Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:22

COVID-19: Дунёда коронавирусга қарши эмлаш жараёни қандай кетмоқда?


Ҳиндистон COVID-19 вирусига қарши дунёдаги энг йирик эмлаш жараёнини бошламоқда. Reuters агентлигининг хабар беришича, 12 январь куни Ҳиндистон ҳаво йўллари вакциналарни мамлакатнинг турли ҳудудларига етказиб беришни бошлаган. 16 январь куни бошланиши кутилаётган жараёнда жаъми 1,3 миллиард ҳиндистонликларнинг коронавирусга қарши эмланиши кутилмоқда.

Ҳиндистон расмийлари келаётган 6-8 ой мобайнида коронавирусдан зарарланиш эҳтимоли катта бўлган 300 миллион одамнинг эмланишига умид қилишмоқда. Уларга кўра, биринчи босқичда 30 миллион соғлиқни сақлаш ва бошқа асосий ижтимоий соҳа ходимлари, ундан кейин эса 270 миллионга яқин 50 ёшдан ошган ёки соғлиғида муаммо бўлган одамларга вакцина таклиф этилади.

Хабарларга кўра, Ҳиндистонда AstraZeneca-Оксфорд вакцинасининг ўн миллионлаб дозаси захираси ҳозирланган, 96 минг нафар соғлиқни сақлаш ходими эмлаш учун тайёргарликдан ўтган.

Ҳиндистон коронавирус юқтирганлар сони бўйича АҚШдан кейин иккинчи ўринда
Ҳиндистон коронавирус юқтирганлар сони бўйича АҚШдан кейин иккинчи ўринда

Ҳиндистон коронавирусга чалинганлар сони бўйича дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринда. 12 январь ҳолатига вирусни юқтирганлар сони 10 ярим миллионга яқинлашган. Қўшма Штатлардан фарқли Ҳиндистонда вирус тарқалиш жараёни секинлашгани кузатилади.

Умид ва хавотирлар

Коронавируснинг Британияда пайдо бўлган ва ҳозирнинг ўзида 30 дан ортиқ давлатда тарқалган янги тури эмлаш жараёнини янада тезлаштириш масаласини кун тартибга қўйган. Дунё бўйлаб сиёсатчилар яқин келажакда одатий ҳаётга қайтишга ваъда бераркан, эмлаш жараёнларининг кутилганидан секинроқ бораётгани хавотирларга сабаб бўлмоқда. Етарли дозадаги вакцинани етказиб беришдан тортиб, эмлаш жараёни инфратузилмасигача бўлган муаммолар экспертларни хавотирга солган.

Европа ва АҚШда Moderna ва Pfizer-BioNTech вакциналари билан эмлаш жараёни суст бормоқда. Вакцинани кўп миқдорда етказиб беришга молиявий-техник етишмовчиликлар сабаб бўлмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг иммунизация бўйича директори Кейт О'Брайан 7 январь куни оз даромадли мамлакатлар учун мўлжалланган COVAX эмлаш лойиҳаси доирасида жорий ойда коронавирусга қарши вакциналарни етказиб бериш жараёни бошланишини билдирди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг “COVAX” (Коронавирусга қарши вакциналаш) халқаро механизмига 170 дан ортиқ мамлакат қўшилган бўлиб, улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Шунингдек, лойиҳа кўплаб номзод вакциналар, жумладан баъзи мамлакатларда аллақачон тасдиқланган AstraZeneca/Оксфорд ва Moderna вакциналарини ўз ичига олади.

Айрим мутахассислар коронавирусга қарши эмлаш жараёнининг ҳаддан ташқари сиёсийлаштирилаётганидан ташвишда.

ЖССТ: 2021да жамоавий иммунитет пайдо бўлмайди

Айни пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё давлатлари эмлаш жараёнини тезлаштирган ҳолатда ҳам, 2021 йилда COVID-19га қарши жамоавий иммунитет ҳосил бўлмаслигини билдирди.

“Вакцина аҳолининг энг заиф қатламларини ҳимоя қилган тақдирда ҳам биз 2021 йилда умумий ёки жамоавий иммунитет пайдо бўлишига эриша олмаймиз. Айрим ҳудудларда пайдо бўлган иммунитет бутун дунёдаги одамларни ҳимоя қила олмайди”,-деди 11 январь куни ЖССТ бош илмий ходими Сумья Сваминатан.

Бир неча ойлик чеклов чораларига қарамасдан Европа, Америка ва Осиёда вируснинг тарқалиш кучи бутунлай йўқ бўлмади. Айни пайтда мамлакатлар пандемияни тўхтатиш учун аҳолининг кенг қатламини оммавий эмлаш ҳаракатидадир.

ЖССТнинг билдиришича, вирусга қарши жамоавий иммунитет ҳосил бўлиши учун аҳолининг камида 70-80 фоизи эмланиши зарур.

