"Korean and Migrations" хусусий бандлик агентлигининг Жанубий Кореяга ишга жўнатиш ваъдаларига ишониб, алданганлардан 50 нафарга яқини 12 октябрь куни яна Мустақиллик майдонига тўпланди.
Норозиларга кўра, уларни бир кун ичида икки марта Мустақиллик майдонидан куч билан ҳайдашган.
Арзчилардан икки нафари ИИБ томонидан ушланиб, “тушунтириш ўтказилгач” қўйиб юборилган.
Айни пайтда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мулозимлари "Korean and Migrations" фирмасидан жабрланганларнинг "пулларини қайтариш ҳаракатлари бошланаётгани"ни билдирди.
Бир ҳафта аввал норозилик билдириб Тошкентга йиғилган бошқа бир агентлик - Profelite IMP фирмасидан алданган 48 кишига эса пуллари қайтариб берилган.
Намойишчилар: Бизга куч қўллашди
12 октябрь куни эрталабдан "Korean and Migrations" агентлигидан алданган 50ка яқин киши Тошкентнинг Мустақиллик майдонига йиғилди.
Йиғилганлардан бирининг Озодликка айтишича, уларни тушга яқин Мустақиллик майдонидан куч билан ҳайдашган:
“Биз эрталаб соат 9ларда Мустақиллик майдонидаги Ҳумо қуши ёдгорлиги тагига келдик. Элликка яқин одам тўпландик. Аввал Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умурзоқов келди. Кейин бизга босим қилиб, майдондан ҳайдашди. Бизни ҳайдаётган пайтини бир йигит видеога олаётганди, ички ишлар уни ушлаб олди. Бизлар у йигитни бермаймиз, деб , уни қўйиб юбормадик. Икки ўртада тортишув келиб чиқди. Бақир-чақир бўлиб кетди. Барибир ИИБ кучли чиқди, улар йигитни тортқилаб, автобусга босиб, олиб кетди”.
Ушбу намойиш қатнашчиларидан яна бири эса ИИБ томонидан ушланганлар икки киши эканини айтди:
“Икки кишини босиб, олиб кетишди. Мен уларни кейин кўрмадим. Уларга нима бўлганини ҳам билмайман. Қайтиб келишмади. Кейин ҳаммамизни куч билан автобусга тиқиб, Ташқи миграция агентлигига олиб боришди. У ерда бизга Қозоғистон ва Россияга ишлашга кетишни таклиф қилишди. Биз иш сўраб келмадик, пулларимизни қайтаришни талаб қиляпмиз”.
Мулозим: Ҳеч ким ҳибсга олинмади
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Озодлик 12 октябрь куни тушдан кейин гаплашган мулозими ИИБ томонидан ҳеч ким ҳибсга олинмаганини билдирди.
“Ҳеч ким қамалмади. Тўполон чиқариш қонунга зид эканини тушунтириб, кейин қўйиб юборишди. Агентликка автобусда олиб келинганлар билан ҳам суҳбатлашгач, уйларига кетишди”, - деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган мулозим.
Намойишчилар: Норозилик давом этди
Тушдан кейин Озодлик билан қайта боғланган жабрланганлар эса, Мустақиллик майдонида намойишни яна давом эттиришганини айтишди:
“Бизга Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида қуруқ гап қилишгач, Мустақиллик майдонига қайтиб келдик. Президентга видеомурожаат қилдик. Кейин Бош вазирнинг идорасига пиёда кетаётган пайтимизда, олдимиздан Миллий гвардия чиқиб, тўсқинлик қилди. Улар сони йигирматача эди. Кейин наманганлик бир опа ўзини машина тагига ташламоқчи бўлганди, Миллий гвардиячилар ушлаб қолди. Кейин бизни босим билан яна автобусга миндириб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига олиб боришди. У ердан яна қуруқ гап билан автобусга қайта миндириб, Қўйлиққа олиб бориб ташлашди”.
Уч ойда уч намойиш
"Korean and Migrations" агентлигидан алданганлар кейинги уч ой ичида жами уч марта норозилик билдириб, Тошкентда тўпланди.
28 сентябрь куни ҳам Бош вазир қабулини талаб қилиб тўпланган намойишчилар Мустақиллик майдонидан ҳайдаб юборилганди.
1-2 июль кунлари эса жабрланувчилар Тошкентнинг Мустақиллик майдонида тўпланиб, президент Мирзиёевдан ёрдам сўрашган.
Мулозим: Пулларни қайтарамиз
“Korean and Migration” раҳбарларига нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида Озодлик 2019 йил 10 ноябрида хабар берган эди.
Жорий йилнинг 14 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди “Korean and Migrations” агентлиги мансабдор шахслари ва воситачилари устидан ҳукм ўқиди.
Ўзбекистон Олий суди маълумотига кўра, агентлик директори Қаҳрамон Отақулов ва агентликнинг Наманган вилоят филиали директори Одил Кабилов 9 йилга, агентлик таъсисчиси Хушвақт Турдиев ва агентликнинг ўқув ишлари бўлими директори Мусурмон Алиқулов 8 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум қилинган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Озодлик боғланган мулозими “Korean and Migrations" фирмасидан жабрланганларнинг пулларини қайтариш ҳаракатлари бошланаётганини билдирди.
“Суд “Korean аnd Migrations” агентлиги 2297 фуқарога етказган 19 миллиард 616 миллион сўмни ундириш ҳақида ҳукм чиқарган. Бироқ ҳозирда ИИВ депозитида атиги 7 млрд 831 млн сўм бор, яна 573 млн сўмлик хатланган мол-мулклар бор. Шунинг учун ҳозирча бор пулни ҳаммага тенг бўлиб берамиз. Бошқа иложи йўқ. 38 фоиздан тушади. Яқин кунларда жабрланувчилар бу пулларни олади”, - деди агентлик мулозими.
Мулозимнинг айтишича, кейинги бир ҳафта мобайнида “Profelite IMP” агентлигидан жабрланган "42 кишига жами 431 миллион сўм пул қайтарилган".
Ушбу агентликдан алданганлар 6 октябрь куни Тошкентдаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги олдида норозилик билдиришганди.
Бандлик агентликлари фаолияти қайта кўрилади
Ўзбекистонда хусусий бандлик агентликлари фаолиятига 2018 йил кузидан бошлаб рухсат берилган эди. Шундан кейин ўтган икки йил давомида 75 та агентликка фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш билан шуғулланиш учун лицензия берилган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан олинган маълумотга кўра, кейинги бир йил ичида жами 48 та агентликнинг лицензияси бекор қилинган, ўндан зиёд агентликка қарши иш очилган, ҳозирда 27 агентлик ўз фаолиятини давом эттиряпти.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг 6 октябрь куни Озодлик мухбири билан гаплашган мулозимига кўра, хусусий бандлик агентликлари фаолиятини қайта ташкил этиш режаланмоқда.
Бир ой ичида эълон қилиниши кутилаётган янги қонунга мувофиқ, эндиликда бандлик агентликлари фақат консалтинг хизматлари кўрсатиш билан шуғулланади.
Хорижга ишга жўнатиш билан эса, бундан буён фақат Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги шуғулланиши режаланган.