Кечаëтган йил ижтимоий тармоқда нисбатан янги платформа бўлган TikTokнинг ўзбек сегменти учун қизиқарли йил бўлди. 22 яшар ўзбекистонлик Раҳим Абрамов кўп даромад топган рус тилида сўзлашувчи Тиктокчилар орасида, Forbesга кўра, биринчи ўринни олди. Тошкентда бирин-кетин TikTok уйлари очилди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги "TikTok awards 2020" фестивалини ташкил қилиб, энг яхши ўзбек Тиктокларини мукофотлади. Шу пайтгача Ўзбекистонда ижтимоий тармоқнинг ҳеч бир сегментига бағишлаб махсус фестивал ўтказилмаганди.
Шу билан бирга, TikTok платформасидан диний-экстремистик даъватлар қилган бир нечта Тиктокчи ДХХ тарафидан назоратга олинди. Ўзларини "Ўзбек ватанпарварлари" деб атаган гуруҳ эса президентга мактуб ëзиб, TikTok платформасини Ўзбекистонда ëпишни талаб қилди. Ўзбек телеканалларидаги маънавият шоуларида Тиктокчилар танқид қилинди.
TikTok нима? Ўзбек Тиктокчиси ким?
Бу саволни фарғоналик Тиктокчи блогер Диëра Абдужабборовага бердик.
TikTok - бу қисқа видеоларни жойлаштириб, оммага тақдим қилиш хизмати берадиган платформа. 2 йил бўлди очилганига. Лос-Анжелес, Нью-Йорк, Лондон, Париж, Берлин, Дубай, Мумбай, Жакарта, Сеул ва Токиода қароргоҳи бор. Томошабинлар сони Ер куррасидаги аҳолининг каттагина қисми. Ўзбек ëшлари орасида энг машхур платформа бу. Мен энг қари ўзбек Тиктокчисиман. Ëшим 27 да. TIkTokнинг ўзбекча сегменти тахминан 70 фоизи ўйин-кулги. 20 фоизи диний насиҳат¸ 5 фоизи ижтимоий муаммолар¸ қолгани ҳар-хил, масалан, фан ва техникага оид.
Қатра ханда ëки эри Камаз ҳайдайдиган хотин
Диëра Абдужабборова айтган 70 фоиз ўйин-кулги акс этган TikTok видеолавҳаларда ўзбек эр - хотин оиласидаги “кулгили” онлар тасвирланади. Шундай видеолардан бири “Эрим Rамаз ҳайдайди” деб номланади. Кадр марказида қишлоқлик келинчак воҳа вилоятлардан бирига оид шевада “Эрим Камаз ҳайдайди” дея шеър ўқий бошлайди. Жумла тугаши билан “Мени айтяпти” деган эркакнинг гулдурос овози кадр ортида эшитилади. Келинчак буни эшитиб, уялгандай ҳаракатлар қилади ва “Жуда узоқ ҳайдайди” дея навбатдаги мисрани айтади. Яна кўринмас эркак овози “Мени айтяпти” дейди. Кадрдаги келинчак ийманиб, гўëки уялиб гапиради: “Уйга ичиб келганда, мени (пауза) уйдан ҳайдайди, демоқчи эдим” (кулги овози). Келин рақсга тушади. Фильм тугади.
Абдужабборовага кўра¸ бундай кулгили қатра видеолар, одатда жуда кўп томоша қилинади.
Қулай платформа
Ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментидаги кўп сонли муштарийга эга саҳифа маъмури¸ ҳуқуқшунос Исмигул Шайхуддиновага кўра¸ TikTok платформаси диний, баъзан эса ўта экстремистик даъватлар учун аллақачон минбарга айланган:
“Очиқчасига Суриядаги террористик гуруҳларни тарғиб қиладиган юзлаб ўзбекча видеолар TikTok платформасига юкланган. Ëш авлоднинг онги ва шуурини эгаллаш учун кураш борар экан, экстремистик ғоя тарғиботчилари учун TikTok платформаси қулай. Чунки бошқа платформалардан кўра, бу ерда контент модерацияси заиф. Фильтрлар деярли йўқ.”
Самарқанд вилоят ИИБ профилактика мулозимининг Озодликка айтишича, 2020 йилда икки нафар муқаддам диний сабаблар билан қамалиб чиққан собиқ маҳкум TikTok порталига юклаган видеолари юзасидан назоратга олиниб, суҳбатдан ўтказилган. Улар юклаган видеоларда “жиҳод чақириғи” ҳуқуқ- тартибот органлари хавотирига сабаб бўлган.
2020 йилда TikTok турли давлатлар талаби билан мингга яқин видеолавҳани ўчириб ташлади.
Барча тармоқлар ичида энг яхшисими ?
Кечган йилда Ўзбекистон тарихида илк бор ижтимоий тармоқ платформасига атаб фестивал ўтказилди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги "TikTok Awards 2020" фестивалини ташкил қилиб, энг яхши ўзбек Тиктокчиларини мукофотлади. Қимматбаҳо мукофотларни тақдим этган шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўзбек Тиктокчиларни энг азиз ва энг яхши, дея мақтади:
«Азиз тиктокерлар, ижодингизга омад тилаймиз! Биз доим сизлар билан биргамиз. Ҳозир қилаётган, кўрсатаётган видеоларингиз кимлар учундир енгил-елпи кўринаётгандир. Лекин бу сизларнинг ёшингиз категорияси. Бироз улғайганингиз сари яхшироқ, жиддийроқ видеолар оласизлар. Лекин ҳозирдан сизларни қўллаб-қувватласак, ўйлайманки, олган клип ва материалларингиз дунёга чиқади. Зотан, дунёга чиқиб ҳам бўлдингиз», - деди ҳоким ўз сўзида.
Бундан олдин 500 минг обуначиси бор TikTok юлдузи андижонлик Ҳусниддин Сoлиев билан учрашаман деб, кўчага минглаб мухлислар чиққани ортидан Андижон шаҳри марказида автомобил қатнови тўхтаб қолган эди.
Даромадли соҳа
Кечган йилда Forbes рус тилида сўзлашувчи тиктокчилар даромадларининг биринчи рейтингини тузгани, биринчи ўринни 9,5 миллион нафар обуначига эга ўзбекистонлик 22 ёшли Раҳим Абрамов эгаллагани тўғрисида хабар берган эди.
Абрамов 2019 йилда TikTok’дан 10,47 миллион рубль (136 минг доллар атрофида) даромад олган.
Цензура хавотирлари
Хитой ширкатига оид TikTok платформаси расмий Пекин билан ҳамкорликда ишлаши ҳақида иддаолар бор. Шу андишадан келиб чиқиб, АҚШ армияси зобитларига TikTokдан фойдаланиш тақиқланган.
Киприкларни қандай қилиб қайириш ҳақида TikTokка видеолар қўядиган уйғур қиз гап орасида “Сиз киприкларни томоша қилаëтган пайтингизда Хитойдаги лагерларда уйғурлар қийноққа солинмоқда” дейди. Бунинг ортидан TikTok ушбу видеони ўчирди. Уйғур блогерни ТikТok цензурасидан ҳимоя қилиш учун норозилик ҳаракати бошланди. Бу ҳаракат кўламидан хавотирга тушган ТikТok ширкати видеони қайта жойига қўйиб қўйишга мажбур бўлган эди.