Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:53

Қурувчи-муҳандислар: Уйлар ўғрилик ва малакасизликдан қуламоқда (ВИДЕО)


Жиззахда қулаб тушган кўпқаватли уй - 10 январь, 2021
Жиззахда қулаб тушган кўпқаватли уй - 10 январь, 2021

Лойиҳалаш ишларининг сифатсизлиги, муҳандислар ва қурувчиларнинг малакасизлиги, қурилиш технологияларига риоя қилмаслик, қурилиш материалларининг ўғирланиши – буларнинг ҳаммаси мамлакат бўйлаб қурилаётган уйларнинг хавфсиз эканлигига катта шубҳа билан қарашга асослардир.

Бу фикрни Озодликка ўзбекистонлик икки қурувчи-муҳандис Жиззахда кўпқаватли уйнинг қулаб тушганини шарҳлар экан билдирди.

Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизматининг билдиришича, Бош вазир биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигидаги ҳукумат комиссияси Жиззахда қурилиши тугалланмаган олти қаватли уйнинг қулаб тушиши сабабларини ўрганишни бошлаган.

10 январь куни соат 17:15 атрофида Жиззах шаҳридаги Мустақиллик кўчасида қурилаётган 6 қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушди.

Жиззах вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари Фаррух Абдураҳмоновга кўра, ҳали фойдаланишга топширилмаган бино хусусий тадбиркор томонидан қурилаётган эди. Бинонинг дастлабки 2 қавати дўконлар ва қолган 4 қавати яшаш учун мўлжалланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса натижасида жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ. Шундай бўлишига қарамасдан, қидирув-қутқарув ишлари олиб борилгани хабар қилинди.

Техноген авариялар: Қулаган уй, ўртасидан бўлинган кўприк, ишдан чиққан марказий сув тармоғи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:10 0:00

Жиззах вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг 10 январда хабар қилишича, “ушбу уйнинг қурилиш ишлари 2020 йил март ойида бошланган бўлиб, декабрь ойида вақтинчалик тугатилган”.

Қурилиш нега декабрда тугатилган? Тугатилганми ё тўхтатилганми? Нега вақтинчалик? Озодликнинг бу ва бошқа саволларига ҳокимлик матбуот хизмати бошлиғи Акмал Биноқулов жавоб беришни истамади. “Ҳукумат комиссияси иш бошлади. Комиссия ўз ишини якунлаганидан сўнг барча саволларга жавоб берилади”, - деди ҳокимлик вакили.

Саноат хавфсизлиги қўмитаси мулозими: Бизнес-омбудсман рухсат берсагина текшира оламиз

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов етакчилигидаги комиссия таркибига кирган прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, бошқа вазирликлар ва идоралар мутахассислари орасида Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси мутахассислари ҳам борлиги хабар қилинди.

Саноат хавфсизлиги қўмитаси мулозими 11 январь куни Озодлик саволларига жавоб берди. Исми айтилмаслик шарти билан гапирган мулозимнинг сўзларига кўра, қўмита ваколатлари чекланган.

“Тўғри, Жиззахдаги воқеа бўйича комиссияга бизни ҳам қўшишди. Чунки биз қурилишларда фойдаланиладиган техника воситаларини, масалан, кўтарма кранлар созлигини назорат қиламиз. Биз, шунингдек, бино фойдаланишга топширилганидан кейин, яъни эксплуатация даврида фойдаланиладиган қурилмалар, масалан, лифтлар, иситиш қозонлари хавфсизлигини назорат қиламиз”.

Мулозимнинг айтишича, Саноат хавфсизлиги қўмитаси мутахассислари текширув ўтказиши учун Бизнес-омбудсман рухсати талаб этилади.

