Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:07

Тоғли Қорабоғ ҳақида билиш керак бўлган 5  муҳим факт


Тоғли Қорабоғ - 14 октябрь, 2020
Тоғли Қорабоғ - 14 октябрь, 2020

Жанубий Кавказ тоғлари ва қурғоқчил текисликлари орасида, асрлар давомида турли империялар чорраҳасида жойлашган Тоғли Қорабоғ яна шиддатли жанг майдонига айланди. Ҳудуд 1994 йилда Озарбайжон ва Арманистон қонли урушни тўхтатишга келишиб олганидан буён энг шиддатли тўқнашувларга саҳна бўлмоқда.

27 сентябрь куни бошланиб кетган жангларда бугунга қадар камида 532 нафар аскар ҳалок бўлди. Можаро илдизлари Совет Иттифоқининг охирги йилларига, ҳатто ундан ҳам олдинги даврга бориб тақалади.

Қуйида Тоғли Қорабоғ ҳақида билишингиз керак бўлган беш муҳим маълумот билан танишишингиз мумкин.

Узоқ хотиралар

Кавказ ҳудудида асрлар давомида турли қўшинлар юриш қилган. Улар орасида римликлар, мусулмон араблар, усмонли турклар, сафавий форслар, русларни тилга олиш мумкин.

Шунингдек, улар орасида милоддан аввалги 300 йилда юзага келган қадимги арман подшолиги ҳам бўлиб, у кўплаб арман миллатчилари учун мамлакатнинг ўтмишдаги шон-шуҳрати рамзи ҳамда Тоғли Қорабоғнинг қонуний эгаси кимлиги борасидаги ҳар қандай мунозаранинг бошланиш нуқтасидир.

Замонавий арманлар кўпинча Қорабоғни Арцах деб аташади – қадимги арман подшолигининг бир қисми айнан шундай номланган.

XIX асрда Сафавий Эрон ҳукмронлиги остида ҳудуд ярим мустақил бўлган ва унда асосан, насроний арманлар яшаган. Улар мусулмон озарий-турк хонига бўйсунган. Минтақа бошқаруви 1800-йилларнинг бошларида Россия империяси, 1917 йилдаги большевик инқилобидан кейин эса Совет Иттифоқига ўтди.

Тоғли Қорабоғ: Ўзбекистон можаронинг қайси томонида?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:38 0:00

Биринчи жаҳон урушиидан кейин ҳудудда ҳокимият бўшлиғи юзага келди ва Россия фуқаролар уруши давомида арманлар билан озарбайжонлар бир неча бор тўқнашди. 1920 йилда Қизил армия Россия Закавказье (Кавказорти) номини берган ҳудудни бутунлай босиб олиб, урушларга барҳам берди.

Сталин мероси

Иосиф Сталин Совет Иттифоқининг авторитар етакчиси бўлишидан олдин ҳам Тоғли Қорабоғда танглик ва уруш келтириб чиқарадиган қарорлар қабул қилинишида рол ўйнаган.

1920-йилларда Владимир Ленин коммунистик бошқарувни мустаҳкамлашга уринаркан, Сталин Миллатлар ишлари бўйича халқ комиссари этиб тайинланди. Сталин Коммунистик партия узоқ вилоятларни ва кўплаб этник гуруҳларни бошқариш масаласида қандай йўл тутиши кераклигини белгилаши керак эди.

У хариталарни тузиш ва маъмурий чегараларни белгилаш жараёнини назорат қилди. Баъзи ҳолларда чегаралар ўзбошимчалик билан чизилди, этник гуруҳлар атайин ажратиб қўйилди. Тарихчилар бундан мақсад баъзи этник гуруҳларнинг сиёсий қудратини сусайтириш бўлган, деб ҳисоблашади.

Сталиннинг ватани бўлган Кавказда Қорабоғ чегаралари 1923 йилда расмийлаштирилди. Тоғли Қорабоғ автоном вилояти Озарбайжон Совет Социалистик Республикаси таркибига кирди. Шунингдек, Озарбайжон таркибида Арманистон ва Эрон ўртасида жойлашган, асосан, озарийлар яшайдиган, аммо Озарбайжон билан чегарадош бўлмаган Нахичеван автоном вилояти яратилди.

Совет Иттифоқининг бошқа жойларида бўлгани каби, ўнлаб йил давомида Москва ва Коммунистик партия раҳбарияти муаммо туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай миллатчи ёки диний қарашларни қаттиқ назорат қилди.

Бу ҳолат 1988 йилгача давом этди.

Аскеран

1980-йилларнинг иккинчи ярмида Михаил Горбачёвнинг «ошкоралик» ҳамда «қайта қуриш» сиёсати туфайли бу назорат юмшади. 1988 йилнинг 20 февралида Тоғли Қорабоғнинг асосан этник арманлар бошқарувидаги Халқ депутатлари кенгаши Арманистон билан бирлашиш режасини эълон қилди. Ўша пайтда минтақадаги 190 000 аҳолининг тўртдан уч қисмини арманлар, чорак қисмини эса, озарбайжонлар ташкил қилар эди.

Натижада катта намойиишлар бошланди: Бокуда уларга ғазаб, Ереванда эса, қўллаб-қувватлаш изҳор қилинди.

