Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:18

Президент куëвининг акаси Ички ишлар вазирлигида янги лавозим олди


Улуғбек Турсунов (ўртада)
Улуғбек Турсунов (ўртада)

53 яшар полковник Улуғбек Турсунов Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ЖҚББ Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари лавозимида фаолият бошлаган.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларида ишловчи ва матбуотга гапириш ваколати йўқлиги боис исми сир қолишини истаган икки мулозим маълум қилди.

ИИВ жорий йилнинг 1 октябрида амалга оширилган тайинлов ҳақида расмий хабар бергани йўқ. Маҳаллий матбуот шу йил июнида Турсуновнинг Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимидан олинишини кенг ёритганди.

Унинг ўрнига Қўқон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи Муҳиддин Жўраев тайинланган. Жўраев олдинроқ Ички ишлар вазирининг ўринбосари сифатида фаолият олиб борганди.

Озодлик суҳбатлашган мулозимга кўра¸ Турсунов шу йилнинг 25 июнь куни Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод қилинганидан кейин бир муддат расман Қўқон шаҳар ИИО ФМБ да “ишлаган”.

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбалари амалда Турсунов ўз уйидан чиқарилмасдан "назоратда ушланган"ини айтмоқда.

Журналист Алексей Волосевич “AsiaTerra” нашрида чоп қилинган мақоласида иддао қилишича¸ президентнинг тўнғич куёви Ойбек Турсуновнинг акаси, полковник Улуғбек Турсуновнинг лавозимидан бўшатилишига "биринчи оиладаги можаролар ва президентнинг икки куëви ўртасидаги рақобат" сабаб бўлган.

Унга кўра, Турсунов милиция томонидан саҳналаштирилган «фоҳишахоналарни фош қилиш» натижасида мусодара этилган мол- мулкларнинг ўзлаштирилишига доир юзлаб можаро марказида қолган.

“AsiaTerra” мақоласида, шунингдек, Турсунов мамлакат ёғ-мой соҳасини эгаллаш учун тадбиркорларга тазйиқ ўтказгани ҳам иддао қилинади.

Озодликда Турсуновнинг айнан шу иддаолар туфайли ишдан олингани ҳақида расмий тасдиқ йўқ.

Озодлик суҳбатлашган мулозимга кўра¸ Турсуновнинг октябрь ойида эгаллаган вазифаси кўпроқ “декоратив”дир.

“Хозир у бошлиқ ўринбосари. Вазирликдаги лавозим бўлса ҳам¸ шаҳар ИИБ бошлиғида бўлган қудрат ва имконият йўқ. Менга маълум бўлишича, Турсуновнинг ўзи ҳозирги лавозимида назорат остида бўлади. Бу декоратив лавозимни ўзига хос сургун, деса ҳам бўлади”, - дейди номи ошкор этилишини истамаган мулозим.

Полковник Улуғбек Турсунов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевнинг куëви Ойбек Турсуновнинг акасидир.

Ака-укаларнинг отаси СССР ДХҚ собиқ зобити Ботир Турсунов Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосари лавозимида ишлайди.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов даврида “Жасорат” медали билан мукофотланган Турсунов 2017 йил апрель ойидан 2020 йил июнигача Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган.

Ички ишлар органидаги фаолиятини 1989 йил Тошкент шаҳар ИИББ жиноят қидирув бўлимининг кичик инспектори сифатида бошлаган Улуғбек Турсунов ИИВ жиноят қидирув бўлими бошлиғининг ўринбосари, бошқарма бошлиғининг ўринбосари ва бўлим бошлиғи (1996−2005), Тошкент шаҳридаги Яшнабод тумани ИИБ бошлиғи (2005−2010) ва ИИВ Бош инспекция гуруҳининг бош инспектори (2010−2017) лавозимларида фаолият олиб борган.

XS
SM
MD
LG