонни дронлар ёрдамида арман позицияларини ўққа тутишда айблади.

Москвада тинчлик музокаралари бошланишидан олдин Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Арманистонга можарони тинч йўл билан ечиш учун «сўнгги имконият» бераётганини таъкидлаган эди.

Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Ўшандан бери минтақани этник арман қўшинлари бошқариб келади. Шу сабабдан юз минглаб этник озарбайжон уруш қочқинлари бўлиб қолмоқда.

"Халқаро инқироз гуруҳи"нинг Жанубий Кавказ бўйича тадқиқотчиси Заур Шириев Озарбайжон халқи Алиевни «беҳуда» тинчлик музокараларини қайта бошламасликка, унинг ўрнига урушни давом эттиришга чорлаётганини айтди.

«Шундай экан, Озарбайжон халқи халқаро ҳамжамиятнинг ўт очишни тўхташга қаратилган чақириқларини Боку муваффақиятларига тўсқинлик қилиш уриниши ўлароқ кўрмоқда», - деди Шириев.

Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувларга Туркия ва Россия аралашиши хавотирга сабаб бўлмоқда. Москва ҳам Озарбайжонни, ҳам Арманистонни қурол-аслаҳа билан таъминлаб келади. Арманистонда Россия ҳарбий базаси бўлиб, Москва Ереванни стратегик ҳамкор ўлароқ кўради. Туркия эса Озарбайжоннинг яқин ҳамкоридир.

9 октябрь куни Тоғли Қорабоғнинг де факто ҳукумати қўшинлари ҳудуддаги энг йирик шаҳар Степанакертда шиддатли тўқнашувлар содир бўлаётганини билдирди.

Ундан бир кун олдин Арманистон Озарбайжонни Шушадаги (арманча Шуши) тарихий соборни бомбардимон қилишда айблади.

Маҳаллий аҳоли ҳужумлар туфайли XIX асрда қўрилган собор ичи ва таши зарар кўрганини билдирди.

XS
SM
MD
LG