Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:15

Газ баллонни ошхонага қандай улаш керак? - Энергетика вазири ўринбосаридан "лайфхак"


Ўзбекистонда қабул қилинган тартибга кўра, бўшаган газ баллонлари 45 кунда бир марта алмаштирилади. Сурат Энергетика вазирлиги расмий сайтидан олинди
Ўзбекистонда қабул қилинган тартибга кўра, бўшаган газ баллонлари 45 кунда бир марта алмаштирилади. Сурат Энергетика вазирлиги расмий сайтидан олинди

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири ўринбосари газ таъминотидан узилган тадбиркорлар эътирозларига жавобан, уларга ошхонасидаги ўчоққа суюлтирилган газ улашни ўргатди.

Вазирлик матбуот хизмати вазир ўринбосари баёноти юзасидан пайдо бўлган саволларга жавоб беришни истамади.

Газ таъминоти идораларидан олинган маълумотга кўра, аҳолига суюлтирилган газ сотишга лимит ўрнатилган.

Айрим экспертлар фикрича, газ тақчиллиги муаммосини ҳал қилиш учун ҳукумат шу пайтгача ҳукуматлар ёки компаниялар билан имзоланган шартномаларни қайта кўриб чиқиши керак.

Энергетика вазири ўринбосари Беҳзод Норматовнинг газ таъминотидан узилган тадбиркорларга берган маслаҳати тўғрисида gazeta.uz 9 ноябрь куни хабар қилди.

Вазир ўринбосаридан лайфхак

“Ҳеч ким таппи, кўмир ёки ўтин ёқишга ўт демаяпти. Газ баллони сотиб олинади, унга суюлтирилган газ тўлдирилади, шундан сўнг ошхонага уланган табиий газ қувури узилади ва махсус шланг орқали баллон ўрнатилади. Тамом-вассалом”, - деган Беҳзод Норматов.

Энергетика вазири ўринбосари Беҳзод Норматов (сурат вазирлик расмий сайтидан олинди)
Энергетика вазири ўринбосари Беҳзод Норматов (сурат вазирлик расмий сайтидан олинди)

Суюлтирилган газ махсус баллонларда бўлишини, баллонлар плиталарга қандай уланишини билмайдиган одам бўлмаса керак. Бас, шундай экан, нега бундай маслаҳат берганини сўраш учун Беҳзод Норматов билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Озодлик вазир ўринбосари баёноти ортидан Энергетика вазирлиги матбуот хизмати билан боғланиб, мамлакатда қанча миқдорда суюлтирилган газ ишлаб чиқарилиши, ишлаб чиқарилаётган суюлтирилган газ аҳолининг неча фоизи эҳтиёжини қондира олишини сўради. Ёзма саволларга ҳозирча жавоб олингани йўқ.

Шикоятлар оқимидан бир шикоят

Айни пайтда Озодликка кейинги йилларнинг куз-қиш мавсуми учун характерли бўлган электр қуввати ва газ тақчиллигига доир шикоятлар келишда давом этмоқда. 10 ноябрь куни Фарғонанинг Бағдодидан ёзган фуқарога кўра, у суюлтирилган газ тўлдирилган сўнгги баллонни сентябр охирида сотиб олган. “Газни чой қайнатиш ва бир марта овқат қилишга ишлатамиз, холос. Уй иситамиз десак, бир баллон газ икки кунгаям етмайди. Газимиз октябрь тугамай ,тугаган. Қачон келиши номаълум”, деб ёзди Бағдод тумани яшовчиси.

Бу суратни Озодликка жўнатган фарғоналикнинг айтишича, баллон, шланг ва ўтхонадан иборат бу тўплам нархи 70-80 доллар туради. Бироқ бир баллон газ бу мосламада ёқилса, икки кунга етмайди.
Бу суратни Озодликка жўнатган фарғоналикнинг айтишича, баллон, шланг ва ўтхонадан иборат бу тўплам нархи 70-80 доллар туради. Бироқ бир баллон газ бу мосламада ёқилса, икки кунга етмайди.

Бир ойда битта оилага 12 кг 600 гр., лекин тарқатиш 45 кунда бир марта

“Бағдодтумангаз” корхонаси мутахассиси (исми В.) 10 ноябрь куни Озодлик саволларига жавоб бераркан, бир томондан ҳамюртининг шикояти ўринли эканлигини тан олди, иккинчи томондан эса, аҳолининг “шикоят қилиши ўринсиз” эканини илова қилди.

“Cуюлтирилган газ таъминотида графикка тушиб олдик - 45-50 кунда етказиб бериш графигига. 1 ойда 1 оилага 12 кг 600 гр суюлтирилган газ берилиши белгилаб қўйилган. 45-50 кунда бир тарқатилиши ҳисобга олинса, ҳар бир оилага 20 килодан тўғри келади”, - деди “Бағдодтумангаз” корхонаси мутахассиси. Унинг айтишича, туман аҳолисининг 90 фоизи суюлтирилган газга ўтказилган. Бағдод туманида тақрибан 200 минг киши атрофида аҳоли яшайди.

Энергетика вазирлиги аҳолига суюқ газни 45 кунда бир марта сотишни газ баллонларига штрих кодли стикерлар ўрнатиш билан назорат қилмоқчи.

