Линклар

Шошилинч хабар
07 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:43

Ўзбекистон Россиянинг "Спутник-V" вакцинасини сотиб олмоқчи. Қанчага ва қандай етказилиши ҳозирча номаълум


Россиянинг "Sputnik-V" вакцинаси синов босқичида - Москва, 17 сентябрь, 2020
Россиянинг "Sputnik-V" вакцинаси синов босқичида - Москва, 17 сентябрь, 2020

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2020 йил охири ва 2021 йил бошларида COVID-19га қарши Россия ишлаб чиқарган "Спутник-V" вакцинаси синовини бошлашни режалаштирмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги сентябрда Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди (РТИФ) билан Ўзбекистондаги Laxisam фармацевтика ширкати 2020-2021 йилларда 35 миллион доза "Спутник-V" вакцинасини етказиб бериш бўйича келишувга эришганини тўғрисида маълум қилган.

Россия вакцинаси икки давлат президентлари - Путин ва Мирзиёевнинг 30 ноябрь куни ўтган телефон мулоқотининг ҳам асосий мавзуларидан бири бўлгани хабар қилинди.

Бу - Россия вакцинаси муваффақиятли равишда синовдан ўтса, Ўзбекистон 34 миллиондан ортиқ аҳолига етадиган вакцинани тўлиқ Россия вакцинасини сотиб олиши мумкинлигини англатади.

Аммо Россия яқин ойларда етарли даражада вакцина ишлаб чиқаришни йўлга қўя оладими ва Москва қўшнилар ёки иттифоқчиларга узоқ кутилган эмлаш воситасини қандай имтиёз ва шартлар билан тақдим қилиши мумкин, деган саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда. Аввалроқ президент Путин Франция президенти Макронга "Спутник-V" вакцинасини биргаликда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни таклиф қилган эди.

Канадада COVID-19 беморлари билан ишлаётган 51 яшар ўзбекистонлик тиббиёт ходими, химик Обид Мамадалиевга кўра, аҳолига COVID-19 га варши вакцина етказиб бериш борасида Ўзбекистон ҳукумати ташлаётган қадамлар таҳсинга лойиқ.

Аммо асосий гап вакцинанинг аҳолига етказилиши ва бу эмлаш жараёнининг тўғри ташкил этилишидадир.

- Бу ҳақда ҳали бирор аниқ расмий маълумот йўқ. Яъни эмлаш жараёни қандай ташкил қилинади, вакцина аҳоли учун амалда бепул бўладими – бу ҳали номаълум. Мисол учун, Канадада бошидан бепул бўлиши расман айтилди. Ҳозир Ўзбекистон Россиядан оладиган вакцинанинг якуний нархи номаълум. Мамлакатга етиб бориши 4 АҚШ долларидан ўртача 10 долларигача етган тақдирда, 10 аъзоси бор оила учун 100 АҚШ долларига айланади ва аксар чекка ҳудудларда оилалар вакцина учун маблағ тополмай қолиши мумкин. Шунинг учун, касал одамни даволашдан кўра, эмлаб касалликнинг олдини олиш ҳукуматлар учун арзон тушишини унутмаслик керак, - деди Мамадалиев.

У Ўзбекистон ва дунёда вакцина синовлари ҳамда ишлаб чиқариш жараёнига оид Озодлик саволларига жавоб берди.

Қуйида Мамадалиев билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:15 0:00
Бевосита линк

Ҳозир дунё миқёсида синовлардан муваффақиятли ўтган бир неча вакцинанинг номи маълум:

- АҚШнинг Moderna ширкати тайёрлаган вакцина, ўртача самарадорлиги 94,5 фоиз, - 20 даража совуқда сақланиши лозим, ўртача тахминий нархи 25-37 АҚШ доллари,

- АҚШнинг Pfizer ширкати билан Германиянинг BioNTech ширкати тайёрлаган вакцина, ўртача самарадорлиги 95 фоиз, -70 градус ҳароратда сақланиши ва ташилиши лозим, ўртача тахминий нархи 18 АҚШ доллари,

- Британиядаги AstraZeneca ширкати тайёрлаган вакцина, ўртача самарадорлиги 70 фоиз, 2 дан 8 градусгача температурада сақланиши мумкин, тахминий ўртача нархи 4 АҚШ доллари.

- Россиянинг «Спутник V” вакцинаси, ўртача самарадорлик даражаси 92 фоиз, 2 дан 8 градусгача температурада сақланиши мумкин, нархи тақрибан 4 АҚШ доллари бўлади, дейилмоқда.

Расмий баёнотларга кўра, Россия вакцинасини Ўзбекистонга олиб келиш ва тарқатиш ваколати Ўзбекистондаги Laxisam ширкатига берилган.

Бу оилавий хусусий ширкат 1994 йилдан бери Ўзбекистон фармацевтика бозорида ишламоқда. Сайтида бу ширкатнинг Minophagen Pharmaceuticals (Япония), Dong Kwang Pharm (Корея), Chemical Works of Gedeon Richter Plc (Венгрия) каби хорижий ширкатлар билан ҳамкорлик қилиши айтилган.

Ҳозирча, коронавирусга қарши вакцинани олиб келиш ва аҳолига етказиш масъулияти нега айнан ушбу ширкатга берилганига аниқ расмий изоҳ йўқ.

Айни пайтда, ССВ Ўзбекистонга синовдан ўтказиш учун Хитойдан 6 минг доза вакцина келтирилганини маълум қилган, бу вакцинани синовдан ўтказишда 5 минг кўнгилли қатнашиши айтилган. Бу синовлар натижаси ҳақида ҳам ҳануз расмий баёнот берилгани йўқ.

Ўзбекистонда 2021 йил июнига қадар аҳолининг 60 фоизини коронавирусга қарши эмлаш режаланган. Бу ҳақда, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги биринчи ўринбосари Ботиржон Қурбонов “COVID-19 коронавирус инфекцияси бўйича янги илмий маълумотлар” виртуал симпозиуми чоғида маълум қилганди.

Бугунги кунда дунё бўйича коронавирус инфекциясига қарши 25 та вакцина клиник, 139 таси эса клиникагача бўлган синовлар жараёнида.

Дунё бўйича Буюк Британия, АҚШ, Германия, Хитой, Россия каби давлатларда ишлаб чиқарилган 9 та вакцинанинг охирги (учинчи) босқич синовлари ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг “COVAX” (коронавирусга қарши вакциналаш) халқаро механизмига қўшилган. Агар вакцина муваффаққиятли ишлаб чиқилган бўлса, “COVAX” механизмида иштирок этадиган мамлакатлар аҳолисининг йигирма фоизини эмлаш учун етарли вакцина таъминотига кафолатланган дастлабки кириш имкониятдан фойдаланилади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG