Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:27

OzodTarmoq: Сайловлар ва Меҳрибон шоҳ - Азиза Умаровадан таклифлар


Президент Шавкат Мирзиёев Сардобада - май, 2020
Президент Шавкат Мирзиёев Сардобада - май, 2020

ОАВ тартибсизликларга чақирганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш режалаштирилаётгани ҳақида ёзмоқда. Мунтазам равишда куч ишлатар тизими ходимларининг иш ҳақи кўтарилмоқда, неччи марта формасию, қуроллари, махсус техникалари сотиб олинмоқда. Ҳамма сайлов билан банд эканлиги дарров билинади. Нокамтаринлик демасангиз, бу борада таклиф беришга жазм этсам.

Дунёнинг исталган нуқтасида (Канададан Руандагача) ҳар қандай сиёсий сайловлар арафасида маслаҳатчилар жамоаси “low hanging fruits” (сўзма-сўз таржимаси "пастда осилган мевалар" – “қўли етадиган масалалар”, “ҳал қилса бўладиган масалалар” деган маънода) рўйхатини тузишади. Яъни, амалга ошириш қийин бўлмаган масалалар. Уларни ҳал қилишга кетадиган жами харажат милиция формасига ёки куч ишлатар органлар ходимларининг иш ҳақига қўшиладиган қўшимча харажатлардан анча кам бўлиши мумкин, лекин юз баробар кўп самара беради. Энг муҳими эса, ҳеч ким ҳукуматга қарши боришни хаёлига ҳам келтирмайди. Аксинча оёғини қўлга олиб сайлов участкаларига чопади.

Шу пайтгача “low hanging fruits” ҳақида гапирилмаган экан, ўз таклифларимни берсам, нима дейсиз?

Smartgov Consulting раҳбари Азиза Умарова
Smartgov Consulting раҳбари Азиза Умарова


Олтита осон қадам:

1. Меҳрибон шоҳ вазифасини бажариш.
Мовий гумбазлар паркидаги муаммога киришиб ҳайкал ғоясини Тошкент ситига кўчирилишини айтиш кифоя. Қарабсизки, зиёлиларнинг ҳаммаси сиз томонда.

2. ИЖТИМОИЙ МАСАЛА. “Биз одамларга ғамхўрлик қиламиз!” деган шиор остида Ижтимоий ҳимоя бўйича ихтисослашган идора очилаётганини эълон қилиш. Бизда 2016 йилдан бери ижтимоий таъминот йўқ, ақл бовар қилмайди. Сиз ташкил қилган идора худди кинолардаги сингари инқироз ёқасидаги оилалар билан ишлаш учун камида 10 минг нафар профессионал ижтимоий соҳа ходимларини ёллайди ёки тайёрлайди да, қийналаётган болалар борми, илгари судланиб қамоқдан чиқиб келганларми ёки доим эридан калтак еб, жонидан тўйиб юрган аёлми, ногирон бола ва ишсиз ота-онами, хуллас ижтимоий соҳа ходими зарурати бўлса бошқа соҳа вакилларини жалб қилган ҳолда одамларнинг қийин вазиятдан чиқиб кетишига ёрдам беради.

Бу ўзини гўёки аҳолига ғамхўрлик қилаётгандек қилиб кўрсатиш эмас, балки тўлақонли ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини назарда тутади. Бутун мамлакат бўйича ижтимоий соҳа ходимларига кетадиган бюджет битта Тошкентни ободонлаштиришга кетадиган йиллик бюджетидан бир неча баравар кам бўлади. (Бу миқдорни билганим учун айтяпман).

