Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:40

Қизини 65 ёшли қўшниси зўрлаганини иддао қилган она ИИБни ишни бости-бости қилишда айбламоқда


Шахснинг ўн олти ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда у билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, аксар мамлакатларда педофилия деб таснифланадиган оғир жиноят саналади
Шахснинг ўн олти ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда у билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, аксар мамлакатларда педофилия деб таснифланадиган оғир жиноят саналади

Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида 16 ёшли қизини 65 ёшли қўшниси зўрлаганини даъво қилаётган она туман ИИБсини ишни "бости-бости қилиб, жиноий ишни судга оширмай ҳаракатдан тўхтатганлик"да айбламоқда.

Ўтган йилнинг сентябр ойида уч фарзанднинг онаси бўлган аёл (Озодлик шахсий дахлсизлик важидан унинг исмини очиқламайди) вояга етмаган ногирон қизини 65 ёшли қўшниси 2018 йилдан буён жинсий зўрлаб келгани ҳақида Пахтаобод тумани Ички ишлар бўлимига шикоят қилган эди.

Туман ИИБ тергов бўлими шикоят бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб боргани, судга оид тиббий, физика-техника ва психиатрия экспертизалари ўтказганини билдирган.

Экспертиза қизнинг бокиралиги бузилмаганини кўрсатган, терговчилар эса далиллар етарли эмас, дея ишни тўхтатган.

Аммо қизнинг онаси иш бўйича жалб этилган эксперт ва психологлар хулосаларига терговчи томонидан ҳуқуқий баҳо берилмаганини айтмоқда.

У мазкур ҳодиса ҳуқуқий назоратга олинишини сўраб, Тошкентдаги Омбудсмен идорасига мурожаат қилган.

Тармоқларни ларзага солган ҳодиса

Ўтган йилнинг кузида Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида 16 ёшли ногирон қизнинг 65 ёшли қўшниси томонидан жинсий зўрлангани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларни ларзага солди.

Онанинг Озодликка айтишича, у ўз қизини қўшниси "зўрлаб юргани"ни сентябр ойи оҳирида билиб қолган.

Хонасига қамаб, ечинтириб "бахтли ҳаёт шунақа бўлади", деб жинсий зўрлаб келган

"Пандемия вақтида онлайн ўқиши учун планшет олиб бергандим. Интернетда тасодифан порнографик видеороликни кўриб "бу бахтли ҳаёт, қўшни амаким айтди", деб қолди. Шунда у қўшнимиз билан бўлган ҳолатларни гапириб берди. Хонасига қамаб, ечинтириб , "бахтли ҳаёт шунақа бўлади", деб жинсий зўрлаб келган экан. "Онангга айтма, бахтли бўласан, қизим, ногирон бўлганинг учун сенга бу ҳақда гапиришмаган, аслида ҳамма шундай қилиб, эрга тегади" каби сўзлар билан уни алдаб келган", - дея иддао қилади аёл.

Онанинг даъвосича, қўшниси "ғаразли мақсадини амалга ошириш учун уйи деразасидан қизининг хонасига кириб турган".

"Оғриқни қолдириш мақсадида ёки ҳомиладор бўлиб қолмаслиги учунми, "грипп бўлмайсан", деб қизимга аллақандай дорилар ичириб келган".

Андижон вилояти Пахтаобод тумани ИИБси мазкур ҳолат юзасидан ўтган йилнинг 4 ноябрь куни фуқаро Ю. Ф.га нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланганини маълум қилган эди.

Аммо терговчилар "далиллар етарли эмас", дея ишни тўхтатган.

Қизнинг онаси эса, ҳуқуқ-тартибот идораларини "зўравон қўшниси" устидан ишни "моддий манфаат эвазига бости-бости қилиш"да айблайди.

Далиллар етарли бўлиб ишни ёпишяпти. Агар ҳужжатлар изчил ва холис ўрганилганда, иш шунчаки ёпиб юборилмасди.

"Қизинг бокира, экспертиза кўрсатди, далиллар етишмаяпти", дейишяпти улар. Ваҳоланки, қўлини теккизса ҳам жинсий зўрлик бўлади. Бундан ташқари, эркак бошида "жинсий алоқага лаёқатсизман", деб кўрсатма берган, лекин экспертиза лаёқатли, деб топди. Далиллар етарли бўлиб ишни ёпишяпти. Қўшним мелисани пулга сотиб олган, афтидан. Агар ҳужжатлар изчил ва холис ўрганилганда, иш шунчаки ёпиб юборилмасди. Бу ерда психолог хулосаси ҳам бор. Унинг хулосаларига ҳам терговчи томонидан ҳуқуқий баҳо берилмаган. Суд психологик экспертизаси хулосасида қизимнинг кўрсатмалари ҳақиқатга яқинлиги, унинг ожизлигидан фойдаланилгани, ҳолат содир бўлиш вақтларида қиз жинсий алоқа ва унинг оқибатлари ҳақида тушунчага эга бўлмаганлиги ҳақида айтиб ўтилган. Аммо ушбу берилган хулосаларга қарамай, ишни ҳаракатдан тўхтатиш ҳақида барвақт тўхтамга келиняпти", - дейди қизнинг онаси.

Айни пайтда ушбу воқеа маҳаллий блогерлар назарига ҳам тушди. YouTube даги "Халқ орасида" каналида бу ҳақда ҳикоя қилинади.

Маҳаллий блогерларга кўра, зўравонликка учрагани айтилаётган қиз II-гуруҳ ногирони ва ўз тенгдошларига нисбатан ақлан заифроқ бўлган.

Озодликнинг сўнги иддаолар юзасидан 5 февраль куни Пахтаобод тумани ИИБ билан боғланишга уринишлари натижа бермади. Аммо Андижон вилоят ИИБ сайтида эълон қилинган баёнотда ишнинг тўхтатилишида "қизнинг хоҳиши инобатга олингани" урғуланган.

“Она айрим сабабларга кўра қизи охирги маротаба зўрланганидан бир ой ўтиб, туман ИИБга мурожаат қилган. Бироқ иш қизнинг ўз хоҳишига кўра юз бериб келганлиги важи билан тугатилган”,- дейилади Пахтаобод туман ИИБ билдирувида.

"Мелисани сотиб олганмишман, пулим бўлса Ҳажга бориб келмайманми..."

16 ёшли қизни жинсий зўрлаганликда гумон қилинаётган 65 ёшли эркак эса, ижтимоий тармоқлар орқали мурожаатида қўшнисининг туҳматига қолганини айтган.

"Мелисани пулга сотиб олганмишман. Ўйлаб кўринглар, бу жиноят пул билан бости-бости қилинадиган жиноят эмас.

"Мелисани пулга сотиб олганмишман. Ўйлаб кўринглар, бу жиноят пул билан бости-бости қилинадиган жиноят эмас. Пулим бўлганида Ҳажга бориб келган бўлар эдим. Машина миниб юрган бўлар эдим.

Дастурхон олдида ўтириб айтяпман, ўлиб тирилган одамни кўрганмисизлар дейишса, мени айтаверинглар. Қанчалар қийин бўлди менга бу туҳматни кўтариб юриш, - деган жиноятда гумонланаётган эркак.

Унинг аёли эса, қўшниси моддий манфаат илинжида бу уйдирмани ўйлаб топганини даъво қилади.

"Мақсади бизни уйимизга эгалик қилиш. Ҳаммаси уйдирма. Қандай қилиб ногирон қизга нисбатан бу ишни қилиш мумкин", - дейди у ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода.

Аммо қизи зўрланганини даъво қилаётган она "Боламнинг умри ҳаром бўлди. Уй талашадиган холим ҳам йўқ. Умрим ҳаром бўлди, ҳаётим барбод бўлди-ку. Ягона истагим - адолат", - дейди Озодлик билан суҳбатда.

Шахснинг ўн олти ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда у билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, аксар мамлакатларда педофилия деб таснифланадиган оғир жиноят саналади.

Аммо 2017 йили жиноят учун жазони либераллаштириш доирасида Ўзбекистон Жиноят кодексига киритилган ўзгартишларга кўра, бундай жиноят уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бу жиноят такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, ​уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

XS
SM
MD
LG