Линклар

Шошилинч хабар
16 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:48

Тадқиқот: Коронавирус жисмлар сатҳида 28 кунгача қолиши мумкин


Австралия Миллий фан агентлиги ўтказган тадқиқот COVID-19 инфекциясини келтириб чиқарувчи SARS-CoV-2 коронавируси салқин ва қоронғи шароитда пластик пул ва телефон каби жисмлар сатҳида 28 кунгача сақланиши мумкинлигини кўрсатди.

CSIRO Хасталикларга ҳозирлик маркази тадқиқотчилари коронавирусни уч хил ҳароратдаги қоронғи ерда синовдан ўтказган. Тадқиқот натижалари Virology журналида чоп этилди.

Коронавирус 200C ҳароратда телефон экрани каби силлиқ сатҳларда жуда яхши сақланиши аниқланган. Хусусан, бундай ҳароратда вирус шиша, пўлат ва пластик банкнота сатҳида 28 кун сақланиши мумкинлиги кузатилган.

Ҳарорат кўтарилиши билан, вируснинг умри тобора қисқариши аниқланган: +300C даражали ҳароратда вирус 7 кун, +400C ҳароратда эса атиги 24 соат яшаган.

Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, вирус пахта каби юмшоқ сатҳларда озроқ муддат яшаган: вирус бундай жисмларда +200C ҳароратда 14 кун, +400C ҳароратда эса 16 соатдан оз вақт сақланган.

Бундан олдин ўтказилган тадқиқотлар вирус қаттиқ сатҳларда 4 кун сақланиши мумкинлигини кўрсатган эди.

Хасталикларга ҳозирлик маркази директори Тревор Дрю қаттиқ сатҳлардан икки ҳафта давомида вирусни юқтириб олиш мумкинлигини айтди.

Аммо олим тадқиқот давомида муайян миқдордаги вируслар ўрганилгани ва тадқиқот ультрабинафша нурлар мавжуд бўлмаган муҳитда ўтказилганни айтди.

Намлик 50 фоиз кўрсаткичда сақланган. Экспериментлар ультрабинафша нурлар ҳамда намлик вирус умрини қисқартиришини кўрсатган.

Хасталикларга ҳозирлик маркази ходими Дебби Иглз:

«Сатҳлар орқали юқтиришнинг аниқ роли, сирт билан алоқа даражаси ва юқтириш учун зарур бўлган вирус миқдори ҳали аниқланмаган бўлса-да, вирус юзаларда қанча вақт яшашга қодирлигини аниқлаш юқтириш хавфи юқори бўлган ерларда хавфни камайтириш стратегиясини ишлаб чиқиш учун жуда муҳимдир», - деди.

Дрю жисмлар сатҳидан кўра вирусга чалинган шахслар инфекцияни энг кўп тарқатишини қўшимча қилди.

«Аммо, бунга қарамай, юқумли одамлардан халос бўлганимизда ҳам, нима сабабдан вақти-вақти билан вирус яна тарқала бошлашини, айрим ҳолатларда вирусдан бутунлай қутулган мамлакатларда шундай бўлишини англашимизга ёрдам бериши мумкин», дея сўзини якунлади олим.

XS
SM
MD
LG