Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:35

Андижондаги кластер фермерларнинг пахтасига давлат белгилаган нархдан кам ҳақ тўлади


Ўзбекистонда пахтани қайта ишлашга мўлжалланган кластерлар фермерлар олдидаги мажбуриятларини бажармаётганлиги кўп кузатилмоқда
Ўзбекистонда пахтани қайта ишлашга мўлжалланган кластерлар фермерлар олдидаги мажбуриятларини бажармаётганлиги кўп кузатилмоқда

Андижон вилоят, Бўстон тумани фермерлари “Сайёра фаввораси” МЧЖ кластер корхонаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги белгилаган нархдан паст нархда ҳақ тўлади.

Фермерларнинг айтишларича, кластер қабул қилиб олган биринчи нав, иккинчи синф пахтага иккинчи нав, биринчи синф сифатида ҳақ тўлаган.

Фермерлар кластернинг бу “ўйин”идан ўнлаб миллион сўм зарар кўраётганини иддао қиляпти.

Кластер корхона иш бошқарувчиси Озодликнинг бу борадаги саволларини ёзиб олиб, жавоб бермади.

Бўстон тумани фермерлари Озодликка “Сайёра фаввораси” МЧЖ кластер корхонасининг бу ҳаракатидан дарғазаб бўлганликларини айтишди.

“Кенжаева Маҳбуба” фермер хўжалиги раҳбари Маҳбуба Кенжаеванинг Озодликка айтишича, кластер билан ҳисоб-китоб қилганда унинг биринчи навга топширган пахтасига иккинчи нав пули тўланганини билган:

“Кластер биз билан пахта пулини 15 ноябрда расчет қилди. Килосига 4820 сўмдан тўлаши шарт бўлган пахтамга 4520 сўмдан тўлабди. Орадаги 300 сўм пул йўқ. Агар юз тонна пахта топширган бўлсам, мен 30 миллион сўм зарар кўряпман. Нега бундай қиласизлар деб сўрасам, тайинли жавоб йўқ. Фермерлар арзини эса ҳеч ким тингламаяпти”.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги белгилаган пахта харид нархи
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги белгилаган пахта харид нархи

Исми сир қолишини сўраган бўстонлик бошқа фермернинг айтишича, кластер Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоят ҳокимининг пахта харид нархлари ҳақидаги кўрсатмаларини очиқ инкор қилмоқда:

“Очиғи, мен кластерни ёмон кўраман. Чунки, мустақил эмас, ҳокимлик айтганини қилади. Кластер аслида мустақил бўлиши, ҳокимликдан узоқ бўлиши керак. Лекин бизда кластер билан ҳоким ўзаро келишиб иш қилади. Бўлмаса, пахта шартномасини бажар деб, ҳоким кун бермайди. Бундай қилиб кам ҳақ тўлаганда эса жим туради. Билмадим, балки бирор тили қисиқ жойи бордир. Шунинг учун ҳам кластер биринчи сортга топширган пахтани иккинчи сорт қилиб пул берди. Бўлмаса Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 24 октябрдаги 537-сонлик хатида аниқ тиниқ қилиб бир кило 1-нав, 2-синф пахтага 4821 сўм деб нарх белгилаб қўйилган. Вилоят ҳокимининг қарорида ҳам бу ҳақда айтиб ўтилган. Аммо кластер буларнинг бирортасини ҳам инобатга олмайди, фермер билан тузилган шартномани менсимайди”.

Озодлик суҳбатлашган яна икки нафар фермер ҳам, топширилган пахтасига кам ҳақ олганини айтди.

Озодлик “Сайёра фаввораси” МЧЖ кластер корхонаси директори Акмал Раҳмоновнинг мобил телефонига кун давомида қўнғироқ қилиб, тушолмади.

Корхона иш юритувчиси Салоҳиддин Роҳатов Озодлик билан суҳбатда фермерларниннг иддаоларини бирма-бир ёзиб олгач, буни икки соат орасида Акмал Раҳмоновга етказишни ва жавоб беришини айтди.

Бир соатдан сўнг Озодликка қўнғироқ қилган Салоҳиддин Роҳатов, бошлиғининг бу хабарга муносабати ҳақидаги саволга жавоб бермай, унинг телефон рақамини кимдан олингани ҳақида сўради.

Пахта ва ғаллачилик билан шуғулланадиган фермерларни кластер корхоналарига бирлаштириш 2017 йилда бошланган эди.

Озодлик ўтган уч йил давомида кластерлар ва фермерлар ўртасида юзага келган муаммолар ҳақида бир неча суриштирув ва мақолалар эълон қилди.

Бундан аввал ҳам Озодлик суҳбатлашган фермерлар, кластерлар пахтани аслидагидан анча паст сортларда қабул қилиб, кам ҳақ тўлаётгани, турли баҳоналар билан фермерлар ҳақини “ҳам бўйидан, ҳам энидан уриб қолаётганликлари"ни айтмоқда.

Пахта харид нархининг ўтган йилга нисбатан бор-йўғи ўртача 5-6 фоизга оширилгани, айни пайтда минерал ўғит нархлари 50-60, ёнилғи эса 20-30 фоизга ошгани сабаб, бу йил, айрим ҳисоб-китобларга кўра, пахтакор фермерларнинг 70-80 фоизи қарз билан чиқмоқда.

XS
SM
MD
LG