Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:52

Пандемия пасайтирган парвозлар: “Uzbekistan airways”муҳандис-техникларни қисқартирмоқда


"Термиз халқаро аэропорти" Перрон техникаси бригадаси ходимлари иш жараëнида.
"Термиз халқаро аэропорти" Перрон техникаси бригадаси ходимлари иш жараëнида.

Коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловлар боис Россия ўз ҳаво ҳудудини “Uzbekistan airways” компаниясининг мунтазам йўловчи рейслари учун очишга ошиқмаëтир.

Бунинг ортидан, асосан, Россия шаҳарларига мунтазам рейсларни амалга ошириб келган “Uzbekistan airways” миллий авиакомпанияси қарийб фалаж ҳолга тушган¸ аэропортлар ўз малакали муҳандис ва техникларини қисқартиришни бошлаган.

Термиз халқаро аэрпортининг Озодликка боғланган ходимлари авиация соҳасидаги малакали мутахассисларни "кўчага ҳайдаш" бу соҳани янада чуқурроқ инқирозга етаклашини айтди.

Озодлик билан ўзбек авиасаноатининг жорий вазияти ҳақида гаплашган транспорт соҳаси мулозими “Uzbekistan airways” ва унга алоқадор тизимлар инқирозининг бош сабаби коррупция ва бизнес стратегиясининг йўқлиги эканини таъкидлайди.

Термиз аэропортидаги қисқартиришлар

Озодликка мурожаат қилган "Термиз халқаро аэропорти” МЧЖ мутахассислари ўзларини “кўп йиллардан буён фаолият юритиб келаётган олий техник маълумотга эга кадрлар” деб таништирди.

Термизлик мутахассисларга кўра¸ асосан, Россия шаҳарларига мунтазам рейсларни амалга ошириб келган бу аэропорт қатнов пандемия боис тўхтагани оқибатида¸ деярли “қуш қўнмас” ҳудудга айланган.

"Ҳозирда ҳафтасига икки марта Тошкентга мунтазам рейс бор¸ холос. Ҳафтасига иккита Россияга чартер рейс қўйиляпти. Бу ердан бўш учиб¸ ўзимизнинг мигрантларни олиб келяпти. Мартдан бери ярим ой ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқариляпмиз. Авиация муҳандислари ойига 600 минг сўм билан тирикчилик қилишга мажбурмиз. Мунтазам рейслар очилса¸ аҳвол ўнгланар деб турсак¸ қисқартириш бошланди”¸ - дейди шахси очиқланмаслигини сўраган термизлик муҳандислардан бири.

“Авиация муҳандис ва техниклари бир кунда етишадиган кадр эмас!”

“Термиз халқаро аэропорти” МЧЖ раҳбарияти қисқартириш режасига киритганлар орасида¸ айтилишича¸ПТБ - Перрон техникаси бригадаси ходимлари ҳам бор.

Ушбу ходимлар авиация соҳасининг олий техник маълумотига, "Ground handling" дастурлари бўйича Boeing-757,767 ва Airbus- 320 ҳаво кемаларига техник ёрдам кўрсатиш ҳуқуқига эга мутахассислар саналади. ПТБ ICAO (Халқаро фуқаролик авиацияси ташкилоти – таҳр.) талаблари асосида ҳаво кемаларини кутиб олиш, уларга техник хизмат кўрсатиш ва кузатиб қўйиш жараёнларида парвозлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича асосий хизмат бўлими ҳисобланади.

Термиз аэропорти 7-категорияга киради ва "КОСР" ( Команда по Обеспечению Спасательных Работ ) бўйича ПТБ бўлимининг бир сменасида 4 ходим - битта смена инженери ва учта авиамеханик талаб қилинади. Шундоқ ҳам ПТБ нинг битта сменасида авария-қутқарув ҳисоби бўйича талаб қилинган минимал ходим ишламоқда. Буни қисқартириш халқаро авиация стандартлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга зиддир”¸ - дейди Озодлик гаплашган Термиз аэропорти мутахассисларидан яна бири.

Термиз аэропорти маъмуриятининг Озодлик 13 октябрь куни боғланган мулозими пандемия боис оғир аҳволга тушиб қолган аэропорт ходимлари сонини қисқартириш бўйича Тошкентдан кўрсатма келганини тасдиқлади.

