Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:22

АОКА можароси: Хориж элчилари ўзбек матбуоти ҳимоясига чиқди - Алламжонов ва Мирзиëева жим


Ўзбекистонда совуқ тушиши билан бошланган ижтимоий инқироз нафақат энергетика тизими, балки мамлакатдаги сўз ва матбуот эркинлиги учун ҳам жиддий синовга айланмоқда.

25-26 ноябрь кунлари жамоатчилик Ўзбекистондаги етакчи интернет нашрларининг Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан очиқ зиддиятига гувоҳ бўлди.

Аввалига Кун.уз¸сўнгра Газета¸ Дарë ва Подробно. уз нашрлари АОКА раҳбари Асаджон Ходжаев юборган “Огоҳлантириш хати” нусҳасини чоп этибгина қолмай¸ унга ўз таҳририй муносабатини ҳам эълон қилди.

Кун.уз таҳририяти бу хатни “журналистик фаолият эркинлигига босим ўтказиш” деб баҳолаган бўлса¸ Газета.уз унинг мундарижасини матбуотни «ноқулай» саволлар беришни тўхтатишга мажбур қилиш, дея изоҳлади.

Ходжаевдан айни мазмунда огоҳлантириш олган Дарë.уз бош муҳаррири Муҳрим Аъзамхўжаев бу хатни босим эмас¸ балки “ ҳаддан ортиқ ўринсиз ва мантиқсиз огоҳлантириш” деб билишини ëзди.

АОКА раҳбари хатини эълон қилиб¸ унга ўзига хос “қизил карточка” кўрсатган бу нашрлар¸ айни пайтда¸ президент маъмурияти ва ҳукуматга ëқмайдиган хабар ва мулоҳозаларни бергани учун расмий таҳдид олган ҳамкасбларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Хориж элчилари “ҳайрат ва қайғуда”

Ҳаво совуши билан Ўзбекистонда юз берган энергетик коллапс ва COVID эпидемиясига оид асл статистиканинг жамоатчиликдан яширилаëтгани шу кунларда аҳолини хавотирга солаëтган асосий муаммолар бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистондаги етакчи нашрларнинг долзарб муаммоларни ëритгани учун Президент Администрациясидан таҳдид хати олгани юзасидан Буюк Британия ва Германиянинг Ўзбекистондаги элчилари ҳам ўз хавотирини билдирди.

"АОКАнинг оммавий ахборот воситалари ривожланишини қўллаб-қувватлаш ëндашувининг қанчалик ўзгарганини кўришдан ҳам ҳайрат¸ ҳам қайғудаман. Кучли ва эркин ва матбуотсиз демократик жамият қуриб бўлмайди"¸ деб ëзди ўз Twitter каналида Британиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Tim Torlot 26 ноябрь куни.

27 ноябрь куни Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига оид Twitter акаунтида элчи Gunter Overfeldнинг АОКА ва маҳаллий нашрлар ўртасидаги зиддиятга муносабати эълон қилинди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг кун.уз, газета.уз ва бошқа ОАВ ларга нисбатан қилган танқидидан ҳайрон бўлдим: агар аҳоли томонидан газ ва электр энергиясини етказиб бериш хизматларининг ёмон ишлаётгани ҳақида хақли танқид бўлса, матбуот ҳам бу ҳақда хабар беришга хақли. Бу давлат агентлиги томонидан ОАВ ларни танқид қилиш учун сабаб эмас. Матбуот жамоатчилик муҳокамасида ўз вазифасини бажаради холос”¸ деб ëзди Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси.

Комиловнинг эркин матбуотни қўллаган твити фейк бўлиб чиқди

Етакчи Ғарб давлатлари элчиларининг Ўзбекистондаги сўз эркинлигини ҳимоя қилувчи твитлари билан бир вақтда Twitterдаги @a_h_kamilov акаунтида қуйидаги пост пайдо бўлди.

"Биз очиқ сиёсат тарафдоримиз, Ўзбекистон ҳар доим оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш ва барча журналистларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр"¸ дейилди бу постда.

Айрим блогерлар томонидан олқишланганидан саноқли дақиқалар ўтиб¸ Ташқи ишлар вазирлиги бу аккаунт ва ундаги постнинг на Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва на вазирликка алоқаси борлигини билдирди. Кўп ўтмай¸ бу акаунт Twitterдан бутунлай ўчирилди.

Маҳаллий блогерларга кўра¸ бу аккаунт кўпдан мавжуд бўлган¸ хориж¸ хусусан¸ Ҳиндистон¸ Афғонистон¸ ҳатто АҚШ дипломатик идоралари бу аккаунтда қўйилган хабарларни кузатиб келган. Шунга қарамай, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирга қадар унинг “фейклиги”ни очиқлашга ошиқмаган.

Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизматининг Озодлик гаплашган мулозими¸ Twitterдаги бу аккаунтнинг айнан матбуот эркинлигини қўллаш ҳақидаги постдан сўнг “фейк”ка чиқарилишини ундаги хабарларнинг ҳозирга қадар кенг ëйилмагани билан изоҳлади.

Ижтимоий тармоқларда ҳамма машҳур одамлар номига очилган саҳифалар бор. Абдулазиз Комилов номида ҳам бўлган¸ лекин унга деярли ҳеч ким эътибор бермаëтган эди. Бугун ана шу сохта аккаунтдаги постни тарқатиш бошланиб кетгандан сўнг, биз шундай аниқлама беришга мажбур бўлдик. Вазирлик расмий сайтида ижтимоий тармоқлардаги расмий каналларимизга ҳавола берилган. У ерда кўрсатилмаган аккаунтларнинг ҳаммаси фейк”.

