Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:49

Пандемияга қарши палов: Россиядаги ўзбек диаспоралари шифокорларга ош тарқатмоқда (ФОТО)


Томскдаги ўзбеклар жамоаси кунига 50 килодан ош дамламоқда
Томскдаги ўзбеклар жамоаси кунига 50 килодан ош дамламоқда

Россиянинг шарқий минтақаларидаги ўзбек миллий-маданий марказлари орасида коронавирусга қарши курашаётган касалхона шифокорлари учун палов тайёрлаш эстафетаси бормоқда.

Омск, Томск ва Кемерово ўзбеклар диаспораси вакиллари коронавирус авж олиб бораётган Россия шаҳарларида минглаб одамлар ҳаётлари учун курашаётган шифокорларга шу тариқа ҳурмат-иззат билдираётганини гапирмоқда.

Россиянинг Сибирь қисмида жойлашган шаҳарларда ўзбек диаспоралари томонидан коронавирусга қарши курашаётган тиббиёт марказларига ош тарқатиш бўйича махсус тадбирлар уюштирилмоқда.

Тадбирга аллақачон Омск, Кемерово ва Томскда жойлашган ўзбеклар жамоалари қўшилди.

Омск ўзбеклар жамоаси шифокорларга 300 порция ош тарқатди.
Омск ўзбеклар жамоаси шифокорларга 300 порция ош тарқатди.

Омскдаги “Ўзбекистонликлар ҳамдўстлиги” жамоатчилик ташкилоти раиси Баҳромбек Юсупов Озодлик билан суҳбатда коронавирус пандемияси барчанинг ҳаёти ва турмуш-тарзига жиддий ўзгартиш киритганини гапирди. Суҳбатдош ўзбек палови “Минг бир палов” фестивали доирасида тарқатилиши лозимлиги, аммо карантин чекловлари улар режасига бироз ўзгартириш киритганини айтди:

- Биз 4 йилдан бери Омскда “Минг бир палов” гастрономия фестивалини ўтказиб келардик. Ўша фестивал бу йил 1 августда Омск шаҳар байрамига мослаб ўтказишимиз керак эди. Бунга бошқа шаҳар диаспораларни ҳам таклиф қилардик. Жами 7-8 қозон бўлиб, 2- 2,5 минг одамга ош тарқатардик. Бироқ, бундай тадбирлар тақиқлангани учун сентябргача рухсат берилишини кутдик. Қарасак, қиш кириб кетяпти - форматини ўзгартириб, кўп бўлмаса ҳам, ўзимиз 3 қозон ош қилиб, коронавирус билан ишлаётган учта шаҳар касалхонасига 300 порция ош тарқатдик.

Баҳромбек Юсупов ушбу тадбир 22 октябрь куни “Ўзбек тили Кунига” бағишлаб ўтказилганини ҳам қўшимча қилди. У 50 кило дамланган палов тарқатилиши билан маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирлиги шуғулланганини билдирди.

Омск ўзбеклар жамоаси раҳбари тадбир Сибирнинг бошқа шаҳарларида ҳам давом этаётганини айтади.

- Илгари ошни етимхоналарга ҳам берардик, лекин касаллик деб у ерга ҳозир одам киритмайди. Шунга биз касалликка қарши курашаётган шифокорларга беришга қарор қилдик. Томскдаги ўзбек диаспораси Саматулло Рўзиев акамиз бошчилигида янаям кўпроқ қилиб, кунига битта қозонда 1 мингта порция ош қилиб ҳар куни тарқатишаяпти тўхтатмасдан. Улар ошни больницаларга тарқатяпти, деди Баҳромбек Юсупов.

У пандемия ортидан киритилган тақиқлар минтақада яшаётган 15 мингдан зиёд ўзбекистонликлар турмуш-тарзига ҳам жиддий таъсир қилмасдан қолмаганини айтади.

- Бизда Омскдаям коронавирус билан боғлиқ вазият оғир, баҳор ва ёздагидан ҳам касаллик кўпайган. Кунига касалланаётганлар сони 720-730 тага етган. Чекловлар баҳордагидек киритилгани йўқ. Масалан, кафелар ишлаб турибди, фақат соат кечки 11-дан эрталабки 6-гача иши тақиқланган. Ниқоб ва қўлқоп режими киритилган. Магазин ва бозорлар, қурилиш ва бошқа ташкилотлар ҳозирча ишлаб турибди. Шу учун юртдошларимиз ёздагидек қийналгани йўқ,- деди Омскдаги “Ўзбекистонликлар ҳамдўстлиги” жамоатчилик ташкилоти раиси Баҳромбек Юсупов.

2 ноябр куни Томскдаги “Дўстлик” ўзбеклар маданий маркази ҳам шаҳар касалхоналарига палов тарқатишни бошлаган. Тадбир ташаббусчилари Ўктам Маҳмудов, Саматулло Рўзиевлар биринчи 4 кунда коронавирус марказлари шифокорларига 1600 порция ош ва салат, 600 дона новвой нон шаҳарнинг 11та тиббий муассасасига тарқатилганини хабар қилди.

Ўзбек палови тарқатишда 40 нафардан зиёд ўзбекистонлик кўнгилли иштирок этгани айтилди.

Худди шундай тадбир Кемерово шаҳридаги ўзбеклар миллий-маданий маркази томонидан ҳам уюштирилди.

15 ноябр куни Россияда Covid-19 билан касалланганлар сони расман 22 778-тага бўлиб, яна рекорд кўрсаткичга етди. Коронавирусга қарши кураш оператив штаби хабарига кўра, касалланганларнинг 1/4 қисмини белгисиз касалланганлар ташкил этади.

Эпидемия бошланганидан буён Россияда 2 миллионга яқин одам SARS-CoV-2 юқтириб олган, улардан 33,5 минги вафот этган.

Россия касалланиш суръатлари бўйича жаҳонда 5-ўринда.

XS
SM
MD
LG