Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:08

Олий Мажлис депутати касал молларни камбағалларга сотиб чув туширди - андижонликлар


Андижонликларга сотилган касал молларнинг туёғи чирий бошлаган
Андижонликларга сотилган касал молларнинг туёғи чирий бошлаган

Андижонлик 42 нафар шикоятчи Озодликка мурожаат қилиб, “Гулистон нурли истиқболи” чорвачилик фермер хўжалигидан 2018 йилда қорамол сотиб олгани, бироқ бу молларнинг касаллиги яшириб сотилгани сабаб улар нобуд бўлгани ёки сўйиб сотишга мажбур бўлганликларини билдирди.

Бўстон, Шаҳрихон, Булоқбоши туманларида яшайдиган шикоятчиларнинг иддао қилишича, касалланган қорамолларни аҳолига "алдаб сотиш" тадбири устида “Гулистон нурли истиқболи” фермер хўжалиги раҳбарининг синглиси, айни пайтда Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати Одинахон Отахонова турган.

Одинахон Отахонова Озодликка қорамолларни сотиш тадбирида "умуман қатнашмагани"ни айтди.

Андижонликларга сотилган касал молларнинг туёғи чирий бошлаган.
Андижонликларга сотилган касал молларнинг туёғи чирий бошлаган.

Ҳар бир оила - тадбиркор ва... қарздор

2018 йилда 7 июнида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш мақсадида ПҚ-3777 сонли қарорни имзолаган эди.

Ушбу қарор асосида Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманидаги “Гулистон нурли истиқболи” чорвачилик фермер хўжалиги “Агробанк” билан келишиб, аҳолига 7 фоизлик кредит билан 1000 дан ортиқ қорамол сотди.

Асосан хориждан олиб келинган қора-ола, қизил-ола зотли молларнинг деярли ҳаммаси туёғидан чириш касалига чалингани, харидорларнинг айтишича, улардан яширилган.

Тунда сотилган молларнинг касаллигини билмаган одамларнинг аксарияти, эртаси куни яна қайтариб фермага олиб келишган. Аммо шартномага имзо чекканликлари баҳона қилиниб, бирорта ҳам мол қайтариб олинмаган.

“Бўғоз деб сотилган молларнинг бари қисир ва касал чиқди”

Бўстон туманида яшайдиган пенсионер Олимжон Эшматов ҳам банкдан 70 миллион сўм 7 фоизли кредит олиб, 8та мол олишга келишганини айтар экан, оқибатда 4та қисир касал молга эга бўлганини айтади:

Борсам мен расмга туширган моллар йўқ, бошқа тўртта молни кўрсатди.

- Фермага борганимизда Одинахон Отахонова билан учрашдик. Ферманинг норасмий раҳбари аслида шу опа бўлади. Опаси Насибахон Исмоилованинг номига расмийлаштириб қўйган. Одинахон иккита катта молни кўрсатиб, ана шунақа моллар сотиляпти, деди. Хуллас, менга 8та мол берадиган бўлди. Счет-фактура ёзиб берди. Банкка олиб келиб топширдим. Банк 70 миллион 500 минг сўмни бир ҳафтада ферманинг счетига тушириб берди. Борсам мен расмга туширган моллар йўқ, бошқа тўртта молни кўрсатди. Саккизтанинг ўрнига тўртта берди. Кеч келдингиз, энди шуларни оласиз тўрт ойлик боласи бор, 30-35 литр сут беради, деди. Пулни тушириб қўйганман, ноилож олиб келдим.

Олимжон Эшматовга кўра, уйга келганидан сўнг у молларнинг касаллигини билган:

Бўғоз деб берган қолган учта моли ҳам қисир экан. Биттасига саккиз марта, биттасига ўн бир марта уруғ қўйдирдим, бўлмади.

- Менга 24 миллион сўмга берган мол уч кунда ўлиб қолди. Туёғи чиришни бошлаган экан. Дўхтирга кўрсатдим, у ҳам ҳеч нарса қилолмади. Шокка тушиб қолдим. Эртасига фермага бордим, Одинахоннинг опаси Насибахонга учрашиб, шунақа бўлиб қолди, касал мол берибсизлар, дедим. Ўзим 350 минг сўм пенсия олсам, мол боқиб сал ўзимни тиклаб олай дегандим, десам, мен Одина билан гаплашайчи, боровринг деди. Яна 15 марта бордим, бошқа келманг, мол ҳам йўқ, пул ҳам йўқ, деди. Бўғоз деб берган қолган учта моли ҳам қисир экан. Биттасига саккиз марта, биттасига ўн бир марта уруғ қўйдирдим, бўлмади. Ҳадеб туёғи касалланаверади, дўхтирга қаратовраман, бир ярим йил боқдим, бўлмади. Қарзга ботиб кетдим. Ахири биттасини 8, иккитасини 12 миллион сўмга сотдим. Шундай қилиб 50 миллион сўмга куйиб ўтирибман. Бу ҳали кредитнинг фоизидан ташқари.

Олимжон Эшматовнинг иддаосича касал қорамол сотиб олган одамлар 500 нафардан кўп.

Аризачилар рўйхати
Аризачилар рўйхати

“Молларни қоронғида, айбини яшириб сотишди”

Бўстон туман, Чорвадор МФЙда яшовчи Сирожиддин Орифжонов ҳам ҳам алдов қурбони бўлганини айтади:

Ўшанда бу тадбирни атайин кечасига қолдиришганининг тагида одамларни бир-бирига қизғантириб, касал молларни сотиш мақсад бўлганини кейин тушуниб етдик.

- Шаҳрихонда фермада кредитга мол беряпти экан, деб эшитганимдан сўнг мен ҳам бордим. Одам кўп, тўполон. Банкдан ҳам бир вакил келган экан, ўша ернинг ўзида расмийлаштириб қўл қўйдириб олишяпти. То қоғозларини тахлаб бўлишдики, ярим кечаси бўлди. Кейин ҳаммани фермага олиб кириб, молларни ташқарига ҳайдаб чиқаришди. Хоҳлаганингни ушлаб ол, деди. Ҳамма ёпирилди, мен ҳам тўполонда биттасини ушлаб олиб чиқдим. Бу 20 миллион сўм туради, деди Одинахон опа. Бу қимматку десам, бор кетавер, бошқа оладиган бор дейди. Ўшанда бу тадбирни атайин кечасига қолдиришганининг тагида одамларни бир-бирига қизғантириб, касал молларни сотиш мақсад бўлганини кейин тушуниб етдик. Уйга олиб келиб кўрсам, туёқлари скоч қилинган. Очиб кўрсак, ирий бошлаган экан. Кечасида кўрмаганмиз-да. Қайтариб олиб борсак, олмади. Қоровуллари ҳайдаб юборди. Тўрт марта уруғ қўйдирдим, қочмади. Бир литр сут ҳам бермади. Дўхтирга кўрсатдик, эплолмайман, деди. Бир ҳафтадан кейин 8 миллион сўмга қассобга бериб юбордим.

“Нархларни ўзлари хоҳлаганча қўйишди”

Булоқбоши туман, Гузар МФЙда яшовчи Шарифжон Алимқуловнинг айтишича, Одинахон Отамуродова харидорларнинг кўплигидан фойдаланиб касал молларнинг нархини яна оширган:

“Нархларни ўзлари хоҳлаганча қўйишди”

Булоқбоши туман, Гузар МФЙда яшовчи Шарифжон Алимқуловнинг айтишича, Одинахон Отамуродова харидорларнинг кўплигидан фойдаланиб касал молларнинг нархини яна оширган:

Яна тўрт миллионча пул сарф қилдим. Бўлмади. Касал бўлиб кундан кунга озиб кетаверди.

- Мен оладиган молларни 10 миллион сўмдан, деб айтишган эди. Кейин одам кўпайиб кетгандан сўнг, опа бу моллар 13 миллиондан, деди. Ҳа майли, қочирсак, туғса, бир нарса бўлар, деб олиб келдик. Қайда, олиб келсак касал бўлиб қолди. Яна тўрт миллионча пул сарф қилдим. Бўлмади. Касал бўлиб кундан кунга озиб кетаверди. Бир мол сотадиган танишимга 5 миллион сўмга бервордим. Энди молнинг кредитини узаман деб фабрикада ишлаяпман. Йўллар очилса, четга чиқиб ишлаб келмасам бўлмайди энди. Роса боплаб, алдаб сотишди. Халқ куйиб қолди.

Яна бир бўстонлик Достонбек Турсунов ҳам 78 миллион сўмга тўртта касал мол сотиб олганини, уларни тузатолмагач қассобга бериб юборишга мажбур бўлганини айтади:

- Уйга келтириб кўрсак оёқларига скоч боғланган экан. Икки ой қаратдим, яна қанча пулим кетди. Тузалмади, 37 миллион сўмга қассобга бериб юбордим.

“Молларни кўргани дўхтир олиб борган эдим, қўймади”

Бўстон туман, Гулшан МФЙда яшовчи Дилафрўз Азимованинг айтишича, чорвачилик фермаси раҳбарлари молларнинг касаллигини яшириш мақсадида бегона ветеринарни киргизмаган:

Олиб келиб дори қилдик, икки ойдан кейин кечаси ҳаром ўлиб қолди.

- Биз ўзимиз олиб борган дўхтирларимизни молга яқинлаштирмади. Ўзларининг дўхтирлари соғлом мол, деб оғзаки кафолат беришди. Кейин молни олиб чиқишди, қарасак, туёғлари скочланган экан. Нега бунақа десак, туёғи орасига тош кирган эди, яхши бўлиб қолади, деди. Олиб келиб ,дори қилдик, икки ойдан кейин кечаси ҳаром ўлиб қолди. Биз мол сотилаётганини билмас эдик, банк ходимлари олиб борган эди. Икки кундан кейин молини қайтариб олиб борган эдим. Одинахон мен дарвозадан чиққан молни қайтариб олмайман, хоҳлаган жойингга боравер, деди. Одинахон одамларнинг уйини куйдирди, наҳот касал молни соғлом деб сотишга виждони чидаса?

Озодлик кредитга касал мол сотиб олган ўндан ортиқ андижонлик билан суҳбатлашди. Уларнинг ҳаммаси бу моллардан куйиб қолганини айтди.

Озодлик андижонликларнинг бу иддаоларига муносабат олиш мақсадида Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати Одинахон Отахонова билан боғланди. Депутат бу воқеаларда ўзининг иштироки борлигини қатъиян инкор қилди:

- Мен “Гулистон нурли истиқболи” раҳбари эмасман, мен “Иномжон файз” чорвачилик хўжалиги раҳбариман.

Озодлик: - Сиз ўшанда қорамол сотилишида иштирок этган экансиз...

О.Отахонова: - Умуман иштирок ҳам этмаганман, ҳеч ким билан кўришмаганман, у ерда йўқман. У мендан 15 километр нарида, тўғри, қариндошим Исмоилова Насибахон раҳбар. Менинг фермер хўжалигим Сарой қишлоғида жойлашган. Ҳеч ҳам улар билан кўришмаганман. Мен билмайман ҳам, улар билан алоқам ҳам йўқ.

Озодлик: Алоқангиз борлиги Ички ишларнинг қарорида кўрсатилган...

Одинахон Отахонова Озодлик саволи тугамасдан алоқани узиб қўйди ва бошқа қўнғироқларга жавоб бермади.

"Гулистон нурли истиқболи" чорвачилик фермер хўжалиги раҳбари Насибахон Исмоилованинг телефони ўчирилгани боис у билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Аммо 2019 йил 12 ноябрь куни Шаҳрихон тумани ИИБ бошлиғи Т.Абдужалилов тасдиқлаган қарорда Одинахон Отамуродованинг бу тадбирда бевосита иштирок этгани тасдиқланган:

“Ҳолат юзасидан Отахонова Одинахон билан телефон орқали суҳбатлашилганда “Ҳар бир оила-тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисидаги ПҚ-3777 сонли қарори асосида барча кредитга наслли мол олиш учун келган фуқароларга қорамолларни сотиб олишдан олдин ҳайвоннинг соғлиғини текшириб олишлари, наслли моллар қишлоқ молларига нисбатан ўн баравар кўп озуқа ейишлиги, сотиб олишдан аввал яхшилаб ўйлаб кўришларини маслаҳат берган. Шунингдек ҳар бир чорва фермасидан сотиб олинган ҳайвонлар эгаларига ҳайвонни соғ-саломат қабул қилиб олганлиги тўғрисида тилхат ёздириб олганлигини” маълум қилган”.

Жиноят ишини рад этиш тўғрисидаги қарордан нусха
Жиноят ишини рад этиш тўғрисидаги қарордан нусха

Қарорда Одинахон Отамуродованинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги, даъвогарлар фуқаролик судига мурожаат қилиши мумкинлиги айтилган.

Бўстонлик Олимжон Эшматов 42 нафар жабрланганлар номидан Одинахон Отамуродованинг бу хатти-ҳаракатига қонуний чора кўриш учун, Шаҳрихон тумани ИИБ, прокуратураси, президент Халқ қабулхонасига, Фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туман суди ҳам арз қилган:

Бизлар туянинг устида ит қопган камбағал оилалармиз. Депутат Одинахон Отахонованинг касалланган моллари билан сийландик!”

“Андижон судлари ҳам ўйинчоқ экан. Қўлимизда шунча сохта қарорлар, юзлаб гувоҳлар борлигига қарамасдан бизни умуман тингламади. Бизга деярли сўз бермади. Жавобгар томон нима деса ўшани маъқуллайверди. Юзлаб андижонлик пухта ўйланган ҳийланинг қурбони бўлди. Бу одамлар пулдор эмас, балки кредитга битта мол олиб кўпайтирсам, турмушимни бироз яхшиласам деган умиддаги камбағал аҳоли вакиллари эди. Барно деган аёл шундай деган эди: “Бизлар туянинг устида ит қопган камбағал оилалармиз. Депутат Одинахон Отахонованинг касалланган моллари билан сийландик!”

XS
SM
MD
LG