Декларациядан икки кун ўтиб, озарбайжонлар ва арманлар Аскеран шаҳри яқинида тўқнашди. Бу можаронинг замонавий тарихидаги илк хунрезлик эди. Орадан беш кун ўтиб, озарбайжонлардан иборат оломон Боку четидаги арманлар яшайдиган Сумгаитни остин-устун қилди. Расмий маълумотларга кўра, шаҳарда 32 киши ўлдирилди. Арманиларнинг даъво қилишича, аслида юзлаб одам қурбон бўлган.

Тоғли Қорабоғ - 15 октябрь,2020
Тоғли Қорабоғ - 15 октябрь,2020

Кейинги уч йил давомида кичик кўламда кўча зўравонликлари ва қишлоқларда погромлар давом этди, Арманистон ва Озарбайжон қонуний ҳокимият ва чегара масаласида тортишди, референдумларни ўтказди. 1991 йилнинг август ва сентябрь ойларида ҳар икки республика Совет Иттифоқидан мустақиллик эълон қилди.

1992 йил февралга келиб, иккала томон ҳам Совет қўшинлари қолдирган қурол-яроғни ишга солди ва кенг миқёсли уруш бошланди.

Беқарор тинчлик битими

Тўқнашувлар 1994 йилнинг майида тинчлик келишуви имзоланиши ортидан тўхтади. Тоғли Қорабоғнинг деярли бутун ҳудуди ҳамда бир неча қўшни туман – умумий ҳисобда Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи – этник арманлар бошқарувида қолди.

Бу Боку учун шармандали мағлубият эди. Урушда тахминан 30 000 киши ҳалок бўлди, юз минглаб одам уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлди.

1995 йилдан буён Франция, Россия ва Қўшма Штатлар Минск гуруҳига раҳбарлик қилиб келади. Бу Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) ташаббуси бўлиб, Арманистон ва Озарбайжонни можарога тинч ечим топишга ундаб келади. Гуруҳ бугунга қадар ўз мақсадига эриша олгани йўқ.

Минск гуруҳи воситачилигида Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари келишувга энг яқин келгани 2001 йилда АҚШнинг Флорида штатида ўтган музокаралар бўлди.


Чорак асрдан ошиқ вақт мобайнида икки томон «Алоқа линияси» деб номланган ҳудудда тўқнашиб келади. Тарафлар мунтазам равишда бир-бирини ғазабнок риторика, снайпер ўқлари ва вақти-вақти билан миномётлардан нишонга олиб келади. Озарбайжон ўз қуролли кучларини модернизация қилиш учун мамлакатдаги йирик нефть ва газ захираларидан олинган юзлаб миллион доллар маблағларни сарфлади. Шу сабабдан, кузатувчилар янги уруш хавфи тўғрисида мунтазам равишда огоҳлантириб келганлар.

Томонларнинг келишувга эришишига тўсқинлик қилаётган энг муҳим масала Тоғли Қорабоғ ва этник арман бошқарувидаги қўшни ҳудудлар тақдиридир.

2020 йилнинг кузи

2020 йилнинг сентябрига қадар 1994 йилдан кейинги энг қонли тўқнашувлар 2016 йил апрелида содир бўлган эди. Ўшанда 200 га яқин аскар ва оддий фуқаро ҳалок бўлган.

2020 йилдаги тўқнашувларни кескинлаштирган омилларнинг бири янги қуроллардир. Хусусан, учувчисиз самолётлар деб ҳам аталадиган дронлар. На Озарбайжоннинг, на Арманистоннинг ҳарбий ҳаво кучлари мавжуд эмас, шунинг учун жангларнинг асосий қисми ерда содир бўлди.

Аммо Озарбайжон сўнгги йилларда дронларга катта сармоя ётқизди. Боку Исроилнинг учувчисиз самолётларини сотиб олди, уларни ишлаб чиқаришга лицензия олди. Яқинда эса, Боку замонавий турк учувчисиз самолётларини харид қилди.

Айрим кузатувчилар сўнгги ойларда Минск гуруҳи ҳамраислари Франция ва АҚШ Тоғли Қорабоғдаги вазиятга аралашмаётганига эътибор қаратмоқдалар.

Дунё COVID-19 пандемиясига қарши кураш билан овора, АҚШнинг бошқа давлатлар билан дипломатик алоқаларини кенгайтирган президент Дональд Трамп маъмурияти эса, унинг қайта сайланиш кампанияси билан машғул бўлиб қолган.

Айни пайтда Озарбайжоннинг анъанавий иттифоқчиси бўлган Туркия минтақа ишларидаги ролини кучайтирди ва Россиянинг Жанубий Кавказдаги мавқейига таҳдид сола бошлади.

Туркия 2020 йилда Тоғли Қорабоғда аввалги тўқнашувларга солиштирганда, анча фаол рол ўйнамоқда. Хабарларга кўра, Анқара Озарбайжон кучларини қўллаб-қувватлаш учун дрон операторларни юборган.

Таҳлилчиларга кўра, Россия Арманистонга ҳам, Озарбайжонга ҳам миллионлаб долларлик қурол-аслаҳа сотган бўлса-да, Тоғли Қорабоғдаги жанглар авж олишини ва мавжуд вазият ўзгаришини хоҳламайди. Шунингдек, Москва ўзининг анъанавий таъсир доираси, деб билган масалага Туркиянинг ҳаддан ташқари мудохала қилиши тарафдори эмас.

XS
SM
MD
LG