Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:00

Тоғли Қорабоғда яна отишма бўлди. Арманистон ва Озарбайжон яна бир-бирини битимни бузишда айблади (ВИДЕО)


10 ойлик қизалоғининг жасадини кўтариб олган ганжалик ота, 17 октябрь, 2020
10 ойлик қизалоғининг жасадини кўтариб олган ганжалик ота, 17 октябрь, 2020

Арманистон ва Озарбайжон бир-бирини, Тоғли Қорабоғда 18 октябрь куни кучга кирган ўт очишни тўхтатиш келишуви шартларини бузишда айбламоқда.

18 октябрь куни эрталаб Арманистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Озарбайжон томонидан ракета ва артиллерия ўқлари отилганини таъкидлади.

Орадан кўп ўтмай, Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистонни артиллерия ва миномётдан ўқ ўтишда айблади.

Бу айбловлардан бир неча соат олдин икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари сайтида ўқ отишни тўхтатиш масаласида янги келишув имзолангани ҳақида билдирув эълон қилинган эди.

Келишув маҳаллий вақт билан тунги соат 24:00 да кучга кирган.

Арманистон ва Озарбайжон эълон қилган билдирувда келишувга Франция, Россия ва Қўшма Штатлар етакчилари - Минск гуруҳи раҳбарлари билдируви асос бўлгани айтилади.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ташаббуси остида тузилган Минск гуруҳи Арманистон ва Озарбайжонни можарога тинч ечим топишга ундаб келмоқда.

Степанакертдаги ҳужум қолдиқлари, 17 октябрь, 2020
Степанакертдаги ҳужум қолдиқлари, 17 октябрь, 2020

27 сентябрь куни бошланиб кетган жангларда бугунга қадар камида 600 аскар ҳалок бўлди.

Ҳудуд 1994 йилда Озарбайжон ва Арманистон қонли урушни тўхтатишга келишиб олганидан буён энг шиддатли тўқнашувларга саҳна бўлмоқда.

Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Ўшандан бери минтақани этник арман қўшинлари бошқариб келади.

Ўтган ҳафтада эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш келишуви шартларини Арманистон ҳам, Озарбайжон ҳам қайта-қайта бузди.

17 октябрь куни Озарбайжоннинг иккинчи энг йирик шаҳри Ганжага отилган ракета 13 одам умрига зомин бўлди. Шунингдек, ҳужумда 50 дан ошиқ оддий фуқаро жароҳат олди.

Тоғли Қорабоғдан 100 км масофада жойлашган Ганжага қилинган ҳужумдан кўп ўтмай ГЭС дамбаси жойлашган Мингечаур шаҳрига ҳам ракета отилди.

Ганжага келиб тушган ракета қаердан отилгани номаълум. Шаҳар Арманистон чегарасидан 100 км масофада жойлашган.


Ганжага қилинган ҳужум ортидан Озарбайжон президенти Илҳом Алиев уни уруш жинояти ўлароқ қоралади ва Арманистон етакчиларини огоҳлантирди.

«Озарбайжон ўз жавобини қайтаради. Жавоб фақатгина жанг майдонида қайтарилади», - деди Алиев.

Ҳафта бошида Боку ҳам, Ереван ҳам Тоғли Қорабоғда янги ҳудудларни қўлга киритганини иддао қилган эди.

Тўқнашувларда нечта одам нобуд бўлгани номаълум. Тоғли Қорабоғнинг де-факто етакчилари 633 аскар нобуд бўлганини билдиришди. Озарбайжон эса ҳарбий йўқотишларини очиқлагани йўқ.

Жангларда ўнлаб оддий фуқаро ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Арманистон томони Туркияни, Озарбайжонни можарони ҳарбий йўл билан ҳал қилишга гижгижлашда айбламоқда.

XS
SM
MD
LG