Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:33

Чортоқлик ногирон йигит ис газидан нобуд бўлди. Фожиага электрдаги узилиш сабаб бўлгани айтилмоқда


Ўзбекистонда трансформатор ва электр линияларининг аксарияти ўз муддатини ўтаб бўлгани айтилади
Ўзбекистонда трансформатор ва электр линияларининг аксарияти ўз муддатини ўтаб бўлгани айтилади

Наманган вилояти Чортоқ шаҳар, Мустақиллик кўчасида яшаган 25 яшар ногирон йигит Ҳикматилла Юсупов 18 ноябрь куни ис газидан вафот этди.

Гувоҳларнинг айтишича, ҳодисага электр печкага тегиб қолган кўрпанинг ёниб кетиши сабаб бўлган.

Гувоҳлардан бирининг сўзларига кўра, ўша куни кечқурун электр токи бўлмагани сабаб Ҳикматилла печкани ўчириб қўйишни унутган. Кечаси берилган электр токидан печка ишлаб кетган ва унга тегиб қолган кўрпа куйиб, ис гази чиқарган.

Чортоқ электр тармоқлари идорасининг телефонлари куни билан банд бўлгани учун ҳодиса юзасидан масъулларнинг муносабатини олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистонда ҳаво совий бошлангандан бери бу ис гази сабаб бўлган биринчи ўлим ҳодисаси эмас. Табиий газнинг йўқлиги, одамларнинг ўтин-кўмирга пули етмагани боис кўпчилик Хитой ва Эронда ишлаб чиқарилган печкалардан фойдаланади.

Марҳумнинг исми сир қолишини сўраган дўстларидан бири сўнгги кунларда электр токининг тез-тез ўчаётгани фожиага сабаб бўлганини иддао қилди.

“Ҳикматилланинг икки оёғи ишламагани билан ўзи жуда ақлли йиги эди. Мана шу ерда дўкон очиб, пайнет қиларди, телефон, электр ускуналарини ремонт қиларди. Ўтган куни ишдан совқотиб келгану, кўрпанинг тагига кириб ухлаган. Свет ўчган бўлган. Эрталаб соат бешларда синглиси қараса, уйнинг эшигидан тутун чиқяпти. Вой дод, деб ҳаммани ёрдамга чақирган. Кириб кўришса, кўрпа белигача чўғ бўлиб ёнган экан. Кечаси ток келганида печка ишлаб кетган ва кўрпаси ўшанга тегиб қолиб, ёниб кетган, дейишяпти. У аввал ис газидан ўлиб қолган, шунинг учун бўлса керак, белигача куйиб кетганини сезмаган”.

Суҳбатдошнинг айтишича, охирги ўн кунда Чортоқда электр энергияси таъминотида узилишлар кўпайган.

“Ўтган йили яхшироқ эди, бу йил эса кўп ўчяпти. Бир кунда 2-3 марта ўчиб, ёнади. Айниқса, кечки пайт, одамлар овқат қилаётган пайтда кўп ўчяпти".

Чортоқ тумани электр тармоқлари корхонасининг аҳолига берилган икки телефони ҳам кун давомида банд бўлди. Чортоқликларнинг айтишларича, аҳолидан шикоят кўп бўлгани учун улар "телефон гўшагини олиб қўйишган".

Туман ҳокимининг иш юритувчи котиби Дониёр Маҳмудов, матбуот хизмати раҳбарининг мобил телефони рақамини бериш мумкин эмаслиги, ҳоким билан гаплашиш эса, имконсиз эканини айтди.

Чортоқ туманида яшайдиган, исми сир қолишини сўраган ўқитувчининг айтишича, табиий газнинг йўқлиги ва аҳолининг қишга тайёргарлик қилиш учун қўли калталиги, бунинг устига, электр токининг тез-тез ўчирилиши вазиятни оғирлаштирган:

"Ҳар куни аҳолига энг керакли бўлган кечки пайт, соат олтиларда свет ўчади. Икки-уч соатдан кейин ёнади. Табиий газ йўқ, баллонли газ ҳам келмай, роса куйдирди. Қишлоқда, газсиз, светсиз яшаш жуда оғир. Ҳамманинг ҳам печкага ўтин сотиб олгани қурби етмайди. Президент яхши бўлади, деган эди. Лекин мана тўртинчи йил кетяптики, Каримов давридагидан яхши бўлмаяпти”.

