Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:53

Арманистон мухолифати бош вазир Пашинянга ультиматум қўйди (ВИДЕО)


Арманистон пойтахтида минглаб одам норозилик намойишига чиқди, 5 декабрь, 2020.
Арманистон пойтахтида минглаб одам норозилик намойишига чиқди, 5 декабрь, 2020.

5 декабрь куни Арманистон пойтахтида минглаб одам норозилик намойишига чиқди.

Мухолифат бош вазир Никол Пашинян истеъфосини талаб қилмоқда.

Тоғли Қорабоғда ҳарбий тўқнашувларни тўхтатиш учун Россия воситачилигида тинчлик сулҳи имзоланганидан бери Арманистон мухолифати Пашинян истеъфосини талаб қилмоқда.

Шанба куни 20 мингга яқин намойишчи Eреван марказида тўпланиб, «Никол – хоин» ва «Николсиз Арманистон» деб ҳайқирдилар.

Бунинг ортидан намойишчилар бош вазирнинг расмий қароргоҳига йўл олдилар.

10 ноябрь куни Москва воситачилигида тузилган битим ортидан Арманистон сиёсий инқирозга юз тутди. Тинчлик сулҳи Озарбайжон ва этник арман қўшинлари ўртасида 44 кун давом этган ҳарбий тўқнашувларга барҳам берди.

Келишувга мувофиқ, Тоғли Қорабоғнинг бир қисми ва унинг атрофидаги барча ҳудудлар Озарбайжонга ўтди. Сулҳ Арманистон учун жанг майдонида мағлубият ўлароқ кўрилмоқда.

1994 йилда оташкесим имзоланганидан бери этник арманлар расман Озарбайжон таркибига кирувчи Тоғли Қорабоғни ва унинг атрофидаги етти туманни бошқариб келаётган эдилар.

Намойишчилар агар Пашинян 8 декабрга қадар лавозимидан кетмаса, мамлакатда оммавий итоатсизлик бошланиши ҳақида огоҳлантирдилар.

Жорий ҳафта бошида 17 мухолифат гуруҳи 1990 йилларнинг бошларида бош вазир ва мудофаа вазири ўлароқ ишлаган Вазген Манукянни муддатидан илгари парламент сайловлари ўтказилгунига қадар муваққат «инқирозга қарши ҳукумат»га етакчи этиб тайинладилар.

Намойишчилар олдида нутқ сўзлаган Манукян, Пашинян «маданиятли тарзда» кетиш имкониятидан фойдаланиши кераклигини айтди.

Манукяннинг айтишича, янги ҳукумат Россия воситачилигида имзоланган келишувга амал қилиши керак, чунки айни дамда Ереван Озарбайжон ва унинг иттифоқчиси Туркия билан уруш олиб боришга қодир эмас.

Аммо у янги ҳукумат Арманистоннинг энг муҳим иттифоқчиси бўлган Россия билан ҳамкорликда келишувдаги баъзи ноаниқ масалаларни ҳал қилишга интилишини айтди.

Келишувда Тоғли Қорабоғнинг якуний мақоми ҳақида ҳеч нима дейилмаган.

Арманистон президенти Армен Саркисян ҳам сиёсий инқирозни бартараф этиш учун муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказишга ва муваққат ҳукумат тузишга чақирди.

Аммо Пашинян истеъфога чиқишдан бош тортмоқда ва унинг «Менинг қадамим» фракцияси ҳануз 132 ўринли парламентда ҳукмрондир.

Пашинян имзоланган тинчлик шартномаси Арманистон учун «ёмон» эканини тан олган бўлса-да, келишув Тоғли Қорабоғни сақлаб қолиш учун Арманистон олдидаги ягона йўл эканини айтмоқда.

5 декабрь куни халққа қилган мурожаатида Пашинян яна бир бор Арманистоннинг урушдаги мағлубиятини ўтган раҳбариятнинг муваффақиятсизликлари ва чуқур илдиз отган коррупция маҳсули ўлароқ кўрсатишга уринди.

Коррупцияга қарши курашга катта эътибор қаратиб келаётган ислоҳотчи Пашинян 2018 йилда оммавий норозилик намойишлари ортидан ҳокимиятга келган эди.

XS
SM
MD
LG