3. БОЛАЛАР. “Биз болалар учун ғамхўрлик қиламиз!" деган шиор остида болалар онкологиясини ислоҳ қилиш. Онкология ва гематология (қон саратони) бизда ҳали ҳам алоҳида-алоҳида даволанади. Бу ҳам етмагандай на республика онкологиясида ва на гематологияда оддий реанимация мавжуд эмас. Болалар мунтазам равишда операция қилинадию аммо ихтисослашган болалар мутахассислари деярли йўқ. Болалар эса ҳаётдан кўз юмяпти. Зудлик билан гематология ва онкологияни бирлаштириб, ТАПОИЧ қошидаги янги кўп тармоқли болалар шифохонаси базасида болалар онкогематологияси учун 100 та (ундан кам эмас, ҳозирда 20 ўрин ҳақида айтиляпти) ўрин тайёрлаш керак. Муҳими, инглиз тилини биладиган, ҳозирги тизимини ислоҳ қила оладиган ва халқаро даволаниш протоколларини дарҳол амалиётга татбиқ эта оладиган замонавий ёш тиббиёт хизматчилари керак. Омон қолган болалар ҳақида ОАВдаги хабарларга кўз югуртиринг. Саратон касаллигидан аксарият ҳолларда бошқа мамлакатларга даволанишга кетганлар тирик қолмоқда. У ёғини давом эттиришим шарт эмас...

4. БОЖЛАР. Сўнгги 20 йил ичида ижтимоий инженерия (social engineering) одамлар онгига маҳаллий эскирган автомобилларни сотиб олиш энг катта орзу эканини сингдириб улгурди. Қадриятларнинг таназзулга юз тутаётгани ачинарли, лекин энди уни ўзгартириш қийин. Аммо буни билган ҳолда ''Биз сизнинг дардингизни кўриб турибмиз'' шиори остида хориждан олиб кириладиган автомобилларга импорт божларини камайтириш керак. Шу холос. Бу 100% фойдага ишлайди. Омма эса сиздан хурсанд.

5. БУЗИШЛАР. Эртанги кунга ишонч йўқолмоқда. Ноқонуний ер олди-сотдиси ривожланмоқда, коррупция, қурилиш қоидаларига риоя қилинмаяпти, янги қурилган уйлар қуламоқда ва бошқа жойга кўчиб ўтганларнинг ярмидан кўпи товон пулини (компенсация) ололмаган.

Янги муддатга бундай оғир юк билан бормаслик учун нима қилиш керак? Дарҳол ноқонуний бузилишларни гапириш ва мамлакатнинг бешта йирик шаҳарларининг Бош режасини эълон қилиш керак. Ҳеч бўлмаса умумий маънода. Уй-жой қуриш, ижтимоий инфратузилма ва тижорат кўчмас мулки учун аниқ ҳудудларни ажратиб, онлайн эълон қилиш шарт. Бу одамларда келажакка бироз бўлса ҳам ишонч уйғотади.

6. ҲУДУДЛАР. Кимдир қишлоқларга газ, электр энергияси ва сув етказиб бериш билан жиддий шуғулланиши даргумон. Буни ёш бола ҳам билса керак. Аммо қишлоқларга оптик толали алоқани тортиб бериш орқали ўзини намоён қилиш (пиар қилиш) имконияти ҳали ҳам бор. Ахир вилоятларда ҳеч қанақа юқори тезликдаги интернет йўқ, тош асри бўлиб ётибди. Шу боис, Рақамли Ўзбекистон интернетни ўсиш драйверига айлантиришдан бошланиши керак.
Агар экспорт соддалаштирилса, таълим берадиган контентлар кўпайтирилиб, тезкор билим олиш имконияти яратилса, интернет ҳаёт сифатини бироз яхшилаши мумкин. Сайловчиларга кераги ҳам шу.

Рўйхатни яна узоқ давом эттирсам ҳам бўларди. Лекин шу олтитасида тўхтайман. Сиз ҳам ўз фикрини қўшишингиз мумкин.

Азиза Умарова, Smartgov Consulting раҳбари

Телеграмдаги #Aziza Umar kundaligi каналидан олинди.

XS
SM
MD
LG