Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:31

Шереметьево аэропортида Россияга киритилмаган юзлаб ўзбек муҳожири қолмоқда (ФОТО+ВИДЕО)


Шенреметьевода қолаётган муҳожирлар - 29 декабрь, 2020
Шенреметьевода қолаётган муҳожирлар - 29 декабрь, 2020

Москванинг Шереметьево аэропортида 500га яқин Ўзбекистон ватандоши Россияга киритилмади. Аэропортнинг транзит зонасида 3-4 кундан буён қолаётган муҳожирларга қалбаки тиббий маълумотномалар билан кириб келишга уриниш айби қўйилди.

Озодлик билан суҳбатлашган муҳожирлар бу вазиятда уларни бундан огоҳлантирмаган аэропорт ходимларини айбласа, ҳукумат расмийлари ўзбек йўловчиларида ҳам айб борлигини гапирмоқда.

Тошкентдан Россия пойтахти Шереметьево халқаро аэропортига учиб келган бир гуруҳ ўзбек муҳожири чегара назорат пунктидан ўтказилмади.

Бу ҳақда 29 декабр куни Озодлик радиосига маълумот берган ўзбек йўловчилари ҳозирда транзит зонасида қолаётгани ва кўпчиликда ортга қайтишга маблағи йўқлигини гапирди.

Озодлик билан суҳбатлашган хоразмлик Сарварбек Алимов 27 декабр куни учоқда келган йўловчилардан бири.

- Биз 26 декабрь куни Самарқанддан Шереметьевога учишимиз керак эди. Учиш майдончаси қордан тозаланмагани сабабли рейсимиз бир кунга кечикди. Шунда 27 - куни Тошкентдан учиб келдик, лекин бизни киритишмади Россияга. Ўзбекистонда аэропорт ходимларидан “Мабодо бизни киритмайдиган бўлса, билетларимизни қайтарасизларми?”, -деб сўрагандим ҳам.

Самарқанд аэропортидагилар биздан мажбурий тилхат ҳам ёздириб олишди - “Хорижга ўз хоҳишим билан кетяпман. Мени ортга қайтаришса, барча харажатларни ўз зиммамга олишга тайёрман!” Бизнинг қўлимизда “даволанишга келяпти” деган тиббий маълумотнома бор. Рус чегарачилари бу справкаларга хатто қарамади, “Ҳаммаси қалбаки! Чегаралар ёпилган, бунақа ҳужжатлар билан киролмайсизлар. Биз Ўзбекистон томонини огоҳлантирганмиз!”, - деб паспортларимизни олиб қўйди. Мана 2,5 кун бўлди, ётибмиз, дейди Сарварбек.

Аэропортда қолаётган орасида ёш болалилар бор
Аэропортда қолаётган орасида ёш болалилар бор

Суҳбатдош Шереметьево чегара назорат пунктидан ичкарига фақат Россия гражданлари ва вақтинчалик яшаш гувоҳномасига эга ўзбекистонликлар киритилганини ҳам айтди.

Сарварбек ҳозирда Шереметьево аэропортида киритилмасдан ортга қайтарилган 500га яқин ўзбекистонлик қолмоқда, дейди. У бошқа ўзбекистонликларни бундай ҳужжатларга ишониб, авиачипта сотиб олмасликка даъват этди.

- Бизнинг рейсдан ҳозир 130 одам ётибмиз кутиб. Кеча Самарқандга 200га яқин одам қайтиб кетди. Тошкент, Бухоро ва бошқа жойдан келганлар билан 400-500 одам Ўзбекистондан қоляпти аэропортда. Фақат ўзбеклар ётибди - қирғиз, тожиклар йўқ! Январгача рейслар бор экан - келишмасин юртдошларимиз, киритмаяпти, демоқчи эдим.

Россия ёпилган бўлса нега авиакомпания бизни огоҳлантирмади, нега Самарқанд аэропортида бизга ҳеч нима дейишмади? Масалан, Тошкентда огоҳлантирибди - танишларим билетини топшириб, келмабди. Мен 1200 долларга билет сотволган эди. Мен ва яна 30-40 киши бу пулни қайтариб беришни талаб қиламиз, ёзамиз ҳали улар устидан! Тўғри, қўлимиздаги справка қалбаки, биз аслида ишлагани келган одамлармиз. Бу ердаги йўловчиларнинг деярли ҳаммасида шундай қалбаки справка бор. Бизни учириб юборишсин, билет пулларимизни қайтариб беришларини талаб қиламиз! - деди Сарварбек.

Маълум бўлишича, Самарқанддаги тиббий маълумотнома қилиб берган номаълум шахслар Сарварбек Алимовга Россияга киришга “гарантия” берган.

Шереметьево аэропортида қолаётган ўзбек муҳожирлари Озодликка ўз видеомурожаатларини ҳам юборишди.

Ўзбек муҳожири ўзбек элчилиги билан алоқага чиққани, аммо улар ҳам бу вазиятда ёрдам беролмасликлари, киритилмаган ўзбек йўловчилари чипталар учун ўзлари тўлашлари айтилганини билдирди.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси раҳбари Саиднўмон Мансуров Озодлик сўровига вазият идора томонидан назоратга олинганини маълум қилди. У чегарадан ўтказилмаган ўзбек муҳожирларида ҳам айб борлиги - улар қалбаки ҳужжатлар билан Россияга кириб келишга уринганини гапирди.

- Биз йўловчиларни олиб келган “Nordwind Airlines” авиаширкати билан гаплашиб кўрдик. “Биз уларнинг киритилмаслиги учун жавобгар эмасмиз, кириш-чиқиш қоидалари олдиндан эълон қилинган”, деяпти улар. Ҳозир вазиятга ечим излаяпмиз. Қонун нуқтайи назаридан - бу гражданларимиз аслида қалбаки тиббий справка билан Россияга киришга уринган. Бу жиноятку! Наҳот шу нарсаларни тушунишмаса?! Ўзлари билиб, бу маълумотномаларни сотиб олишибди - ким айбдор бу ерда? Агентлигимиз Шереметьево чегара хизматидан уларни жиноий жавобгарликка тортмасликка илтимос қилдик, вазиятни тушунтирдик - улар тушунишга уринди. Биз ҳозирда авиаширкатлар билан арзонлаштирилган нархда шу одамларни Ўзбекистонга қайтариш масаласини муҳокама қиляпмиз. Ҳозирга келиб 2 рейс одам қайтарилди, яна бир неча юзта одам шу вазиятда қолмоқда. Улардан жанжал қилмаслик, вазиятни тўғри баҳолашни сўраймиз, деди Саиднўмон Мансуров.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакили сўзларича, Шереметьевога учиб келган ўзбек йўловчилари ўз ҳисобларига ортга қайтарилади, уларнинг ўта оғир вазиятдаги айримларигина учун бепул авиачипталар ташкил этилади.

“Бу вазиятда ким айбдор?” дея берган саволимизга Саиднўмон Мансуров бундай жавоб берди:

- Энг аввало, ўзбекистонлик муҳожирларга чипта сотган авиакасса ходимлари уларни огоҳлантириши ва тартиблар билан таништириши лозим эди. Уларни қалбаки тиббий маълумотномалар билан таъминлаган шахслар жиноий жавобгарликка тортилиши лозим. Аэропорт ходимлари уларга шундай вазият юзага келиши мумкинлигини батафсил тушунтиришлари керак эди. Лекин, йўловчиларнинг ўзлари ҳам қинғир йўллар билан кириш ноқонуний эканлигини билишлари керак, деди ваколатхона раҳбари.

Ҳозирда агентлик аэропорт маъмурияти билан келишган ҳолда терминалда қолаётган ўзбекистонлик йўловчилар учун иссиқ овқат ташкил этгани маълум бўлди.

Саиднўмон Мансуров Россияда оғир онкологик, хирургик ва бошқа касалликлар билан касалланган ва госпитализация қилинишини қабул қилувчи тиббий муассаса тасдиқлай оладиган маълумотномаларгина ҳақиқий экани, “диагностикага” ёки “даволанишга” деб ёзилган тиббий ҳужжатлар Россияга киришга асос бўла олмаслигини қўшимча қилди.

Коронавирус касаллиги тарқалиши авж олиб бораётгани боис Россия ҳукумати 2021 йилнинг 15 январигача хорижликларни мамлакатга киришига тақиқ қўйди. Оммавий жамоатчилик йиғинлари ва тадбирларини ўтказишга чекловлар Россия ичкарисига ҳам жорий этилди.

Бундан олдинроқ Россия Қурилиш вазирлиги меҳнат муҳожирларининг мамлакатга киришини енгиллаштириш талаби билан ҳукуматга мурожаат қилганини Озодлик хабар берганди.

XS
SM
MD
LG