Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:28

Ҳашаматли уйлар ва чуқур чўнтаклар - Назарбоев оиласининг хориждаги кўчмас мулки


Нурсултон Назарбоев
Нурсултон Назарбоев

Озодлик радиоси қозоқ хизмати Қозоғистоннинг экс-президенти, ҳозирда Қозоғистон Хавфсизлик кенгашини ҳамда ҳокимият партияси - “Нур Отан” етакчиси Нурсултон Назарбоевнинг оила- аъзолари ҳамда қариндош-уруғларининг чет мамлакатлардаги кўчмас мулкалари тўғрисида суриштирув эълон қилди.

Журналистлар Сара Алихан ва Майк Эккель ўтказган суриштирувнинг тўлиқ натижалари билан мана бу ерда рус тилида танишишингиз мумкин.

Женева кўли узра кўтарилган енгил тўлқинлар кўзни қувнатувчи соҳилга бориб қайтади. Аньер коммунаси бадавлат швейцарияликлар, дипломатлар ва банкирлар истиқомат қиладиган жойдир.

Черепица томли мўъжазгина уйлар ёнида улуғвор устунлари билан савлат тўкиб турган виллалар кўринади. Хафсала билан тузалган майсазорларда Юра тоғларига қаратиб суҳбатгоҳлар қурилган.

Соҳилга катта-кичик қайиқлар қантариб қўйилган. Хос иморатларнинг кўпчилиги қўрғон девор қуршовида, деворлар узра кузатув камералари кўринади – ўтган-кетган бурнини тиқмасин.

Нур-султондаги музейдан жой олган Назарбоев оиласининг олтин шажараси. Июнь, 2009
Нур-султондаги музейдан жой олган Назарбоев оиласининг олтин шажараси. Июнь, 2009

Шу атрофда, Route D’Hermance, 399 деган манзилда уч қаватли иморат бор. Уйнинг умумий майдони 3 200 чорчи метр, бўйи 25 метрли зинаси ҳам бор. Зина капалакни эслатади. Очиғу ёпиқ ҳовузлар, спа, меҳмонлар учун алоҳида хоналар, кенг-ковур айвонлар. Бу уй Аньер коммунасидаги энг қиммат уйдир. Уйнинг эгаси, Швейцариянинг кўчмас мулкка оид маълумотларига қараганда, Қозоғистонни узоқ йиллар бошқариб келган Нурсултон Назарбоевнинг қизи Динара Кулибаевадир. У эри, Қозоғистондаги энг бадавлат кишилардан бири Тимур Кулибаев билан бирга бу уйни 2009 йили 75 миллион долларга сотиб олган.

Эр-хотин Кулибаевлар Назарбоевнинг Ғарбда ҳашаматли кўчмас мулк сотиб олган яқин ва узоқ қариндошлари орасида ягона эмаслар.

Сўнги 20 йил ичида Назарбоевнинг оиласи аъзолари Европа мамлакатлари ва АҚШда юзлаб миллион долларга уйлар сотиб олиб, сокин кўллар соҳилларида, Манхэттеннинг осмонўпар бинолари орасида, Лондон атрофидаги шаҳарчаларда ҳамда Испаниядаги Коста Брава курорт зонасида жойлашган кўчмас мулклар соҳибларига айланди.

Озодлик радиоси қозоқ хизматининг янги суриштирувида Назарбоевнинг уруғлари, шу жумладан унинг икки қизи, набиралари ва укаси билан билан боғлиқ кўчмас мулкларнинг кенг тармоғига оид объектлар тўғрисидаги бугунги кунгача энг тўлиқ бўлган маълумотлар тўпланди.

Бу маълумотлар 2010 йили “миллат етакчиси” деган расмий мақомни олган собиқ президент Назарбоевнинг қариндош-уруғига тегишли чет элдаги мулк ҳақидаги тўла-тўкис маълумот эмас.

“Миллат етакчиси” мақоми Назарбоев ва унинг оила аъзоларини ҳар қандай босқидан ҳимоя қиладиган иммунитетдир. Шу кунда Назарбоев таъсири катта Хавфсизлик кенгашини ҳамда ҳокимият партияси - “Нур Отан”ни бошқармоқда.

2019 йили Қозоғистон пойтахти номи ўзгартирилиб, Нур-Султон деб аталган.

Буироқ бу суриштирув Назарбоевнинг қариндошлари дунёнинг энг шинам жойларида сарфлаган маблағлар миқёс-миқдорини тушуниш учун мислсиз имкониятдир.

Бу харидларнинг барчаси оила аъзоларининг нефть қазиб олувчи мамлакат иқтисодиётининг энергетика, банк ва бошқа соҳаларида тўплаган ҳамда давлат лавозимларини эгаллаб туриб топган пуллари эвазига амалга оширилган.

Озодлик радиоси қозоқ хизмати Назарбоевнинг оила аъзолари ва қариндошлари сўнгги 20 йил давомида дунёнинг 6 мамлакатида умумий қиймати 785 миллион доллар бўлган кўчмас мулк сотиб олганини аниқлади. Бу рақам таркибига кейинги йилларда сотилган бир неча объект, шу жумладан Назарбоевнинг укаси АҚШдан сотиб олган бир неча миллион долларлик квартиралар нархи ҳам киради. Бироқ Кулибаевнинг Испанияда сотиб олган катта ҳовли-жойи нархи, уни аниқлашнинг имкони бўлмагани учун, бу рақамга кирмаган.

Назарбоевнинг ҳомийлиги унинг қариндошлари бойлик тўплаши учун омил бўлгани ҳақидаги фикр кенг тарқалган, бироқ улар уқувли бизнесмен эканликлари, шунинг учун оилавий ришталар ва сиёсий алоқалар уларнинг бойишига алоқасиз эканлигини бир неча айтишган.

Назарбоевнинг қариндошлари орасида Тимур Кулибаев алоҳида ажралиб туради. Уни нефть ва газ секторида тўплаган бойлигини оилавий муносабатлари ҳисобига қўлга киритган, деб кўп йиллар давомида айблаб келишади.

2 декабрда Британияда чиқадиган Financial Times газетаси Тимур Кулибаевнинг ўнлаб миллион долларга бойишига сабаб бўлган Хитойга газ қувури ётқизиш контрактлари билан боғлиқ хуфя схемаларни фош қилганини хабар қилди. Кулибаевнинг адвокатлари Financial Timesда эълон қилинган маълумотларни инкор этмоқда. Улар Озодлик радиоси қозоқ хизмати саволларига жавоб бермади.

Озодлик радиоси суриштируви давомида маълумот йиғилган баъзи кўчмас мулклар билан боғлиқ ишлар судда кўрилган. Баъзи мулклар билан боғлиқ иш кутилмаганда юз берган ажралишлар билан боғлиқ бўлса, Лондондаги учта объект музлатиб қўйиш тўғрисидаги буйруқлар билан боғлиқ. Бу буйруқлар кейин бекор қилинган.

Назарбоевлар йирик маблағларни чет давлатлардаги кўчмас мулкка СССР тарқаб кетганидан сўнг Қозоғистонда кузатилган фаровонликнинг умумий ўсиши фонида ётқизган. Бу ўсиш кўплаб қозоғистонликларнинг турмуш даражаси ўсишига туртки бўлди, бироқ шу билан бирга сиёсий раҳбарият билан боғлиқ кишилар олигархларга ҳамда газеталарда кўтарилган шов-шувлар қаҳрамонига айланди.

Собиқ президентнинг ёши ҳозирда 80 да, у Қозоғистон сиёсатини тарк этганидан кейин ўрнига ким келиши ва унинг яқинлари мол-мулки тақдири нима бўлиши ҳозирча номаълум.

“Тизим шундай мўрт. Назарбоев шакллантирган сиёсий иқтисодиёт бир кишигагина боғлиқ”, - деди Озодликка Марказий Осиёдаги сиёсий ҳаёт бўйича мутахассис, лондонлик таҳлилчи Кейт Мэллинсон.

Назарбоевнинг қариндошлари ва энг яқин сафдошлари “ҳамма нарсасини келажак учун тикди, бироқ ўша келажакда нима бўлишини билолмадилар ва шунинг учун маблағларни мамлакатдан ташқарига чиқардилар”, деб ҳисоблайди Мэллинсон.

Қозоғистондаги Инсон ҳуқулари ва қонунчиликка риоя қилиш халқаро бюроси шу соҳада энг тажрибали ва энг йирик ташкилотидир. Унинг раҳбари Евгений Жовтиснинг фикрича, бу мамалакатда “ҳукуматни ва Назарбоев оиласини бир-биридан ажратиш жуда қийин ва экс-президентнинг ўлимидан сўнг Қозоғистонда нима бўлишини айтиш мушкул”.

“Бундай сиёсий тизим шароитида сизни қонун ҳимоя қила олишига ишониш ўта қийиндир”, - деди Жовтис.

XS
SM
MD
LG