Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:33

Zo’rTV журналистлари газ-свет муаммоси ва митингларни ёритмаслик ҳақида огоҳлантирилди


Zo’rTV 11 ноябрь куни намойиш этган лавҳадан газ талаб қилиб чиққан аҳоли билан Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоеванинг учрашуви ҳам ўрин олган - скриншот
Zo’rTV 11 ноябрь куни намойиш этган лавҳадан газ талаб қилиб чиққан аҳоли билан Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоеванинг учрашуви ҳам ўрин олган - скриншот

Zo’rTV хусусий телеканалининг жойлардаги мухбирларига аҳолининг газ-свет тақчиллиги ва бу каби муаммолардан норозилигини ёритмаслик ҳақида кўрсатма берилган.

Озодликка боғланган бир неча журналистга кўра, Қарши туманида аҳолининг норозилик йиғини акс этган лавҳа эфирга берилгач, таҳририят Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) томонидан огоҳлантирилган.

Журналистларга ТВ раҳбарияти йўллаган кўрсатмада, "АОКА ва бир қатор идоралар" эътирози боис оммавий йиғилишларни ёритмаслик, зарурат пайдо бўлса, норозилар орасидан "бир кишини четга тортиб, алоҳида интервью қилиш” сўралади.

Телеканал маъмурияти журналистлар фаолияти чекланаётганини рад этди ва аҳоли мурожаатлари ўрганилаётгани ҳамда эфирга олиб чиқилаётганини таъкидлади.

“Ҳоким билан юзма-юз”


Zo’rTV хусусий телеканали билан ҳамкорлик қилган маҳаллий журналистнинг хабар қилишича, телеканалнинг Қашқадарё вилоятидаги мухбири 11 ноябрда эфирга узатган лавҳадан кейин маҳаллий мухбирлар фаолиятига чекловлар ўрнатилган.

“Қарши туманида свет-газ муаммосидан норози одамларнинг чиқиши ва ҳоким билан учрашуви Bu kun ахборот дастурида кетган эфирга. 11 ноябрь куни “Ҳоким билан юзма-юз” деган. Ўшандан кейин бошланди. Муҳаррирлари буларга айтган, аҳолини оммавий йиғилишларини эфирга олиб чиқманглар, бизга тепадан роса қаттиқ гап тегди, деб”, - деди исмини ошкор қилмасликни сўраган журналист.

У тилга олган лавҳада – Қарши тумани аҳолиси ва ҳокими Мақсуда Мустафоеванинг тортишувлари акс этган. Аҳоли ҳокимдан табиий газ билан таъминлашни, уларнинг оғир аҳволини уйларига бориб кўришни талаб қилади. Ҳоким эса бу масалани республика раҳбарияти ҳал қилиши мумкинлигини айтиш билан чекланади.

Ҳоким йиғилганларга "cизларнинг овозингизни аслида бу даражада кўтартираётган нарса мана шу матбуотимиз", дейиши ортидан аҳолининг норози оҳангдаги ҳайқириқлари эшитилади.

Муҳаррир: Топшириқ шундай

Маҳаллий журналистга кўра, лавҳа эфирга узатилгач, телеканалнинг иижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойланган, аммо қисқа фурсат ичида олиб қўйилган.

26 ноябрь куни бу лавҳа телеканал сайти ва тармоқларидаги саҳифаларидан топилмади. Аммо ўзбекистонлик журналист Озодликка тармоқлардан олинган видеолавҳани ҳам тақдим қилди.

Zo’rTVда 11 ноябрь куни эфирга узатилган лавҳа
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:38 0:00

“Ўша куни журналистга МХХдан, ТВ раҳбарларидан қўнғироқ бўлган. Кейин эса, вилоятлардаги мухбирлар юборган лавҳалар эфирга берилмаган. Куни кеча ўша ахборот дастурининг муҳаррирлари журналистларга ана шу лавҳадан кейин ахборот кўрсатуви тепадан қаттиқ назорат қилинаётганини айтишибди. У журналистнинг лавҳалари эфирда кетмаяпти”, - деди исмини ошкор қилмасликни сўраган маҳаллий журналист.

У телеканал мухбирларига Телеграм тармоғида йўлланган бир неча кўрсатмани Озодликка тақдим қилди.

Жумладан, телеканал муҳаррири йўллаган кўрсатмада айтилишича, “АОКА ва яна бир қатор ташкилотлар” томонидан айнан Zo’rTV да Қаршидан узатилган лавҳада норозилик намойиши кўрсатилган ва бу “давлат имижига минус таъсир қиладиган ҳолат”, деган эътироз билдирилган.

Муҳаррир шундан келиб чиқиб ўз мухбирларига, "50 та одам йиғилган бўлса ҳам, бир кишини четга тортиб олиб, интервью қилишни тайинлайди". Унинг сўзларига кўра, " топшириқ шундай".

Озодлик Қаршидан йўлланган лавҳа муаллифи – қашқадарёлик журналист Зиёвуддин Ҳасанов билан боғланди. Журналист бу борада бирор изоҳ беролмаслигини билдирди.

Zo’rTV телеканалида эфирга бериладиган Bu kun ахборот дастури таҳририяти вакили Маъруфхўжа Хўжанқулов, Озодлик мухбири билан микрофонсиз мулоқотда АОКА томонидан чеклов қўйилгани ёки огоҳлантириш бўлганига оид шикоятларни рад этди.

Унинг сўзларига кўра, "аҳоли мурожаатлари ўрганилмоқда ва эфирга берилмоқда".

Zor'rTV журналистларининг аҳоли муаммолари ва норозилик чиқишларини ёритмаслик тўғрисида огоҳлантирилгани ҳақидаги хабар қатор мустақил нашрларга ўхшаш мазмунда расмий Огоҳлантириш хати юборилган пайтга тўғри келмоқда.

26 ва 27 ноябрь кунлари Kun.uz, Gazeta.uz, Podrobno.uz ва Daryo.uz нашрлари Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Асаджон Ходжаевнинг Огоҳлантириш хати ва унга таҳририят жавобини эълон қилди.

Мустақил нашрлар танқидий чиқишлар учун "жиддий ҳуқуқий оқибатлардан" огоҳлантирган АОКАни ўзларига босим ўтказишга уринишда айбламоқда.

XS
SM
MD
LG