Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:17

Навальний Россияга қадам босиши билан ҳибсга олиниши мумкин


Россия Жазони ўташ федерал хизмати (ФСИН) Кремль танқидчиси бўлган мухолифатчи Алексей Навальний мамлакатга қайтса, ҳибсга олинишини маълум қилди.

Аввалроқ ФСИН Навальнийни федерал қидирувга берган эди.

Федерал хизматнинг билдиришича, Навальний шартли равишда қамоққа ҳукм қилинган шахс сифатида назорат тартибида қайддан
ўтмай келмоқда.

Бунга қарамасдан, айни пайтда Германияда қолаётган Навальний Россияга қайтаётгани ва 17 январга Москва рейсига чипта сотиб олганини маълум қилди.

Навальнийнинг айтишича, ФСИН унга чиқарилган шартли қамоқ жазосини қамоқ жазосига алмаштиришни сўраб, судга мурожаат қилган.

Суд бу аризани қаноатлантирса, мухолифатчи 3,5 йилга қамалиши мумкин.

ФСИН суд Навальнийга 2014 йилда чиқарилган шартли қамоқ жазосини қамоқ жазосига алмаштириш масаласини кўриб чиқар экан, мухолифатчини «ҳибсга олиш учун барча чораларни
кўришга мажбур» эканлигини билдирди.

Навальний 2014 йилнинг декабрида товламачиликда айбланиб 3,5 йилга шартли равишда қамалган эди.

Жазо муддати 2020 йилнинг 30 декабрь куни тугаган.

Мухолифатчи ўзига билдирилган айбловни тан олмай келади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди бу ишни ўрганиб, Навальний Россияда адолатли судлов ҳуқуқидан маҳрум этилгани тўғрисида қарор чиқарган.

14 январь куни ФСИН баёнот эълон қилишидан олдин Навальнийнинг адвокати Вадим Кобзев:

«Биз унинг ҳибсга олинишини кутяпмиз деб айта олмайман, лекин уни аэропортда ҳибсга олишлари эҳтимолдан холи эмас», - деди.

Москва шаҳридаги Симонов тумани суди сайтида ёзилишича, Навальнийнинг шартли қамоқ жазосини ўзгартириш бўйича ариза 11 январда рўйхатга олинган.

Сайтда ёзилишича, ҳукмни ўзгартиришнинг расмий сабаби «юкланган мажбуриятларни бажармаслик, товон тўлашдан бўйин товлаганлик ёки бошқа жиноят содир этганлик»дир.

Навальний ўтган йилнинг август ойида заҳарланиш аломатлари билан Омскда касалхонага ётқизилганидан кейин тиббиёт учоғи билан Берлинга жўнатилган эди.

Бир неча лаборатория унинг совет даврида ишлаб чиқилган «Новичок» гуруҳига кирувчи модда билан заҳарланганини тасдиқлади. Натижада Европа Иттифоқи етти нафар Россия амалдорига ва бир тадқиқот институтига қарши санкция жорий қилди.

Навальний Берлиндаги шифохонадан чиққанидан кейин, Германияда реабилитациядан ўтди.

Россия ҳукумати Навальний Германияга олиб келгунига қадар унинг танасида заҳар изи топилмаганини даъво қилиб, ушбу ҳолат юзасидан жиноят ишини қўзғатишдан бош тортиб келади.

Навальний унинг заҳарланишида бевосита президент Владимир Путинни айбламоқда.

Бу орада 14 январь куни Россиянинг Челябинск шаҳри суди Навальнийни қўллаб-қувватлаган икки фаолни оқлади.

Оксана Ерёмина ва Юрий Варушин 2018 йил май ойида шаҳарда Навальний тарафдорлари томонидан ўтказилган маршда безориликка қўл уришда айбланаётган эдилар.

Ушбу норозилик акцияси ўша куни инаугурация қилинган Путинга қарши уюштирилган эди.

XS
SM
MD
LG