Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:10

Ярим кечагача селектор. Мирзиёев "отбозор" деб атаган мажлисбозлик давом этмоқда


Қашқадарё вилоят, Нишон туман ҳокими 3 февраль кечқурун ҳокимлик биносида иккита йиғилиш ўтказилгани тўғрисида тумандаги ташкилотлардан бири раҳбаридан олинган маълумотни инкор этди.

Ташкилот раҳбарининг билдиришича, соат 6 дан 8.30 гача битта йиғилиш, 9 дан 11 гача иккинчи йиғилиш ўтказилган.

“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятида февралнинг дастлабки уч кунида учта йиғилиш ўтказилганини жамият мулозими тасдиқлади.

27 январь куни Шавкат Мирзиëев мажлисбозликка чек қўйиш ҳақида ҳукуматга яна бир марта кўрсатма берган эди.

"Мажлислар тунги 12 гача давом этади"

“Селекторлар давом этмоқда. Бу тартиб Қашқадарёда соат тунги 12 гача давом этади. Нима ҳолат бу ахир?! Шу масалани ёритинглар, илтимос. Қатнашувчиларда ҳам оила, бола-чақа бор. Бизнинг ҳам бир бор болаларни кўришга ҳақимиз бордир? Улар ухлаганда келиб, уйғонмасдан чиқиб кетамиз, нима бу аҳвол?!”

Бу хабар муаллифи 4 февралда Озодликка вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасидан барча туманларга юборилган телефонограмма суратини ҳам жўнатди.

Ҳужжатда “3 февраль куни соат 19:00 да қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ZOOM электрон дастури орқали йиғилиш ўтказилади” дейилган.

Қашқадарё вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси хабарномаси
Қашқадарё вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси хабарномаси

Озодлик хабар муаллифи билан қайта боғланди ва унинг Нишон туманидан эканлиги маълум бўлди. “Ҳокимликдан гап эшитиб қолишидан” қўрқиб исми айтилмаслигини илтимос қилган нишонликнинг айтишича, 3 февраль куни кечқурун иккита мажлис бўлган: бири соат 6 дан 8.30 гача битта йиғилиш, иккинчиси 9 дан 11 гача.

“Ҳар куни шу аҳвол. Мана бугун (4 февраль) кечқурун ҳам йиғилишга боришим керак, 2 февралда ҳам бўлган, эртага ҳам бўлади...”, деди туман даражасидаги ташкилот раҳбари. У 3 февраль кечқурунги йиғилишга тумандан 20 га яқин раҳбар қатнашганини, улар орасида Фермерлар кенгаши, “Агрокимёҳимоя” каби ташкилотлар раҳбарлари бўлганини айтди.

Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси хабарномасида йиғилишда кимлар иштирок этиши белгилаб қўйилган.

“Таклиф қилинади: Туманнинг 4 та сектор раҳбарлари, туман ҳокимининг қ/х масалалари бўйича ўринбосари, вилоятдан бириктирилган Бош вакиллар, туман қишлоқ хўжалиги, ирригация, экология бўлимлари, фермерлар кенгаши, ветеринария, “Чорванасл” маркази, Кадастр агентлигининг туман бўлими, “Агросервис МТП” МЧЖ, “Агрокимёҳимоя” ҲАЖ, Агроинспекциянинг туман бўлими, тижорат банклари ҳамда кун тартибига алоқадор бошқа ташкилотлар раҳбарлари”, дейилган ҳужжатда.

Йиғилишлар тўғрисида хабар қилган ташкилот раҳбарининг айтишича, қишлоқ хўжалик масалаларига бағишланган йиғилиш соат 8:30 да тугагач, ярим соатлик танаффусдан кейин туман ҳокимининг анъанавий йиғилиши бошланган ва у соат 11 гача давом этган.

Туман ҳокими: Ҳеч қандай йиғилиш бўлгани йўқ!

Нишон туман ҳокими Мухтор Ҳайитмуродов 4 февралда Озодлик саволларига жавоб бераркан, 3 февраль кечқурун иккита йиғилиш ўтказилганини инкор этди. Ҳокимнинг айтишича, мажлисбозликка барҳам берилган. Мажлислар ўрнига у ёки бу ташкилот раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилмоқда.

“Мажлисларни тўхтатганмиз. Семинарлар бўлиши мумкин, улар жойида бўляпти. Айрим масалалар юзасидан раҳбарлар билан учрашувлар ўтказаман. Масалан, кеча кеч соат 6 ярим 7 ларда Фермерлар кенгаши раиси билан ишладим. Гоҳида фермерлар билан, гоҳида химия билан (“Агрокимёҳимоя” демоқчи) билан ишлайман. Лекин бу учрашувлар мажлис эмас. Мажлис кўпкишилик бўлади”, - деди ҳоким.

Бир ойда неча марта йиғилиш ёки мажлис деб атаса бўладиган тадбир ўтказасиз, деган саволга Нишон туман ҳокими Мухтор Ҳайитмуродов “Мажлис ва йиғилишларни тўхтатиш топширилган. 3-4 кунда бир тегишли раҳбарлар билан учрашиб, гаплашиб оляпмиз. Лекин бу учрашувлар мажлис эмас”, деб жавоб берди .

"Ҳудудий электр тармоқлари”да ​ҳар куни биттадан мажлис

4 февралда Озодликка келган уч ҳужжатдан акциядорлик жамияти раҳбарияти сўнгги 3 кунда 3 та йиғилиш ўтказгани маълум бўлди.

Uzbekistan - information about meeting which will be held by district governments
Uzbekistan - information about meeting which will be held by district governments

1 февраль, соат 11:00 да Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ҳамда Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасининг мазмун-моҳиятига багишланган тарғибот тадбири;

2 февраль, соат 10:00 да электр энергияси учун тўловларни ундириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши;

3 февраль, соат 20:00 да электр тармоқлари корхоналарини марказлашган 1С дастурига ўтказишга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилган.

Бу йиғилишлар тўғрисидаги телефонограммалардан улар "Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти таркибига кирувчи мамлакат ҳудудидаги барча электр тармоқлари раҳбарлари ва бошқа тегишли ходимлари иштирок этгани тушунилади.

"Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Девонхонаси мулозими Луиза Байганова суратлари Озодлик ихтиёрида мавжуд телефонограммаларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлади, йиғилишлар бўлиб ўтганини, улардан баъзилари тўғрисида ҳатто ТВда хабар берилганини фахр билан айтди.

Шавкат Мирзиëев ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирларига бағишлаб, 27 январда ўтказган видеоселектор йиғилишида яна бир марта мажлисбозликка чек қўйиш масаласини кўтариб бундай деган эди:

“Мажлисбозлик касалига чалинган бўлсанглар, уйда мажлисларни ўтказинг. Кераксиз мажлисларни ўтказишни тугатиш керак. Отбозорга айланиб кетяпти. Баъзи раҳбарлар мажлисбозлик билан касал. Кераксиз мажлислар ўтказадиган… 40 дақиқадан кўпроқ мажлис ўтказадиганлар ишдан кетади”.

"Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Девонхонаси мулозими Луиза Байганова Озодликнинг йиғилишлар қанча давом этди, деган саволига жавоб беришга тараддудланиб турганида унинг ёнида турган бошқа бир ходимнинг “40 минут дегани эшитилди.

1990- йиллар бошида Ўзбекистон президентининг Кадрлар бўйича давлат маслаҳатчиси ўринбосари бўлиб ишлаган Шароф Убайдуллаев Президент мажлисбозликка барҳам бериш масаласига бот-бот қайтаверишига қарамай, раҳбарларнинг боши мажлисдан чиқмаётганини шарҳлар экан, “Афтидан, бир-икки ҳокимни айнан мажлисбозлиги учун намойишкорона жазолаш вақти келди, шекилли”, - деди.

XS
SM
MD
LG