Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:48

Россиядаги намойишлар рамзига айланган сурат 2 миллион рублга сотилди


Таниқли фотосуратчи Дмитрий Марков юзлаб бошқа намойишчилар билан бирга ҳибсга олинган эди.
Таниқли фотосуратчи Дмитрий Марков юзлаб бошқа намойишчилар билан бирга ҳибсга олинган эди.

Полиция бўлинмасида олинган ва Алексей Навальний ҳимоясига ўтказилган намойишлар рамзига айланишга улгурган сурат 2 миллион рублга ($26,800) сотилди.

Унда президент Владимир Путиннинг деворга осилган сурати тагида ОМОН (махсус полиция кучлари) зобити ўтиргани акс этилган.

Бу фотосурат муаллифи таниқли фотограф Дмитрий Марков. У ўз Facebook саҳифасида сурат онлайн ким ошди савдосида Екатерина номли харидорга сотилгани ҳақида хабар берди.

Муаллифнинг айтишича, суратни сотишдан тушган маблағ намойишчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган ОВД-Инфо ва Апология протеста гуруҳларига берилади.

Марков мазкур фотосуратни 2 февраль куни, юзлаб бошқа намойишчилар билан бирга ҳибсга олиниб, маҳаллий полиция бўлинмасига келтирилганида олган.

Ўша куни Москвадаги Симонов туман суди мухолифат етакчиси Алексей Навальнийни колонияга йўллаш ҳақида қарор чиқарган. Сиёсатчининг 2014 йилдаги жиноят ишларидан бири бўйича олган шартли жазоси 3,5 йиллик қамоқ жазосига алмаштирилган.

Навальний 2014 йилда бир неча ой уй қамоғида сақлангани учун қамоқхонада 2,5 йилдан кўпроқ ўтириши керак бўлади.
Навальнийга ҳукм ўқилганидан кейин бўлиб ўтган намойишларда 1400 га яқин одам қўлга олинган.

Радио Озод Европа/Озодлик Радиоси билан суҳбатда Марковнинг айтишича, сурат «ўта рамзий»дир.

«Суратни тўлиқ англаш учун, ОМОН зобити қаршисида ўтирганларни ҳам кўриш мақсадга мувофиқ бўларди. Унинг қаршисида ёшлар ўтирганди, баъзилари 25 ёшлар атрофида. Зобит эса 50 ёшларда бўлса керак. Ва у хижолат бўляпти, юзини кўрсатишга қўрқяпти. Хона иссиқ бўлса ҳам, юзидан балаклавасини олиб қўймаган»,- дейди Марков.

Унинг айтишича, зобит ҳадиксираётгани яққол сезилганди.

XS
SM
MD
LG