Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:37

Газдан узилган, кўмирга пули йўқ аҳоли ёқишга дов-дарахт, Экология эса жаримага одам қидирмоқда


Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши ортидан газдан узилган аксар аҳоли электр таъминотисиз ҳам қолмоқда
Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши ортидан газдан узилган аксар аҳоли электр таъминотисиз ҳам қолмоқда

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин пасайиши ортидан бошланган энергетик коллапс аҳолининг камбағал қисмини оғир аҳволда қолдирди.

Кейинги кунларда Озодликка турли вилоятлардан келаëтган юзлаб мурожаатларда совуқда қандай жон сақлаш аҳолининг асосий муаммосига айлангани кўрилади.

Газ ва свет йўқ¸кўмирга эса қурби етмайдиган камбағал қатлам исиниш учун дарахт кесишга мажбур бўлаëтганини айтса¸ Экология қўмитаси инспекторлари совуқ тушган айни кунларда раҳбарият аҳолини жаримага тортишни кескин кўпайтиришга мажбурлаëтганини билдирди.

“Янгиланаëтган Ўзбекистон?”

Озодликка боғланган Бухоро ва Навоий вилоятида яшовчи аҳоли вакиллари айни кунларда қандай исиниш ҳаëт-мамот масаласига айланганини айтади.

Марказий Осиëдаги йирик газ конларидан бири бўлган Қандим комплексидан саноқли километр масофада жойлашган Олот туманининг аксар аҳолиси айни кунларда газсиз¸ электрсиз қолган.

«Қандим заводдан газ чиқиб ёниб ётибди¸ лекин бизга берилмайди. Ҳар йили чўлдан ўтин олиб келардик ёки олиб келадиганлардан сотиб олардик. Лекин бу йил чўлдан ўтин оладиганларни экология босяпти¸ босгандаям жуда катта суммага штраф қилаяпти. Ҳовлимизда кесишга дарахт қолмади¸ қолганини баҳордаги тўфон йўқ қилди. Қарағон ва бошқа дарахт ëқсак¸ бирпасда ўчиб¸ уйни иситмайди. Саксовул сўраб борганда, ҳокимликдагилар кўмир ол¸ дейди. Кўмирнинг энг арзони 350 минг¸ бу ҳам ëнмайдиган кул. Яхшисининг тоннаси 700 минг. Пандемия пайтида даромадсиз қолдик¸ яхши кўмирга пулимиз йўқ. Мирзиëевнинг “янгиланаëтган Ўзбекистони” газсиз¸ светсиз¸ кўмир ва ўтинсиз тирик қолиш мусобақаси бўляпти”¸ - дейди Озодлик гаплашган олотликлардан бири.

Озодликка боғланган ўзбекистонлик ўқитувчи оиласини совуқдан омон сақлаш учун имкон ниҳоятда торайгани ва ҳозирда шу каби ўтин-пайраха ëқишга мажбур қолганини айтади
Озодликка боғланган ўзбекистонлик ўқитувчи оиласини совуқдан омон сақлаш учун имкон ниҳоятда торайгани ва ҳозирда шу каби ўтин-пайраха ëқишга мажбур қолганини айтади

"Кунига 10 одамни жаримага тортиш буюрилган!"

Озодлик билан шахси очиқланмаслигини сўраб гаплашган Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш давлат қўмитасининг айрим инспекторлари айни кунларда ўзларига аҳоли ва тадбиркорларни турли баҳона билан жаримага тортиш ҳақида кескин буйруқ берилганини айтади.

Бир томондан¸ чўл зонаси учун саксовул ниҳоятда муҳим бута саналади. Лекин бошқа томондан¸ ҳозир гап одамларнинг совуқдан тирик қолиши ҳақида кетяпти. Газ йўқ¸ ҳаво совуқ¸ битта саксовул ëки рўйхатга киритилган дарахт кесса¸ тамом¸ жуда катта жарима. Мажбурмиз дарахт кесганларни қидириб юришга. Бечора халққа жуда қийин. Биз ҳам қийналиб кетдик. Ҳар кун тонгда 6:30-7 да Тошкентдан видеоселектор қилади¸ одам топ¸ жарима қил¸ дейди. Электр йўқ бўлса¸ интернет узилса¸ бунақа мажлисбозликнинг кимга кераги бор?"

Экология қжмитаси инспекторлари томонидан Озодликка юборилган ҳужжатлардан бирида¸ 24 ноябрь куни бутун республика бўйлаб ҳудудий бошқарма мулозимларининг эрталаб соат 7 да видеоселектор йиғилишида қатнашиши буюрилган.

24 ноябрь кунги мажлис кун тартибига “аҳолидан ундириладиган тўловларни” кўпайтириш масаласи ҳам киритилгани кўрилади.

Бундай видеоселекторларнинг мунтазам ўтказилаëтгани ҳақидаги маълумотни рад қилган Экология қўмитаси матбуот хизмати мулозими аҳолини қишнинг совуқ кунларида дарахт кесиш учун жаримага тортишни кўпайтириш ҳақида махсус буйруқ борлигини ҳам инкор қилди.

Одамлар ўз томорқасидаги дарахтни кесиши мумкин. Кейин қўмита томонидан кесишга мораторий эълон қилинган дарахтлардан бошқа дарахтларни ҳам кесиш мумкин. Лекин бунда ҳам табиатга зиëн етказмаган ҳолда. Аммо саксовул ва расмий рўйхатга киритилган бошқа дарахтларни кесиш учун бир неча миллион сўмгача жарима солинади”¸- деди қўмита мулозими.

Янги жиноятчилик – исиниш учун ўтин ва кўмир ўғирлиги

Давлат тизимлари аҳолининг фундаментал ҳуқуқи саналган қишда исиниш ҳаққини таъминлай олмаëтган айни кунларда маҳаллий матбуот Ўзбекистонда кўмир ва саксовул ўғирлиги кўпайгани ҳақида хабар бермоқда.

Ўзбекистон давлат телекомпанияси саксовул ўғирлиги ҳақида махус репортаж тайëрлаган бўлса¸ “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ юриб кетаëтган поезд вагонларидан кўмир ўғирлаш ҳолатлари фош қилинганини расман хабар қилди.

Айни пайтда на давлат матбуоти ва на аҳолини сифатли ва арзон кўмир билан таъминлашга масъул давлат компанияси совуқ тушган айни кунларда бу каби ўғирликларнинг кўпайгани ортидаги асосий сабаб – мамлакатдаги энергетик коллапс ҳақида лом-мим демаëтир.

Ўзбекистон темир йўллари АЖ ахборот хизмати поезд устидан кўмир ўғирлаётган одамлар ҳақида маълумот берди. Маълумотда келтирилган расм Ўзбекистонда энергетика соҳасидаги ҳалокатнинг рамзи десак ҳам бўлади.

2010 йилда Ўзбекистоннинг энг йирик муаммоларидан бири электр токи ва газ эди. 10 йилда ҳам вазият ўзгармади. Бу кетишда 2030 йилда ҳам шу муаммони асосийлардан бири сифатида тилга оламиз.

Эслатиб ўтаман, бугун 2020 йилнинг 20 ноябрь куни, 1920 йилнинг эмас
”¸ дея шарҳлади Ўзбекистондаги ўтин ва кўмир ўғирлиги ҳақидаги расмий хабарларни мустақил блогер Аллаев ўз Телеграм каналида.

XS
SM
MD
LG