Россия ва Хитой вакцинасини кўнгиллиларда синаётган Ўзбекистонда эмлаш жараёнларининг аниқ санаси ҳозиргача эълон қилинмаган. Ўтган йил охирида расмийлар Ўзбекистон COVAX дастури бўйича 2 миллион доза вакцинага ариза берганини айтган. Хабарларга кўра, дастурга аъзо 190 давлатга эмлаш воситалари 2021 йил баҳоридан етказиб берилиши мумкин. Ўзбекистон расмийлари биринчи босқичда 65 ёшдан катталар ва соғлиқни сақлаш ҳамда таълим ходимлари эмланишини айтган.

Британиядаги эмлаш жараёнлари

Британия февраль ойининг ўрталарига қадар 15 миллионга яқин одамни коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи дозаси билан эмлашни режалаяпти. Баҳорга қадар яна ўн миллионлаб одам эмланади. Мамлакат расмийлар эмлаш кампанияси вирус тарқалиши олдини олиш учун жорий қилинган чекловларни эртароқ бекор қилишга замин яратишига умид қилмоқдалар.

Бугунга қадар тахминан 2,3 миллион британиялик биринчи дозани олган, қарийб 400 минг одам эса бустер-доза, яъни иккинчи дозани олган. Бу ҳақда душанба куни Британия ҳукумати маълум қилди.80 ёшдан ошганларнинг қарийб 40 фоизи ва қариялар уйларида яшаётганларнинг деярли чорак қисми биринчи дозани олган.

Британия дунёда коронавирусга қарши вакцинани маъқуллаган биринчи давлат бўлган
Британия дунёда коронавирусга қарши вакцинани маъқуллаган биринчи давлат бўлган

Ҳукумат ўз олдига қўйган режага эришиши учун 15 февралга қадар ҳафтасига 2,5 миллион одам эмланиши керак бўлади.

Биринчи ким эмланади?

  • Кекса ёшдаги қариялар уйи турғунлари ва уларни қарайдиганлар
  • 80 ёшдан ошганлар ва соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ёрдам хизматлари ходимлари
  • 75 ёшдан ошганлар
  • 70 ёшдан ошганлар ва клиник жиҳатдан заиф одамлар

Дастлабки икки гуруҳ вакцина олишни бошлади.

Душанба куни еттита оммавий эмлаш маркази ўз фаолиятини бошлади. Улар конференция ўтказиладиган жойларда, футбол стадионида ва ипподромда уюштирилди.

Жорий ҳафта давомида шифохоналарда ва дорихоналарда кўпроқ марказлар очилади ва мамлакатдаги эмлаш марказлари сони 1 200 га етади. Ой охирига қадар Буюк Британияда 2 700 дан ортиқ эмлаш маркази йўлга қўйилади.

Англияда ҳар бир фуқаро эмлаш марказдан кўпи билан 10 миль узоқда бўлиши керак. Аҳоли кам яшайдиган жойларда эса кўчма эмлаш гуруҳлар уюштирилади.

Қайси вакциналар?

Буюк Британия Pfizer ва BioNTech ширкатлари томонидан ишлаб чиқилган вакцинанинг 40 миллион дозасига буюртма берган. Аҳолини мазкур вакцина билан эмлаш жараёни 8 декабрь куни бошлади.

Ушбу вакцина -70°C даража ҳароратда сақланиши керак. Шундай бўлса-да, уни оддий музлатгичда беш кунгача сақлаш мумкин.

Буюк Британия, шунингдек, Оксфорд университети AstraZeneca ширкати билан ҳамкорликда ишлаб чиққан вакцинанинг 100 миллион дозасига буюртма берди. Ушбу вакцина арзонроқ бўлиб, уни ташиш ва сақлаш ҳам анча осондир. Мазкур вакцина билан эмлаш 4 январь куни йўлга қўйилди.

Ўтган ҳафтада мамлакатда Moderna ширкати вакцинаси ҳам тасдиқланди, аммо вакцина дозалари ўз манзилига етиб боргунича бир неча ҳафта керак бўлади.

Умуман олганда, Британия ҳукумати 367 миллион дозада етти хил вакцинага буюртма берди.

Вакцина дозаси

Pfizer ва AstraZeneca вакциналари икки дозали вакциналардир. Буюк Британия ҳукумати кўрсатмасига кўра, иккинчи дозани биринчисидан кейин 12 ҳафтагача бўлган муддатда олиш мумкин. Pfizer эса икки дозани 21 кун фарқ билан олишни тавсия қилган.

Британия Соғлиқни сақлаш хизмати раҳбари сўзларига кўра, Pfizer вакцинасининг биринчи дозасини олган шахсда 12 кундан кейин вакцина самарадорлиги 90 фоизни ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG