Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:22

Бош прокуратура: “Мендирман Жалолиддин” фильмига ажратилган маблағ бюджетга қайтарилган


Ўзбекистон Бош прокуратураси Ўзбеккино Миллий агентлиги мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши очилгани ва тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақидаги Озодлик хабарини расман тасдиқлади.

10 октябрь куни Озодликнинг айни жиноят иши тафсилотларига доир мақоласидан бир неча соат ўтиб эълон қилинган баёнотда Бош прокуратура Ўзбекистон ЖКнинг 167-моддаси 3- қисми билан очилган жиноят иши доирасида Ўзбеккино фаолиятига тегишли ҳужжатлар олиб қўйилганини ҳам тасдиқлаган.

Баёнотда жиноят ишига Молия вазирлиги Ўзбеккино Миллий агентлигида ўтказган текширув ҳужжатлари асос бўлгани айтилади.

Айни пайтда Бош прокуратура Озодликнинг жиноят ишига доир ҳужжат нусхаси илова қилинган мақоласидаги “Мендирман Жалолиддин” фильмига ажратилган 533 млн сўм маблағ "бюджетга қайтарилгани"ни айтган.

Бош прокуратурага кўра, 2018 йил 22 июнида “Ўзбеккино Миллий агентлиги ҳамда “Best organiser” МЧЖ ўртасида “Менман, Жалолиддин” номли фильм яратиш ҳақида дастлабки шартнома тузилиб, шартномага мувофиқ олдиндан аванс сифатида 533 млн сўм маблағ тўлаб берилган”.

“Лекин, ушбу фильмни суратга олиш ишлари “Мендирман, Жалолиддин” номи билан Туркия Республикасидаги ҳамкорлар билан олиб борилганлиги, уни ишлаб чиқариш харажатлари бюджетдан эмас, балки бошқа ҳомийлар томонидан молиялаштирилганлиги сабабли, “Ўзбеккино” Миллий агентлигидан ажратилган маблағлар фильмни ишлаб чиқариш учун сарфланмаган ва бугунги кунда бюджетга қайтарилган”- дейилади расмий баёнотда.

Бош прокуратура маблағлар қачон қайтарилганини айтмаган, аммо “2020 йил 3 октябрь куни тақдимот маросими бўлиб ўтган “Мендирман, Жалолиддин” фильмига тегишли ҳужжатлар олинмаган”и ҳамда “ушбу фильмни ишлаб чиқарган шахсларни жиноят ишига ҳеч қандай алоқадорлиги йўқ”лигини таъкидлаган.

10 октябрь куни Ўзбеккино Миллий агентлиги ҳам расмий баёнот тарқатиб, агентлик фаолияти юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини яна бир марта тасдиқлади.

Озодликка нусхаси йўлланган баёнотда “Ўзбеккино” Ахборот хизмати “жиноят ишига Миллий масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси С.Мирзиёеванинг “мутлақо алоқаси йўқ”лигини таъкидлайди.

“Ўзбеккино” баёнотида фильмга ажратилган давлат маблағларининг бюджетга қайтарилгани ҳақида сўз йўқ.

Ўз исмини ошкор этмасликни сўраган “Ўзбеккино” мулозимининг 10 октябрь куни Озодликка айтишича¸“Мендирман Жалолиддин” фильмига ажратилган 533 млн сўм маблағ «зудлик билан» қайтарилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳужжати
Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳужжати

Озодликда нусхаси бўлган тергов ҳужжатларига кўра, жорий йилнинг 11 сентябрида “Ўзбеккино” миллий агентлиги мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 167 - моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш-таҳр.) бўйича жиноят иши очилган.

21 сентябрь куни Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси терговчиси ААбдулаҳадов томонидан имзоланган ҳужжатда "мазкур жиноят иши бўйича ҳужжатларни олиб қўйиш ҳақидаги қарор ижросини таъминлаш" ҳақида сўз боради.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги мулозими 6 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда “Мендирман Жалолиддин” фильмига давлат ғазнасидан маблағ сарфланмаганини айтган эди.

3 октябрь куни Тошкентдаги тақдимот маросимида Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Саида Мирзиёева фильм тўлалигича Ўзбекистондаги энг йирик хусусий банклардан “Orient Finans Bank” томонидан молияланганини таъкидлаган.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги матбуот хизмати вакили Озодликка агентлик фаолияти юзасидан ўтказилган тафтишлар натижасида жами 17 миллиард сўмлик камомад аниқланганини билдирган.

XS
SM
MD
LG