“Қурилишларда ишлаётган кўтарма кранларнинг кўпчилиги хусусий тадбиркорларники. Уларнинг манфаатини Бизнес-омбудсман ҳимоя қилади. Шунинг учун биз дабдурустдан ўша краннинг созлигини текшира олмаймиз. Бунинг учун олдин Бизнес-омбудсманнинг рухсатини олишимиз керак. Жиззахда қулаб тушган бинода эса, кўтарма кран ишлатилганми-йўқми – ҳозирча хабарим йўқ. Ҳар ҳолда, суратларда кран кўринмади. Қурилаётган объектларда ишни бошлаш учун биздан рухсат олишмайди. Биз қурилишни назорат қилмаймиз”.

Бино ва иншоотларнинг зилзилага бардошлилигига таъсир қилувчи, шунингдек, инсон саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солувчи сифатсиз қурилиш материаллари ва буюмлар қўлланилиши юзасидан ҳамда шу каби бошқа бир қатор масалалар юзасидан давлат назоратини амалга ошириш Ҳукумат комиссияси таркибига кирган Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекциясига юклатилган.

Қурилиш назорати инспекциясининг Тошкентдаги марказий аппарати котибаси бошлиғи ишда йўқлигини айтиш билан чекланди. Инспекциянинг Жиззах бўлими билан кун давомида боғланиб бўлмади.

Самарқандлик қурувчи-муҳандис: 1 тонна ўрнига 500 кг цемент ишлатишади

Хўш, Жиззахдаги кўпқаватли уй нега қулади? Лойиҳа ҳужжатлари сифатсизмиди? Қурилиш материаллари сифатсизмиди? Ёки қурилиш технологиясига риоя қилинмаганми?

Бу саволларга исми айтилмаслик шарти билан жавоб берган самарқандлик қурувчи-муҳандис ўғриликлар билан боғлиқ фаразни илгари сурди.

“Сиз айтган учала сабабдан ташқари яна бир сабаб бор. У ҳам бўлса, ўғриликдир. Масалан, 1 тонна цемент ишлатиладиган жойда 500 кило ишлатилади. Прораб, участка бошлиғи ва бошқалар шундан пул қилади. Ёки 16 лик арматура ўрнига 12 лик ишлатилади”.

Самарқандлик муҳандиснинг айтишича, қурилишлар сифатсизлигининг яна бир сабаби қурувчилар малакасизлигидир: “Ойлик озлиги учун яхши инженерлару яхши қурувчилар чет элга чиқиб кетган”.

Озодлик суҳбатдоши масаланинг яна бир муҳим жиҳатига эътибор қаратди: “Ҳар қандай қурилишни бошлаш олдидан геоқидирув ишлари ўтказилиши керак, расчётлари чиқарилиши керак. Бундай ишлар ўтказилаётганига ҳам жуда катта гумоним бор. Ҳозирда қурилишни бошлаш учун энг асосий шарт бўш жойнинг борлиги бўлиб қолди. Бўш ётган жой қурилмоқчи бўлган кўпқаватли бинони кўтара оладими, йўқми – бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ”.

Термизлик қурувчи-муҳандис: Кучлироқ зилзила бўлмаслигини Худодан сўрайман

Кейинги йилларда Тошкентда ишлаётган термизлик қурувчи-муҳандис (исмини айтмаслигимизни сўради) ўз кўзи билан кўрмагани учун Жиззахда қулаб тушган уй юзасидан бир нарса деёлмаслигини писанда қиларкан, қурилишларнинг умумий аҳволидан ташвишда эканлигини изҳор қилди.

“Тошкентда аҳвол бироз дуруст. Бироқ ҳар гал Термизга борарканман, йўл қуюн қурилаётган уйлар аҳволини кўриб, ваҳимага тушаман, кучлироқ зилзила бўлмаслигини Худодан сўрайман”, дер экан, муҳандис Термизда қурилаётган кўпқаватли уйлардан бирининг суратларини Озодликка тақдим қилди.

