Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:43

Агрессияга тайёргарлик.  Донецкда "Русский мир" қоронғи залда режа тузмоқда


Россия назоратидаги "ЛНР" и "ДНР" раҳбарлари Леонид Пасечник и Денис Пушилин "Русский Донбасс" форумида. Донецк, 28 январь, 2021 йил.
Россия назоратидаги "ЛНР" и "ДНР" раҳбарлари Леонид Пасечник и Денис Пушилин "Русский Донбасс" форумида. Донецк, 28 январь, 2021 йил.

Ўтган ҳафта Донецкда, “томонлар билан туташув чизиғи”да қайтадан бошланган отишма садолари остида, ўзини Украинадан мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск халқ республикалари ҳудуди Донецк ҳамда Луганск вилоятларининг маъмурий чегараларига қадар кенгайиши тўғрисида гапирилди. Бу ерда стратегик мақсад, 2014 йилда фалаж бўлган “Катта Новороссия” ғоясини қайтадан жонлантириш ҳақида сўз борди. Ҳаттоки, Россия ва Украина зиддиятининг галдаги босқичи сифатида Минск битимларидан чиқиш масаласини ҳам муҳокама қилдилар.

Россия назоратидаги тан олинмаган икки “республика” раҳбарлари, РФ Давлат Думасининг икки депутати, Маргарита Симоньян оиласи, бир неча юз делегат ва россиялик фахрий меҳмонлар жам бўлган икки кунлик “Русский Донбасс” интеграция форуми”нинг қисқача якуни шу.

Пул йўқ, мадор ҳам қурияпти

Форумда янграган баландпарвоз баёнотлар реал воқеликдан анча узоқ. Урушаётган томонларнинг туташув чизиғидаги жанговар шайлиги, ҳарбийларнинг кайфияти, таъминоти, кенг кўламли ҳаракатларга ҳозирлиги кўзга ташланмайди.

Иқтисодий аҳвол ҳам мақтангулик эмас. Ижтимоий стандартлар ва иш ҳақи даражаси бўйича қўшни Ростов вилоятига етиб олиш ҳақидаги гапларнинг таги пучлиги маълум бўлди. 1 январдан бюджет муассасаларда иш ҳақини оширишган эди. Кейин аён бўлишича, бу билан бирга иш ҳақига қўшиб ҳисобланадиган турли тўловлар бекор қилинибди... Боз устига 1 февралдан Донецкда коммунал хизматлар нархи 20 фоизга ошди. Ҳолбуки, шу пайтгача Донецкда аҳоли истеъмол қиладиган Россия газининг баҳоси қўшни Ростов вилоятидагидан 2,5 бараварга арзон эди. Умуман, коммунал тўловларнинг ошиши Россия ҳукумати дотацияни камайтира бошлаганини англатувчи сигналдир.

Қишга келиб Донецк металлургия заводи (ДМЗ)да иш тўхтаб қолган эди. ДМЗ ва Енакиевск кокс-кимё заводининг “ташқи назоратчиси” бўлмиш "Внешторгсервис" ЁАЖ (Россия) қарийб яксон бўлган ушбу йирик корхоналарни ўз назоратидан чиқарди. Ҳолбуки уларнинг ўз ишчи ва хизматчиларидан иш ҳақи бўйича жуда катта қарздорлиги мавжуд.

Форумнинг маҳаллий аҳоли учун ягона жозибаси

Донецкдаги йирик мафкуравий тадбирлар маҳаллий аҳоли учун “текин овқат тарқатиладиган жой” сифатида кўпроқ қизиқ. Шу маънода донецкликлар 2019 йилнинг 29 ва 30 октябрь кунлари ўтказилган “ДХР инвестиция форуми”ни мароқ билан эслашади. Зеро, урушдан олдин тубда таъмирланган муҳташам SHAKHTAR PLAZA меҳмонхонасида ўтказилган ўша тадбир давомида икки кун икки маҳал овқат билан сийлашган эди.

“Русский мир” шуҳратини оширишга мўлжалланган тадбирда эса одам сийрак бўлди. Форум рамзий аҳамиятга эга маскан — Славян маданияти марказининг нимқоронғи залида ташкил қилинган эди. Аммо, бир томондан коронавирусга қарши карантин чоралари, иккинчи томондан эса “ДХР”да эълон қилинган “юқори шайлик режими” туфайли тадбирда одам анча сийрак бўлди.

Симоньяндан бошқа ҳамма нарса эски

“Русский Донбасс” форумига Давлат думасининг Ғарб санкция белгилаган икки депутати келишди.

Казбек Тайсаев — Думага КПРФдан сайланган, “ДХР”га тез-тез келиб туради, ўзини мустақил деб эълон қилган айирмачи республикага “Қизил чизиқ” орқали ёрдам кўрсатиш ташкилотчиси. Бунақа партия тақиқланганига қарамай маҳаллий коммунистларнинг озодликда юргани, ҳатто ўз идораларини очиб, бемалол ишлаётгани, бу Тайсаевнинг шарофати билан. Хуллас, Тайсаевнинг Донецкка келиши ҳеч кимни ажаблантирмайди.

Андрей Козенко – қримлик, Украинанинг собиқ граждани, депутат сифатида "Россия – Донбасс" интеграция қўмитаси мувофиқлаштирувчиси. “ДХР” билан “ЛХР” учун “алоҳида статусга эга Россия минтақалари” деган тушанчани айнан у ўйлаб топган, унинг саъй-ҳаракатлари билан маҳаллий қонунчилик, ҳужжатлар алмашиши, давлат рақам белгилари, маълумотномалар, паспортлар Россия стандартларига ўтказилган эди. Жорий йилнинг январига қадар Донецкда 178 мингта Россия паспорти тарқатилди, “ЛНР” эса бу борада қўшнисидан бир оз олдинда бўлиши мумкин. Бинобарин, Андрей Козенконинг “Шарқий Украинада тўрт юз минг киши янги паспорт олди” деган гапи бир оз бўрттирилган, воқеликдан икки ойча илгарилаб кетган янгиликдир.

Маргарита Симонян Донецкда.
Маргарита Симонян Донецкда.

“Тарихий Новороссия” тушунчаси тирилтирилиши муносабати билан, 2014 йилдан бери илк бор “Рус Донбасси”ни Запорожье, Харьков, Днепропетровск, Херсон, Николаевск ва Одесса вилоятларини “бирлаштирувчи нуқтага айлантириш” билан Украинага яна таҳдид қила бошланди.

Россия дарсликлари Киев назоратидан четдаги ҳудудлар мактабларида 2015 йилда пайдо бўлган эди, 2016 йилда Донецк шаҳрида украин тилида ўқитиладиган сўнгги синф ёпилди, 2020 йил мартда эса украин тили ҳақидаги барча эслатмалар маҳаллий конституциядан ўчирилиб, рус тили ягона давлат тилига айлантирилди.

Россия Федерацияси шаҳарлари билан горизонтал алоқалар дастурлари 2017 йилдан ишга туширилди, ўшандан бери “Россия – Донбасс интеграция қўмитаси” сайтида “ДХР” ва “ЛХР” ҳамда Россия шаҳар ва районларининг “биродарлашаётгани” тўғрисидаги хабарлар болаламоқда.

Куздан бошлаб Донецкда маҳаллий Марказий сайлов комиссияси жонланиб қолди, "ДХР“ мулозимлари қанақадир овоз бериш тадбирини кутишяпти. Нимани буюришса, ўша бўлади: ё “республика”ларни бирлаштириш юзасидан, ё Россияга қўшилиш референдум бўлади ёхуд шунчаки, Россиянинг ДХРда истиқомат қилувчи янги фуқаролари сентябрь ойида Россия Федерацияси Давлат думасига бўладиган сайловларда иштирок этишади.

“Русский Донбасс” доктринаси ғояси Донецкка ўтган йили, декабрнинг ўрталарида йўлланган бўлиб, шундай ғоя ишлаб чиқилгани ҳақида, 2019 йил ёзда Москванинг амрига кўра “Зеленский, Донбасс халқига қулоқ сол!” акциясини ўтказиб Украина президентини Минск битимларини ҳурмат қилишни талаб қилган одамларнинг ўзлари маълум қилинди. Эндиликда, мана, янги тренд пайдо бўлибди: маҳаллий кузатувчилар собиқ депутат, Давлат Думасининг вице-спикери Сергей Бабурин юқори доираларнинг парда орти суҳбатларида Минск битимларидан воз кечиш фурсати етгани тўғрисида гапирганини мароқ билан сўзлашяпти.

Нима бўлган тақдирда ҳам барча яхши англаб турибдики, Россия президентининг собиқ ёрдамчиси Владислав Сурковдан мерос эски шиорлару ғояларни бу тахлит омихта қилишдан кўзланган ягона мақсад — Киевни қўрқитиш, шунингдек, Москва музокаралар мутлақо берк кўчага кириб қолганига ортиқ тоқат қилмаслигини ва Донбассдаги вазиятни шунчаки “музлатиш” имконсизлигини намойиш қилишдир.

Форумдаги янгилик эса унда Маргарита Симоньян иштирок этгани бўлди. RT бош муҳаррири “хусусий шахс” сифатида, она Россия Донбассни албатта ўз бағрига олишига тилак билдирди. Симоньян Донбассда илгари сира бўлмаган экан, шу боис уни таклиф қилиш ғояси ўзини оқлади деса бўлади — ёрқин медиасиймоларсиз бунақа тарғибот анжуманини ҳатто Россиянинг ўзида ҳам пайқамасликлари мумкин эди.

“Русский Донбасс” форумидан сўнг Симоньяннинг турмуш ўртоғи Тигран Кеосаян учун Украинага келиш тақиқланса ажаб эмас, ва бу анжуманнинг ягона амалий оқибати бўлур эди: айтишларича, у ўша кунлари Славян маданияти марказига ташриф буюрган меҳмонлар орасидаги фамилияси Украина ТИВнинг санкция рўйхатларига тиркалмаган ягона меҳмон бўлган экан.

Дарвоқе, 2021 йил “ДХР”да Россия маданияти йили деб эълон қилинибди. Гўё бу ўлка шундан ўзга бирон маданиятга эшигини очадигандек.

XS
SM
MD
LG