Ислом Каримов бошқаруви даврида маҳаллий ОАВ ва интернет сайтлари ис газидан заҳарланиш ҳодисаларини ёритмас эди. Сўнгги уч йилда маҳаллий нашрлар ва сайтлар бу каби фожиали ҳолатларга эътибор қаратмоқда.

Жумладан, бу йил совуқ тушиши ортидан журналист ва блогерлар Ўзбекистонда ўнга яқин одам ис газидан заҳарланиб, ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилди.

Жорий йилнинг 13 октябрь куни Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида ёш эр-хотин ис газидан вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.

Октябр ойи охирида Ўзбекистоннинг Навоий вилояти Навбаҳор туманида икки нафар вояга етмаган ака-ука заҳарланиб ўлди.

6 ноябр куни Сирдарёнинг Боёвут туманида турмуш қурганига ҳали бир ой ҳам бўлмаган келин-куёв ис газидан заҳарланиб вафот этди.

Ўзбекистонда 18 ноябр куни қор ёғиб, ҳаво ҳарорати бирдан пасайиб кетди. Ижтимоий тармоқларда бундан аввалроқ ҳам электр энергиясининг кўп ўчирилаётгани ҳақида кўплаб хабарлар тарқалаётганди.

Ўзбекистонлик журналист ва блогерлар ижтимоий тармоқларда “Халққа электр ва газ беринг!” хештегини бошлаб юбордилар.

Журналист ва блогерларнинг “Халққа электр ва газ беринг!” хештеги
Журналист ва блогерларнинг “Халққа электр ва газ беринг!” хештеги

Ижтимоий тармоқлар, жумладан, Фейсбук оддий ўзбекистонликларнинг чироқ ўчиб қолгани ва газ йўқлигидан шикоят қилинган постларига тўла.

Иномжон Иқболжонов: “Дааааа, қишни кўмир-ўтин ёқмасдан, электрни ўзида чиқараман бу йил деб, режалаштираётган эдим. Ҳозирдан бу свет ўчишидан чучварани хом санабман шекилли. Банкларда валюта олди-сотдисида муаммолар, свет ўчишлар Каримов даври қайтиб келдимикан деган ўйларга олиб боради”.

Шуҳрат Аҳмедов: “Кислородга уланганлар бўлмасин-да, ишқилиб, Одатда 1-4 минут ичида ёнарди. Ёки электросет балансини текислаяпти”.

Абдувоҳид Сувонов: “Ренессанс дегани, чироқсиз кунлардан бошланаркан!.. Мен бўлса ренессанс сўзини тушунмай юрибман...”

Мавлоно Завқий: “Юртимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат самараси ўлароқ, гапдон амалдорларимиз шарофати билан тунда ҳар куни қишлоқ хонадонларида дискотека кечалари ва шамчироқ атрофида ўтиришга имкониятлар яратилмоқда. ДЖ пултида электросетда ишлайдиган Мамарайим Эшонбобо хизматдалар. Биз билгандик, биз кутгандик, шунақа бахтли кунлар келишини. Қўлингиз дард кўрмасин, Эшонбобо))))”

Ўзбекистон энергетика вазирлиги расмий сайтида 10 ноябрь куни “Электр энергияси узилишларининг сабаблари нимада ва бу йўналишда қандай ишлар қилинмоқда?” деган саволга жавобда узилишлар ҳануз рўй бераётганини тан олган ва вазиятни бундай тушунтирган эди:

“Ҳозирги кунда фойдаланилаётган энергоқурилмаларнинг 50 фоизигача 30-40 йил давомида фаолият кўрсатади. Уларнинг жисмонан ва маънан эскириши ушбу энергоблокларнинг ишдан чиқишига олиб келади, бу эса электр станцияларининг айрим энергоблокларида узилишлар юз беришига олиб келади. Одатда уларни таъмирлаш учун 3-5 соат вақт кетади. Ушбу ҳолатлар қисқа муддатли электр узилишларининг сабаблари ҳисобланади”.

XS
SM
MD
LG