"Термизда қурилаётган уй пойдевори ҳозирданоқ уқаланиб, кўчмоқда", деди суратни Озодликка тақдим қилган қурувчи-муҳандис.
"Термизда қурилаётган уй пойдевори ҳозирданоқ уқаланиб, кўчмоқда", деди суратни Озодликка тақдим қилган қурувчи-муҳандис.

Муҳандис жўнатган суратларда бетон пойдевор четидан уқаланиб, кўчиб тушгани, тўсин плиталар сифатсиз қуйилганидан илма-тешик бўлиб ётганини кўриш мумкин.

“Термиз шаҳри марказидаги, Баркамол авлод кўчасидаги, Сурхондарё прокуратураси рўпарасидаги бу фундаментни кўриб, шок бўлдим. Ўзим инженерман. Бунақа орқада қолган "технология" мени ҳайратда қолдирди. Бошланиши шу бўлса охири нима бўларкин? Амир Темур бобомиз ҳижолатда. Қудратимизга шубҳа қилсанг биз қурган" домларга" боқ”, - деди киноя билан термизлик қурувчи-муҳандис.

Термизда қурилаётган кўпқаватли уйга қўйилган тўсин плиталар.
Термизда қурилаётган кўпқаватли уйга қўйилган тўсин плиталар.

У Озодликка яна бир сурат жўнатди. Унда икки бино акс этган. Муҳандиснинг айтишича, чап томонда Афғонистон-Германия қўшма ширкати қурган уй, ўнг томонда эса маҳаллий ширкат қурган уй акс этган. Озодлик бу суратга доир муҳандис берган маълумотни қўшимча ўргангани йўқ.

Муҳандиснинг айтишича, Термизда қурилган бу уйларнинг чапдагисини Афғонистон-Германия қўшма ширкати, ўнгдагисини маҳаллий компания қурган.
Муҳандиснинг айтишича, Термизда қурилган бу уйларнинг чапдагисини Афғонистон-Германия қўшма ширкати, ўнгдагисини маҳаллий компания қурган.

Техноген офатлар рўйхати

Жиззахдаги кўпқаватли бино қулаши сабабларини ўрганаётган ҳукумат комиссиясига Бош вазир биринчи ўринбосари Очилбой Раматов етакчилик қилмоқда. Раматов номи охирги бир йилда Ўзбекистонда юз берган иккита йирик ҳалокат - Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида 6 одам ўлимига сабаб бўлган ер ўпирилиши ҳамда Сардоба тўғони ёрилиши муносабати билан тилга олинган.

Озодликка шахси очиқланмаслик шарти билан гапирган Транспорт вазирлигига яқин мулозим 2019 йил декабрида қисман ўпирилиб тушган метронинг Юнусобод линияси қурилиши тепасида “Темир йўллари”нинг эгаси Раматов тургани, М800 супербетон ўрнига¸ М400¸ ҳатто М300 ишлатилганини иддао қилган эди.

Раматов раҳбари бўлган “Ўзбекистон темир йўллари” таркибидаги "Ўзтемирйулкурилишмонтаж" корхонаси эса ўтган йил 1 майида техноген офат юз берган Сардоба сув омбори қурилишининг бош пудратчиси бўлган.

10 январь куни Жиззахда қулаб тушган уй охирги кунларда юз берган техноген офатлардан биттаси бўлди.

11 январь куни,“Пахталикўл” сув узатиш иншоотида фавқулодда авария оқибатида соат 10:00 дан бошлаб Наманган шаҳрида сув таъминоти вақтинчалик тӯхтатилди.

Аввалроқ Андижонда ҳам марказий сув тармоғи 9 январь куни ишдан чиққани ва бунинг оқибатида 11-12 январь кунлари сув таъминотида узилиш бўлиши хабар қилинган.

Талимаржон иссиқлик электр станциясидаги ҳар бирининг қуввати 450 МВт бўлган иккита энергоблок сўнгги 10 кун ичида икки марта тўхтаб қолди ва натижада Қашқадарё вилоятининг қатор туманларида сув ва электр таъминотидан узилди.

XS
SM
MD
LG