“Uzbekistan airways”дан шунақа режа келди. Аҳволимиз чиндан ҳам оғир. Пандемия даврида ҳукумат берган ëрдам эвазига ходимларимизни 600 минг сўм билан бўлса ҳам, ушлаб келдик. Лекин рейслар қачон очилиши номаълум. Бу ëғи қишки мавсум. Авиация инженер ва механиклари кўчада ëтган кадрлар эмаслигини биз ҳам биламиз. Уларни кўчага ҳайдаш ниятимиз йўқ. Пенсионер ва номуҳим штатлардагиларни бўшатиб бўлса ҳам¸ уларни ушлаб қолишга ҳаракат қиламиз”¸- деди Термиз аэропортининг Озодлик гаплашган раҳбарларидан бири.

“Муаммо илдизи пандемияда эмас...”

12 октябрь кунги хабарида “Uzbekistan airways” миллий авиакомпаниясининг пандемия давридаги вазиятини баҳолаган Подробно.уз нашри уни “чуқур нокдаун” деб атади.

Aviasales хизматига таянган нашрга кўра¸ сентябрь ойида авиачипталарга талаб 2019 йилнинг айни ойидаги кўрсаткичнинг 68 фоизига чиққан бўлса-да¸ харид даражаси ўтган йилдаги кўрсаткичнинг атиги 7 фоизини ташкил қилган.

Бу шўнғишдаги асосий омил- Россия билан мунтазам рейсларнинг тўхтатилишидир¸ деб ëзган маҳаллий нашрга кўра¸ ўзбекистонликлар “қидирадиган” авиабилетларнинг 85 фоизи Россия шаҳарлари ҳиссасига тўғри келади.

Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон транспорт тизими мулозими Россия ҳаво ҳудудининг мунтазам рейслар учун ëпиқ қолаëтгани “Uzbekistan airways” ва унга алоқадор тизимларни янада чуқурроқ инқирозга ташлаганини эътироф қилди.

Айни пайтда бу мутахассис¸ пандемиягача ҳам банкротлик ëқасида бўлган бу компаниялар асл муаммоси илдизи “коррупция ва саводсиз бошқарув тизими”га бориб тақалишини таъкидлади.

Бутун транспорт соҳаси¸ хусусан¸ “Uzbekistan airways” давлат бюджетини сўриб келаëтган "паразит" тизимлардир. Уларни бошқараëтганлар мақсади давлатдан кўпроқ пул ундириш¸ундан ўз откат ва долясини олиш бўлиб қолган. Бу ерда бозор қонунлари билан фикрловчи мутахассис йўқ ҳисоби. Кейинги йилларда аэропортлар¸ хусусан¸ Термиз аэропортини қандай даромадли қилиш ҳақида стратегик лойиҳалар тақдим этилди. Бирортаси қабул қилинмади. Чунки Ўзбекистон аэропортлари Eriell, Jizzakh Petrolium каби гуруҳлар қўлида гаровда қолмоқда - авиакеросинни шулар сотади. Бу компанияларда сиëсий ҳокимият тепасидагиларнинг ўзи¸ ëки ўғил-қизлари ўтирипти! Дунëнинг қолган жойида 300-350 доллар бўлса¸ бизнинг аэропортларда 450 доллар! Бирор авиакомпания бизнинг аэропортга учишниям¸ транзитниям хоҳламайди. Ўзбекистон авиация тизимининг ҳозирги аҳволи нокдаун эмас¸ тўлиқ нокаутдир”¸ деди шахси очиқланмаслигини сўраган транспорт тизими мулозими.

Озодлик билан суҳбат асносида авиация мулозимлари ҳозирги оғир вазиятдан чиқиш йўлларидан бири сифатида Ўзбекистон аэропортларининг сотувга қўйилиш эҳтимолини тилга олди.

Ўзбекистоннинг асосий ҳаво дарвозалари бўлган Тошкент ва Самарқанд аэропортларини “сотиб олиш”га шайланаëтганлар орасида сиëсий элитага алоқадор кўрилган йирик хусусий компаниялар номлари тилга олинмоқда.

XS
SM
MD
LG