Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:20

“Пахта солиғи”: Тадбиркорлардан 6 миллион сўмгача пул йиғилмоқда


 Жиззах вилояти Янгиобод туманидаги идоралар ходимлари пахта даласида.
Жиззах вилояти Янгиобод туманидаги идоралар ходимлари пахта даласида.

Наманганлик тадбиркорлар пахта терими учун 5-6 миллион сўмдан пул йиғилаётганидан шикоят қилишди.

Айни пайтда бутун мамлакат бўйлаб бюджет ташкилотлари ходимларини пахта теримига мажбуран жалб қилиш ҳолатлари давом этаётгани кузатилади.

Давлат меҳнат инспекцияси пахта мавсумида мажбурий меҳнат давом этаётганини тасдиқлади.

Тадбиркорлар: Пахта учун 5-6 миллион сўмдан талаб қилишмоқда

Наманган шаҳридан Озодликка боғланган тадбиркорлар пахта учун пул йиғилаётгани ва ўзларига босим ўтказилаётганидан шикоят қилишди.

“Очиқчасига пахта терими учун пул талаб қилишяпти. Босим жуда кучайиб кетди. 5-6 миллион сўм берасанлар, деди. Асосан обороти катта бўлган йирикроқ фирмаларга қўнғироқ қилишяпти. Банкдан пул ўтказиб бериш мумкин эмас экан, фақат нақд пул сўрашди”, дея ёзди наманганлик тадбиркор шахси очиқланмаслик шарти билан.

15 октябрь куни Озодлик боғланган наманганлик тадбиркорлар пахта учун пул йиғиш жараёни ИИБ ва солиқ ходимлари томонидан амалга оширилаётганини айтишди.

"Пул бермаган фирмалар “қора рўйхат”га тушар эмиш. Кейин ўша фирмаларни текширувчилар босар экан. Шунинг учун ҳамма талвасага тушиб қолди. Бермайлик десак, текшир-текшир бошланса, берайлик десак, шунча пулни қаердан оламиз? Булар биз берган пулга Мингбулоқ туманига ҳашарчи жўнатишармиш”, деди аноним қолиш шарти билан гапирган наманганлик тадбиркор йигит.

Наманган шаҳар ИИБ ва солиқ бошқармаларининг Озодлик боғланган ходимлари тадбиркорлар шикоятларини асоссиз, дейиш билан чекланди.

Мингбулоқ туман пахта штабининг Озодлик боғланган икки мулозими ҳам пахта учун пул йиғиш ҳолатидан бехабарлигини айтишди.

“Бизга Наманган шаҳридаги идоралар ходимлари асосан, кунлик пахтага келиб кетишади. Ётоғи билан пахта тераётган ҳашарчилар ҳам бор. Лекин пахта учун пул йиғилаётганидан умуман хабарим йўқ”, - деди Мингбулоқ туман пахта штабининг исмини очиқламаcликни сўраган ходими.

Тадбиркорлардан пахта учун пул йиғиш мамлакатнинг деярли барча ҳудудида кузатилмоқда.

Жумладан, мамлакатдаги турли бозорларининг савдогарлари уларга 800 мингдан 2 миллион сўмгача “пахта солиғи” солинганидан шикоят қилган.

Мажбурий ҳашар

Айни пайтда Озодликка турли идора ва ташкилотлар ходимларидан шикоятлар келишда давом этмоқда.

Жумладан, Жиззах вилояти Янгиобод туманидаги идоралар ходимлари ҳам пахта теримига мажбурий сафарбарликдан нолишди.

Озодликка жўнатилган хабарга илова қилинган Телеграм ёзишмаси скриншотида Янгиобод туман мутасаддиларининг ташкилотлар ходимларини пахтага жалб қилиш талаби акс этган.

“Барча раҳбарлар диққатига: Шанба ва якшанба кунлари Зарбдор туманига пахта йиғим-теримига ҳашар эълон қилинди. Барча корхона ва ташкилотлар раҳбарлари барча ходимлари билан эрталаб соат 8:00дан пахта даласида бўлиши шарт”, дейилади Телеграм ёзишмасида.

Телеграмдаги “Отабек Артиков | ПОПУЛИСТ” каналида берилган хабарга кўра, Навоий вилояти Қизилтепа туманида мактаб ўқитувчилари ҳам пахтага мажбурлангани айтилган.

Меҳнат инспекцияси: Мажбурий меҳнат давом этмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида сўзлаган нутқида мамлакатда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилганини таъкидлаганди.

Мирзиёевнинг БМТ минбаридаги нутқидан уч ҳафта ўтиб мажбурий меҳнат ҳануз давом этаётганини кўриш мумкин.

Буни Озодлик 15 октябрь куни суҳбатлашган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекция мулозими ҳам тасдиқлади.

“Бизнинг инспекция пахта давридаги мажбурий меҳнат ҳолатларини мониторинг қилмоқда. Мавсум бошланганидан бери 140га яқин ҳудудда 730га яқин мониторинг ўтказилди. Ҳозиргача 652 нафар фуқаро мажбурий меҳнатдан азият чеккани аниқланди. 18 нафар мансабдор шахсга 205 миллион 160 минг сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди. Мониторинг давом этяпти”,- деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган мулозим.

Бу йилги пахта мавсумида мажбурий меҳнат билан боғлиқ манзарани Озодликнинг PaxtaGram саҳифаси да кузатишингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG