Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:25

Каримовнинг қамоққа олинган собиқ ёрдамчиси Murad Buildings ҳамкори бўлган - ҳужжат


Иллюстратив коллаж
Иллюстратив коллаж

Бош прокуратуранинг исми очиқланмаслигини сўраган расмийси Ўзбекистон биринчи президентининг собиқ ëрдамчиси (ëрдамчи-референт) Улуғбек Мирзамуҳамедовнинг ноябрь ойи охирида қамоққа олинганлигини тасдиқлади. Озодлик ўз суриштируви давомида 52 яшар собиқ мулозим Ўзбекистонда таниқли тадбиркор Мурод Назаровнинг ҳамкори эканлигини аниқлади.

Бундан олдин Тошкентдаги рус тилидаги нашрлар Мирзамуҳамедовнинг ҳибсга олингани ва уйи тинтув қилингани ҳақида ëзган эди.

Бош прокуратуранинг исми айтилмаслигини истаган расмийси Мирзамуҳамедовнинг ҳибсга олинишига сабаб бўлган жиноят иши тафсилотлари ва унга нисбатан қандай айбловлар илгари сурилаётгани ҳақида маълумот бермади. Мулозим маҳбуснинг ҳозирда ДХХ изоляторида тергов қилинаëтганини айтиш билан чекланди.

Бундан олдин мустақил Eltuz нашри Мирзамуҳамедов криминал дунëда “Стоматолог” лақаби билан танилган Фарруҳ Мирзаев билан қарзни қайтармагани борасида низолашгани ва "қарздор Мирзаев Каримовнинг собиқ ëрдамчисини қаматгани" ҳақида ëзган эди.

Айни мақолада Мирзамуҳамедов президент ëрдамчиси бўлиб ишлаган пайтда "пора эвазига дипломатларни лавозимларга тасдиқлагани" ҳам иддао қилинади.

Озодликда бу иддаоларнинг расмий тасдиғи йўқ.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг ëрдамчилари¸ хусусан Георгий Крайнов ва Зелимхон Ҳайдаровларни шахсан танийдиган мулозим Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Мирзамуҳамедовнинг "ўта таъмагир бўлгани ва асосан, қиммат соат ва раритет автомобилларни пора эвасига олганлиги"ни иддао қилди.

Улуғбек Мирзамуҳамедов
Улуғбек Мирзамуҳамедов

Мирзамуҳамедовнинг қамоққа олингани ҳақида биринчи бўлиб uyat.uz сайти асосчиси Абу Али Ниёзматов ëзган эди. Унга кўра, тинтув пайтида Мирзамуҳамедов уйидан "астрономик суммадаги қимматбаҳо антиқа буюмлар, қадимий юнон ҳайкаллари, хитой чинни идишлари,картиналар бир неча миллион нақд доллар, “Bentley”, “Mercedes”, “Range Rover” каби қиммат автомобиллар топилгани" айтилган.

Озодликда Мирзамуҳамедовнинг қадимий қиммат автомобиль ëнида турган сурати бор. Шунингдек, собиқ мулозимнинг Москвада яшайдиган ўғли Ўзбекистон давлат рақамига эга ўта қиммат “Гелендваген” автомобили билан тушган сурат ҳам мавжуд.

Собиқ мулозим автомобили
Собиқ мулозим автомобили

Озодлик мобил мухбири Мирзамуҳамедов яшаган Тошкентнинг Луначарский мавзесидаги ҳовлисини бориб кўрди ва унинг қўшнилари билан суҳбатлашди. Қўшнилар “қудратли помошник”нинг қамалгани ва уйи тинтув қилинганини тасдиқлашди.

Мурод Билдинг изи

Исми айтилмаслигини истаган мулозимга кўра¸ Мирзамуҳамедов коррупция оқибатида тўплаган пулини "Тошкент марказида люкс уйлар қурадиган тадбиркор орқали айлантирган".

Озодлик мавзуни ўрганиш асносида Мирзамуҳамедов таъсис қилган хусусий ширкат хужжатларини қўлга киритди. Ширкат Ўзбекистон Маданият вазирлиги тарафидан меъморий обида, деб топилган Тошкент шаҳри, Бобур кўчаси, еттинчи уйни бузиб, ўрнига кўп қаватли мажмуа қуриш учун сармоя киритган. Реестр ҳужжатлармга кўра¸ ширкат ООО Murad Buildings деб аталади ва унинг 50 фоизи Назаров Муроджон Тохиржоновичга, қолган 50 фоизи эса, Мирзамуҳамедов Улуғбек Ўткуровичга тегишли.

Ширкат ҳақида ҳужжат
Ширкат ҳақида ҳужжат

Озодликнинг Маданият вазирлигидаги манбасига кўра, айнан Улуғбек Мирзамуҳамедов 2007 йили ўша пайтдаги Тошкент шаҳар ҳокими Абдуқаххор Тўхтаевга босим қилиб, Бобур кўчасидаги 7 - уйни маданий обидалар рўйхатидан чиқартирган. Жамоатчилик босими остида 2019 йилда бу бино яна тарихий обидалар рўйхатига киритилди.

Бобур кўчасидаги обида Маданият вазирлари учун бош оғриғи бўлиб қолмоқда
Бобур кўчасидаги обида Маданият вазирлари учун бош оғриғи бўлиб қолмоқда

Озодлик мобил мухбири бу хусусий ширкат ҳужжатларида ëзилган Тошкент шаҳридаги 100054 OYBEK KO'CHASI 38 A -UY ни бориб кўрди. Бу манзилда Ўзбекистон марказида люкс уйлар қуриб сотадиган Murad Buildings ширкатининг бош офиси жойлашган эди.

Ширкат эгаси Мурод Назаров билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Оқ уйнинг кўринмас одами ëки Каримов соясида

2016 йил августигача президент Ислом Каримовнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган ва 2020 йил ноябрь ойи охирларида ҳибсга олинган Улуғбек Ўткирович Мирзамуҳамедов аслида ким?

Озодлик Мирзамуҳамедовнинг курсдоши ва уни яқиндан билган бошқа манбалар асосида Каримовнинг соясида "кўринмас одам" каби фаолият юритган мулозим таржимаи ҳолини тиклашга уринди.

Мирзамуҳамедов доим панада бўлишни маъқул кўрган. Расмий матбуотда фото ва видеолари чиқмаслигини доимо таъминлаб келган.

Ота боболари Қашқадарëдан бўлган Мирзамуҳамедов 1968 йилда Тошкентда туғилган. 1992 йилда Шарқшунослик институти Халқаро иқтисодий алоқалар факультетини тугатганидан кейин Ташқи ишлар вазирлигида ишлаган. Вазирликдан президент девонига ўтказилган Мирзамуҳамедовнинг охирги лавозими Ислом Каримовнинг референт ëрдамчиси бўлган.

2011 йил 25 августида Ўзбекистон президенти фармони билан “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. Мукофот ҳақидаги ҳужжатда Мирзамуҳамедов "президент девони маъсул ходими" деб ëзилган.

2016 йил сентябрида Шавкат Мирзиëев президент вазифасини бажаришни бошлаганидан кўп ўтмай, Мирзамуҳамедов лавозимдан олинади.

Озодлик суҳбатлашган мулозимнинг иддао қилишича, Улуғбек Мирзамуҳамедов Мирзиëев Бош вазирлиги пайтида унга босим қилиб, ўзига яқин тадбиркорлар фойдасига қарорлар чиқартирган.

Айни пайтда Озодликда бу иддаонинг расмий тасдиғи йўқ.

Озодлик Каримов даври мулозимлари ва ундан кейинги коррупцион схемаларга доир суриштирувларини давом эттиради.

XS
SM
MD
LG