Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:05

Жиззахлик фермерлар “Обод қишлоқ” дастури учун 3 миллион сўмдан пул ўтказишга мажбурланмоқда


Фермерлар кўп ҳолларда ўз арзу шикоятларига расмийлардан жавоб ололмагани учун тўпланишиб ҳокимликка боришади. Илююстратив сурат
Фермерлар кўп ҳолларда ўз арзу шикоятларига расмийлардан жавоб ололмагани учун тўпланишиб ҳокимликка боришади. Илююстратив сурат

Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани ҳокими Улуғбек Узоқов “Обод қишлоқ” дастури учун фермерлардан 3 миллион сўмга чек талаб қилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка гапирган фермерларнинг иддао қилишича, ҳоким йўқ ердан тендер уюштириб, чек бермаганларни тендерда қатнаштиргани қўймаяпти.

Фермерлар фақат кластер билан шартнома тузиб ишлаганликлари учун ҳокимнинг бу ҳаракатини "фермерлар мустақиллигига қилинган тажовуз" сифатида баҳолашмоқда.

Туман ҳокимининг ахборот хизмати раҳбари Бердиёр Қораев Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортди.

Жиззахлик фермерлар юборган шикоятда, жумладан, бундай дейилган:

“Дўстлик тумани ҳокими мажбурлаб фермерлардан 3 миллион сўмга чек олмокда. "Обод қишлоқ”қа ишлатармиш. Чек бермаганларни тендердан ўтказмаслик йўли билан қўрқитиб, ундириб олаяпти. Мажбурий пул олиш бу пора эмасми? Шу масалада ёрдам беришларингизни сўрардик”.

Озодлик шикоят ёзган фермерлардан бири билан боғланди. Ҳоким томонидан тазйиқ бўлишидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган фермернинг айтишича, гарчи аксарият фермерлар шартномадаги мажбуриятни ортиғи билан бажарган бўлса-да, лекин ҳоким улардан пул ундириш учун тендер ўтказмоқда:

“Ҳукумат томонидан ҳеч қандай оптималлаштириш тўғрисида қарор бўлмаган. Лекин шунга қарамасдан, ҳоким Улуғбек Узоқов фермерлардан пул ундиришнинг янги йўлини ўйлаб топди. Ҳаммамиз шартномани бажарганмиз, қолаверса, шартномамиз фақат кластер билан. Ҳокимлик бизнинг ишимизга аралашмаслиги, пулимизга хўжайин бўлмаслиги керак. Энди, сектор раҳбарлари, банк ходимларини йиғиб битта-битта фермерни чақириб 3 миллион сўмга чек бердингми, деб сўраяпти. Йўқ деса ўт бу ёққа, сен тендердан ўтмадинг, ерингни оламиз, деяпти. Ким чекни берган бўлса, унга бошқа савол бермай, сенга жавоб деяпти. Бунақа зўравонлик яна қаерда бор?”.

Исми сир қолишини сўраган бошқа фермернинг айтишича, улар бўш банк чекига имзо қўйиб беришга мажбурланмоқда:

“Бизда иш ҳақи оладиган оддий чек қоғозимиз бор. Ўшандан битта варақни кесиб, ҳеч нарса ёзмасдан имзо қўйиб беряпмиз. Буни ҳоким ёрдамчисига топширишимиз керак. Уларнинг айтишича, ўзлари ўшнаи банк орқали бизнинг ҳисобимиздан уч миллион сўм олар экан. Лекин уч миллион оладими, беш миллион оладими, бунисини ҳам билмаймиз. Аслида бундай бўш чекни бериш ноқонуний, лекин шунга мажбур қилишяпти. Чек бермаган фермерга аризанги ёз, деяпти”.

Озодлик суҳбатлашган учинчи фермер эса, ҳоким бу пул уларга давлат томонидан бериладиган субсидиядан ушлаб қолинишини айтган:

“Президентимиз Шавкат Мирзиёев энди фермерлар фақат кластер билан ишлайди, ҳокимлар уларнинг ишларига аралашмайди, деган эди. Бу йилдан бошлаб буғдой ва пахта харид нархлари эркин бўлди. Лекин барибир ҳокимларнинг фермерлар ишига аралашиши тўхтамаяпти. Пул керак бўлса, ёпишадигани фермерлар. Қайси даромадимиздан оласизлар бу пулни деб сўрасак, субсидия келади, ўшандан оламиз дейди. Субсидия келадиган бўлса, давлат уни фермерга ёрдам сифатида берадику, бирор қарзингга ишлат, бирорта техника сотиб ол, деб. Туман бўйича қарийб 450та фермер бор. Ҳар биридан уч миллиондан олса, биласизми қанча бўлади? Ана 400тасидан ҳам олди дейлик, 1 миллиард 200 миллион сўм бўлади. Бу ҳазилакам пулми? Қчачон ҳокимларнинг ўзбошимчалигига чек қўйилади? Мен қўшни вилоятлардан сўрадим, уларда бунақа ҳолат йўқ”.

Озодлик фермерларнинг бу иддаоларига муносабат олиш учун Дўстлик тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Бердиёр Қораев билан боғланди. Аммо Қораев Озодлик сўзини эшитиши биланоқ алоқани узиб қўйди ва у билан қайта боғланиш имкони бўлмади.

Туман ҳокимлигининг ўзини Соҳибжон деб таништирган мулозими, фермерлар иддаоларини ва Озодлик телефонини бирма-бир ёзиб олгач, ҳоким мажлисдан чиқиб, ўзи қўнғироқ қилишини айтди. Бироқ кун давомида ҳокимликдан қўнғироқ бўлмади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 4 февраль куни қишлоқ хўжалигида кластерлар фаолиятини янада ривожлантириш масалалари бўйича ўтказган йиғилишида ҳокимларнинг фермерлар ишига аралашмаслигини айтган эди.

“Пахта ва ғалла етиштиришга давлат буюртмасини бекор қилиб, ушбу маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига босқичма-босқич ўтамиз. Агар бу йўлдан бормасак, фермер ва деҳқонларимиз маҳсулот етиштиришда эркин бўлмайди, улар ўзлари кутганларидек манфаат кўрмайди, ҳокимларнинг эса иш услуби ўзгармайди”, - деган Шавкат Мирзиёев.

Президент бу соҳада давлат аралашувини кескин камайтириш билан бирга, ҳокимларнинг режа ортидан қувиш ва мажбурий меҳнатга жалб қилиш амалиётига бутунлай чек қўйилишини айтган эди.

Аммо Озодликка келаётган хабарларга кўра, ҳокимларнинг фермерлар фаолиятига аралашиши, улардан режа талаб қилиш амалиёти ҳали ҳам давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG