Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:45

ЖССТ мутахассислари Ухань шаҳрида коронавирус келиб чиқиши ҳақида нималарни аниқлади?


Уханга юборилган миссия вирус қаердан келиб чиққани тўғрисидаги асосий назарияни ўзгартирмади.
Уханга юборилган миссия вирус қаердан келиб чиққани тўғрисидаги асосий назарияни ўзгартирмади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти – ЖССТнинг Ухань шаҳрига COVID-19 вируси келиб чиқишини ўрганиш учун келган илмий гуруҳи мамлакатни тарк этди.

Аммо бугунга қадар 2,3 миллиондан зиёд одам умрига зомин бўлган вируснинг келиб чиқиши ҳақида кўплаб муҳим савол ўз жавобини топгани йўқ.

Олимлар ташрифи Хитой учун сиёсий жиҳатдан нозик масала бўлди, чунки Пекин пандемия бошланганидан кейин тегишли чора кўрмагани ҳақидаги айбловлардан хавотирда.

Тўрт ҳафта давомида Хитойда тадқиқот ўтказган олимларнинг бири Питер Дасак:

- Кейинги қадамлар қандай бўлиши кераклиги тўғрисида аниқ маълумотни қўлга киритдик. Ўтказилган ишлар туфайли анча кўп нарсани ўргандик, - деб айтди.

Бир қарашда илмий жамоанинг асосий хулосалари аксарият тадқиқотчиларнинг вирус ҳақидаги тахминларини тасдиқлади.

ЖССТ миссияси ташриф давомида пандемиянинг келиб чиқиши ҳақида аниқ бир хулосага келишини ҳеч ким кутмаган эди. Олимларнинг сўзларига кўра, бунинг тагига етиш учун бир неча йил керак бўлиши мумкин.

Қуйида Уханга борган олимлар кўриб чиққан назариялар билан танишиб чиқамиз.

Кўршапалаклар

Уханга юборилган миссия вирус қаердан келиб чиққани тўғрисидаги асосий назарияни ўзгартирмади. Олимларнинг фикрига кўра, вирус илк бор кўршапалакларда пайдо бўлган ва бошқа жониворлар орқали одамларга юққан.

Дасак 2002-2003 йилларда оғир ўткир нафас олиш синдроми коронавируси (SARS) келиб чиқишини ўрганишга қаратилган тадқиқотда қатнашган. Ўшанда вируснинг келиб чиқиши Юньнань вилояти ғарбидаги ғорда яшовчи кўршапалакка бориб тақалиши тўғрисида хулоса берилган эди.

- Агар вируснинг табиатдаги асл ўчоғини аниқлашни хоҳлайдиган бўлсак, шунга ўхшаш тадқиқот ўтказишимиз керак бўлади. Вируснинг манбаси бўлган эҳтимолий кўршапалакни топишга қаратилган бундай тадқиқот жуда муҳим, чунки бу каби хавфли вирусларнинг манбаларини топсак, уларни тарқатувчи жонзотлар билан алоқани камайтира оламиз, - деди Дасак Reuters агентлигига берган интервьюсида.

ЖССТ жамоаси ва уларнинг хитойлик ҳамкасблари фикрича, вирус кўршапалаклардан оралиқ ҳайвон орқали одамларга юққани эҳтимоли жуда юқори, аммо бу айнан қайси ҳайвон орқали ва қачон содир бўлгани номаълум бўлиб қолмоқда.

Бозор

Эпидемия энди бошланганида Хуанань денгиз маҳсулотлари бозорида бир неча киши вирусни юқтирди. Шу сабабдан вирус айнан шу ерда тарқала бошлангани гумон қилинди.

Аммо вирус бозорда илк маротаба аниқланишидан анча олдин шаҳарнинг бошқа ерларида вирусни юқтириш ҳолатлари қайд этилгани аниқланиши ортидан бу назариядан воз кечилди.

Бозорда асосан музлатилган денгиз маҳсулотлари сотилган, лекин у ерда хонакилаштирилган ёввойи жониворлар ҳам бор эди. Улар орасида вирусни осон юқтириши аниқланган қуёнлар, бамбук каламушлари ва бўрсиқлар бўлган.

ЖССТ миссияси аъзолари иштирокида ўтказилган якуний матбуот анжуманида гуруҳ аъзоларидан бири ушбу ҳайвонларнинг баъзилари COVID-19 инфекциясини келтириб чиқарган вирусга энг яқин бўлган вирусни тарқатувчи кўршапалаклар яшайдиган минтақалардаги фермер хўжаликлари ва савдогарларга бориб тақалишини айтди.

Вирус бозорда уни бошқа жойда юқтирган одамдан тарқалган бўлиши ҳам мумкин.

Анжуманда қатнашган хитойлик амалдорга кўра, бозордаги ҳолатлар қайд этилган пайтда Ухань шаҳрининг бошқа ҳудудларида ҳам вирусга чалиниш ҳолатлари кузатилган. Шу сабабдан вирус ҳайвонлардан одамларга бошқа жойда ўтганини тахмин қилиш мумкин.

Лаборатория

ЖССТ олимлари ва уларнинг хитойлик ҳамкасблари вирус Ухань вирусология институтидан тарқалмагани ҳақида хулосага келдилар.

АҚШнинг собиқ президент Дональд Трамп коронавирус турли вируслар намуналари сақланадиган институтдан тарқала бошлаганини тахмин қилган эди.

ЖССТ миссиясига кўра, вирус лабораториядан тарқалган ҳолатлар жуда кам учрайди ва пандемия бошланган пайтда ушбу лабораторияда ёки дунёнинг бирон бошқа лабораториясида коронавирус мавжуд бўлганини кўрсатувчи ҳеч қандай далил йўқ.

Шунингдек, институтдаги хавфсизлик протоколлари билан танишиб чиққан олимлар жамоаси «бу ердан бирор нарса тарқалиши эҳтимолдан холи» деган хулосага келди.

Музлатилган егуликлар назарияси

Бир неча давлат, жумладан, АҚШ Хитойни юқумли касаллик тарқала бошлаганидан кейин кўрилган илк чоралар ҳақида тўлиқ маълумот бермасликда айблаб келади. Расмий Пекин эса вирус бошқа жойда пайдо бўлган, деган фикрда.

ЖССТ ва Хитой олимлари вирус одамларга музлатилган озиқ-овқат маҳсулотлари орқали юққани эҳтимолдан холи эмаслигини хулоса қилди.

Бу кутилмаган хулоса, чунки чет эллик мутахассислар бунинг эҳтимоли оз эканини айтиб келадилар.

Бу назарияни Хитой расмийлари кенг тарғиб қилиб келади.

Хитой расмийлари мамлакатга импорт қилинган озиқ-овқат маҳсулотларида вирус аниқланиши ортидан вирус Хитойга чет элдан келган бўлиши мумкин, деган фикрни илгари сура бошлаган.

ЖССТ жамоаси аъзоси Марион Копманс ушбу назария тўғри бўлганда ҳам, вирус дастлаб қаердан келиб чиққани ҳақидаги саволга жавоб бермаслигини таъкидлади.

«Музлатилган [маҳсулотлар] занжири жавоб бўла олмайди», - деди у аэропортда.

Қўлга киритилган маълумотлар

Хитой расмийларига тадқиқотчилар Ухань бўйлаб бемалол ҳаракатланиши ва хоҳлаган одамлар билан суҳбатлашиш учун қай даражада эркинлик бергани ҳақида кўплаб савол туғилди.

Аввалроқ ЖССТ ўз экспертларининг ҳаракат доираси чекланганини, Хитой расмийлари жамоатчилик саломатчилиги муҳофазасини баҳона қилиб, уларнинг маҳаллий аҳоли вакиллари билан эркин мулоқот қилишига имкон бермаётганини таъкидлаган эди.

Шундай бўлса-да, Дасак Хитой расмийлари илмий жамоанинг тегишли иншоотларга ташриф буюриш ёки муҳим шахслар билан учрашиш илтимосларини умуман олганда рад этмаганини айтди.

Жамоа аъзоси Теа Колсен Фишер дастлабки маълумотларни кўра олмаганини ва унга тақдим этилган маълумотлар таҳлилига таянишига мажбур бўлганини айтди. Аммо унинг сўзларига кўра, бунақа маълумот аксарият мамлакатларда тўғри бўлади.

XS
SM
MD
LG