Миллий матбуотни қўллаш учун грант олаëтган жамоат фонди сукутда

Ўзбек матбуоти ва Президент Администрациясига қарашли АОКА ўртасидаги очиқ зиддият ҳақида кейинги уч кун давомида ўз позициясини билдирганлар рўйхатида ҳозирча миллий матбуотни ҳимоя қилиш иддаоси билан президент қизи тандемида тузилган фонд йўқ.

АОКАнинг қайта ташкил этилишида бош-қош бўлган Комил Алламжонов ва президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиëева жуфтлиги¸ бу агентликни бир йилча бошқарганидан сўнг¸ Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди деб номланган янги тузилма таъсис қилди.

Бу фонд ҳам маҳаллий¸ ҳам хориж жамоатчиликнинг айнан ўзбек матбуотидаги эркинликни ривожлантириш учун берилган пуллари ҳисобига фаолият юргизади.

("Мутлақ шаффофлик” ҳақидаги ваъдаларга қарамай¸ фонд ҳозиргача жамоатчиликка молиявий ҳисобот тақдим қилган эмас – таҳр.)

Комил Алламжонов жорий йилнинг 3 февраль куни янги жамоат фондини Ўзбекистондаги барча журналист ва блогерлар овози, деб тақдим қилган ва ўз вазифаси уларни давлат тизимларининг ҳар-хил босимларидан ҳимоялаш эканини иддао қилган эди.

2019 йил ëзида Лондонда ўтказилган матбуот эркинлиги бўйича глобал конференцияда Ўзбекистон раҳбарияти намояндаси сифатида гапирганида ҳам Алламжонов ўзини бу эркинлик кафолати сифатида тақдим этган.

Айни пайтда маҳаллий нашрлар авваллари кўрилмаган бир тарзда миллий матбуот эркинлигига таҳдиддан бонг ураётган пайтда АОКА раҳбарининг таҳдидли хатига нисбатан Комил Алламжонов бор-йўғи¸ “Эхх...No comment” деган пост қолдирди ва унга оғзи тикилган emoji суратини илова қилди.

Ҳозир ҳам президентнинг тўнғич қизи билан тандемда ишлаëтган Алламжоновнинг бевосита ўз ваколатига кирадиган муаммо юзасидан бундай сирли пост қолдириши сабаби тушунарсиз қолмоқда.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг яна бир раҳбари¸ одатда тармоқларда қизғин баҳс уйғотган мавзуларга муносабат билдириб келадиган Саида Мирзиëева ҳам охирги уч кунда сўз эркинлиги ҳимоясига бирон сўз айтмади.

Мирзиëеванинг Facebook ва Twitterдаги саҳифаларида қолдирилган энг сўнгги хабар 24 ноябрь куни АҚШ мулозими билан ўтказилган видеосуҳбатга оид.

АОКА ўзини ҳимоя қилиб чиқди

27 ноябрь куни АОКА баёнот эълон қилиб, мустақил нашрларга йўллаган Огоҳлантириш хатларини ҳимоя қилиб чиқди. Айни баёнотда таҳририятга йўлланган хатлардаги асосий нуқталар яна бир марта урғуланган.

"Агентлик Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади. Шу боис аниқланган қонун талабларига риоя этмаслик ҳолатлари юзасидан огоҳлантириш, кўрсатма ва тақдимномалар бериш ваколатига эга.

Хусусан, 20-23 ноябрь кунлари оммавий ахборот воситаси сифатида давлат рўйхатига олинган “Kun.uz”, “Daryo.uz”, “Gazeta.uz”, “Podrobno.uz”, “Repost.uz” веб-сайтларига амалдаги қонунчилик талабларига мос келмайдиган ахборотларни тарқатиш ҳолатлари бўйича огоҳлантириш хатлари юборилгани шулар жумласидандир.

Масалан, “Kun.uz” сайтида ижтимоий тармоқлардаги айрим фойдаланувчиларининг турли шарҳлари, ҳақоратли фикрлари ва чақириқлари жамоатчилик фикри сифатида тақдим этилган.

Шунингдек, 17 ноябрь куни “Gazeta.uz”, “Daryo.uz”, “Podrobno.uz”, “Repost.uz” веб-сайтларида жойлаштирилган материалларда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар статистикаси шубҳа остига олинган ва ушбу масала юзасидан расмий изоҳлар тақдим этилмаган.

Агентлик журналистиканинг асосий мақсади — жамиятга ҳар томонлама текширилган, барча нуқтаи назарлар мужассамлашган, холис ахборотни масъулият билан етказишдан иборат эканига ишонади", дейилади расмий баёнотда.

Айни пайтда АОКА "мамлакатда сўз ва матбуот эркинлигини кафолатлаши"ни таъкидлайди.

Президент Шавкат Мирзиëевнинг 2019 йил 2 февраль кунги қарори билан таъсис этилган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги “ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи ҳамда оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича ваколатли орган” деб белгиланган.

Бунга қадар Вазирлар Маҳкамаси таркибига кирган тузилма 2019 йил февралидан эътиборан тўғридан-тўғри Президент Администрациясига бўйсундирилган эди.

Матбуот Мирзиёев даврида Ўзбекистон нисбатан очиқликка эришган кам сонли соҳалардан бири сифатида эътироф этилади. Ғарблик дипломатлар бу соҳадаги очиқликни сақлаб қолиш ва кенгайтириш муҳимлигини таъкидлаб келадилар.

Аммо АОКА ҳамда мустақил нашрлар ўртасида юз бераётган сўнгги зиддият матбуотга алоқадор тузилмаларнинг қанчалик очиқлиги, журналистларнинг нақадар эркинлиги ҳамда матбуотнинг қандай бошқарилаётгани билан боғлиқ қатор саволларни ўртага чиқармоқда.

XS
SM
MD
LG