Нима учун суюлтирилган газни сотишга бу каби лимит белгилангани маълум эмас.

“Ўзбекнефтгаз” компанияси собиқ раҳбари Анвармирзо Ҳусаинов Озодлик билан суҳбатда шу кунда мамлакатда қанча суюлтирилган газ ишлаб чиқарилаётганига оид актуал маълумотга эга эмаслигини билдирар экан, бундай деди:

“Қанча ишлаб чиқарилаётганига оид сўнгги статистика қўлимда йўқлиги учун бир нарса дейишим қийин, лекин миқдор катта эканлигини айта оламан. Бироқ муаммо илдизи ишлаб чиқарилаётган суюлтирилган газнинг экспорт қилинаётганидадир”.

Анвармирзо Ҳусаиновнинг айтишича, Ўзбекистон табиий газдан ташқари суюлтирилган газни ҳам қўшни давлатларга экспорт қилади. Шу йил сентябрда Ўзбекистон Тожикистонга суюлтирилган газ экспортини йил охиригича тўхтатиб қўйгани хабар қилинган эди.

“Ўзбекнефтгаз” компанияси собиқ раҳбарининг айтишича, суюлтирилган газ аҳолига талаб даражасида сотилмаётганининг яна бир сабаби бу ёнилғининг айрим ишлаб чиқариш корхоналари, масалан, “Навоийазот” кабилар учун хомашё эканлигидадир.

Баъзи муҳим рақамлар

2019 йилнинг ёзида «Ўзбекнефтегаз» компанияси раҳбари Баҳодиржон Сиддиқов мамлакат газ экспортига оид маълумотларни биринчи марта очиқлар экан, “мамлакатда газга бўлган ички эҳтиёж 39- 40 миллиард кубометрни ташкил этиши”ни айтган, ўшанда мамлакатдаги истеъмолчиларнинг ярми суюлтирилган газга ўтказилгани айтилган эди.

Президент Мирзиëев шу йил февралида ўтказган махсус йиғинда “жорий йилда иқтисодиëт тармоқлари ва аҳолига ëқилғи маҳсулотларини барқарор етказиб бериш учун 60¸8 миллиард кубометр табиий газ керак”лигини айтган, бу эса¸табиий газга нисбатан ички эҳтиëж ҳақида расмийлар ҳозирга қадар айтиб келган рақамдан 20 млрд куб метрга кўп деганидир.

Айтилган 20 млрд куб метр етмаётгани учун ҳукумат бу йил ҳам хўжалик юритувчи субъектлар 1 ноябрдан бошлаб газ таъминотидан узилишини бидириб, уларга муқобил ёқилғи турларидан фойдаланишни тавсия қилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.

Энергетика вазири ўринбосари Беҳзод Норматовнинг ошхонадаги ўчоққа суюлтирилган газ баллонини улашга оид маслаҳати мана шу ҳолат билан боғлиқ.

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, жорий йилда Ўзбекистон "Лукойл" компаниясидан 5 миллиард куб метр газ сотиб олган.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалаларига бағишланган матбуот анжуманида гапирган Энергетика вазири ўринбосари Беҳзод Норматов "Лукойл" Ўзбекистонга газни экспорт нархидан арзон сотганини айтган.

“Лукойл” Ўзбекистонда 2004 йилдан бери газ қазиб олади. Ўтган йили ширкат 14 млрд куб метрдан кўпроқ газ қазиб олган ва бу газнинг катта қисми экспортга, асосан Хитойга кетган. 2020 йили компания Ўзбекистонда ишлаб чиқариш қувватини 16 млрд куб метргача оширишни режалаган эди.

“Ўзбекнефтгаз” компанияси собиқ раҳбари Анвармирзо Ҳусаиновнинг фикрича, Ўзбекистон давлатлар ва компаниялар билан газ қазиш ва газ сотишга доир келишувларини қайта кўриб чиқиши лозим. Масалан, жамоатчилик анчадан буён “Ўзбекнефтегаз” “Лукойл” билан тузган консорциумда “Лукойл” улуши нега 90% қилиб келишилганини тушунолмай келади.

"Бу келишувлар қайта кўриб чиқилиши, камида 50 га 50 қилиб тузилиши керак", - деди Анвармирзо Ҳусаинов.

Президент Мирзиёев 2019 йили Сенатдаги чиқишида «Лукойл» компаниясидан 600 млн доллар миқдоридаги қарздорлик ҳақида гапираркан, маҳсулотни бўлиб олиш тўғрисидаги битимни имзолаш вақтида миллий манфаатлар ҳисобга олинмаганини айтганди.

Кейинги пайтларда мамлакат жамоатчилиги аҳолини энергия манбалари, хусусан, суюлтирилган газ билан таъминлаш билан шуғулланадиган корхоналар монополист эканлигига эътибор қаратиб, муаммо ечими бу ишни хусусий секторга беришда эканлигини айтмоқда.

2015 йилдан буён амалда бўлган тартибга мувофиқ, суюлтирилган газни товар-хомашё биржасидан фақат юридик шахслар сотиб олиши ва реализация қилиши мумкин.

XS
SM
MD
LG