Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:36

Ноқонуний намойишга чақирганлик учун 5 йилгача қамаш таклиф қилинди. Қонунийси йўқ


Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Ёшлар форумида - 25 декабрь, 2020
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Ёшлар форумида - 25 декабрь, 2020

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари оммавий тартибсизлик ва зўравонликка чақирган, ноқонуний митинг ва намойишга даъват қилган, сайлов тартибини бузганларни жиноий жавобгарликка тортишни сўрамоқда.

“Миллий тикланиш” ва “Адолат” партиялари депутатлари таклифича, бундай ҳуқуқбузарлик учун жазо тақрибан 14 миллион сўм (тақрибан 1400 АҚШ доллари) миқдоридаги жаримадан 5 йилгача қамоқ тарзида белгиланиши лозим.

“Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров очиқлаган қонун лойиҳасида “референдум тўғрисидаги ва сайлов ҳақидаги қонунчиликда назарда тутилган чекловларга риоя этмаслик” қисми ҳам аниқ белгилаб қўйилган.

Шу йил октябрида ўтиши кутилаётган президентлик сайлови олдидан ҳукуматга мойил икки партия депутатлари якдиллик билан илгари сурган бу таклиф тармоқларда кескин эътирозларга сабаб бўлди.

Ўзбекистон қонунчилигида мамлакатда йиғилишлар, митинглар ва кўча юришларини ўтказишнинг қонуний тартиби белгиланмаган. 15 февраль куни Адлия вазири Русланбек Давлетов бу борадаги қонунчилик собиқ СССР давридан буён тартибга солинмаганини тан олди.

Ташаббус: $1400 жарима ва 5 йиллик қамоқ

Ўзбекистонда рухсат этилмаган митинг ва намойишларга даъват қилганлик, референдум ва сайлов ҳақидаги қонунчилик тартибини бузганлик учун 5 йилгача қамоқ жазосини белгилаш таклиф қилинди.

“Миллий тикланиш” ва “Адолат” партиялари томонидан илгари сурилган қонун лойиҳаси журналистлар ва блогерлар учун алоҳида огоҳлантиришни ўз ичига олади.

Қонун лойиҳасида, жумладан қуйидаги "ҳуқуқбузарликлар" саналган:

“белгиланган тартибни бузган ҳолда ўтказиладиган йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишларда иштирок этишга даъват қилиш”

“жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот тарқатиш”

“референдум тўғрисидаги ва сайлов ҳақидаги қонунчиликда назарда тутилган чекловларга риоя этмаслик”.


Бундан ташқари депутатлар, ОАВ вакиллари ва блогерлардан шу мазмундаги фикр ва чақириқлар эгаларига оид маълумотларни очиқлашни талаб қилмоқда:

“... изоҳ берувчи шахслар турган мамлакатни идентификацияловчи ноёб манзил тўғрисидаги маълумотларни акс эттириш шарт”.

Қонуншунослар бу каби “ҳуқуқбузарликлар учун” кучайтирилган жазони бир вақтнинг ўзида Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунга киритишни таклиф қилмоқда.

“Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров тақрибан 14 миллион сўмлик (тақрибан 1400 АҚШ доллари) жаримадан тортиб 5 йилгача қамоқ жазоси сўралган қонун лойиҳасини шахсан очиқлади.

Қодировга кўра, депутатлар қонун лойиҳасини бир ўқишда якдиллик билан маъқуллаган. Аввалроқ Сенат президент сайловлари санасига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонунни тасдиқлаганди.

Ўзбекистонлик қонуншуносларнинг фаоллашгани навбатдаги президент сайловларига ҳозирликлар манзарасида юз бермоқда.

Эрта сайловлар

Жорий йил охирида Шавкат Мирзиёевнинг биринчи президентлик муддати ниҳоясига етади. Октябрь ойининг учинчи якшанбаси- тақвимга мувофиқ бу йил 24 октябрга тўғри келади - навбатдаги президент сайловлари бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Мирзиёев 8 февраль куни “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Сайловга тайёргарлик олдидан ҳукуматга мойил икки партия депутатлари якдиллик билан илгари сурган бу таклиф тармоқларда катта эътироз уйғотди.

Блогер: Ҳамма сайловга тайёргарлик билан банд

Президент Мирзиёев сайловлар санасига ўзгартириш ҳақидаги қонунни имзолаганидан бир неча кун ўтиб, ички ишлар ходимларининг маошлари оширилишини эълон қилди.

Smartgov consulting раҳбари ва таниқли блогер Азиза Умар жорий раҳбарият худди аввалгиси каби сайловлар олдидан яна кучишлатар тизимларга таянаётганини танқид қилди.

Азиза Умарованинг Facebook саҳифасидан олинган сурат, 15 февраль, 2021
Азиза Умарованинг Facebook саҳифасидан олинган сурат, 15 февраль, 2021

Блогер икки партия таклифини “сайловга тайёргарлик”, дея баҳолади:

“ОАВнинг ёзишича, тартибсизликка чақириқ учун жиноий жавобгарлик белгилаш режаланмоқда. Айни пайтда куч ишлатар тузилмалар маоши кўтарилмоқда – яна бир марта кийим, ҳарбий аслаҳа, махсус техника харид қилинмоқда. Кўриниб турибдики, ҳамма сайлов билан банд”.

Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари университетининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов бу таклифга “халқ депутатлари халқни нишонга олди”, дея баҳо берди:

Алишер Илҳомовнинг Facebook саҳифасидан олинган сурат, 15 февраль, 2021
Алишер Илҳомовнинг Facebook саҳифасидан олинган сурат, 15 февраль, 2021

“Тартибсизликка чақириш” деганда нима назарда тутилаётгани “кадр ортида” қолмоқда. Буни милиция ва прокуратура ҳал қилади. Афтидан, “чақириқлар” дейиларкан, халқ норозилигининг исталган шакли назарда тутилмоқда. Халқ нимага қарши норозилик билдиради? Энг аввало, бизнинг вазирларимиз ва ҳокимларимизнинг адолатсизлигига қарши норозилик билдиради. Кўринадики, депутатларимизнинг бу амалдорлар - талон-торож, вайронагарчилик билан шуғулланаётган ва одамларнинг уйини бузаётганларга эътирози йўқ”.

Фаоллар Мирзиёев ҳукуматини халқ норозилигию буни ёритаётган ОАВ ҳамда блогерларга жазони кучайтириш эмас, балки бу норозиликларга сабаб бўлаётган муаммоларни ечишга чақирмоқда.

Тармоқларда жиддий муаммоларни ечиш ўрнига коррупция, талон-торож билан шуғулланган ва шу боис Сардоба сув омборидаги каби миллий миқёсдаги фалокатга сабаб бўлгани расман очиқланган амалдорларга чора кўришга чақириқлар янгради.

"Орқангизда президент турибди!"

Президент Мирзиёевнинг 4-5 февраль кунлари Фарғонага қилган ташрифи унинг вилоятларга одатий сафаридан кўра кўпроқ сайловолди тарғиботини эслатди.

Фарғонада журналист ва блогерлар билан мулоқот қилган Мирзиёев уларни ҳақиқат ва адолатни ёзишга чорлади. Президент журналист ва блогерларни таъқибга оладиган раҳбарлардан шахсан ҳимоя қилишни ваъда қилди.

"Сизлар менга кўмакчи, елкадошсиз. Ютуғимизни ҳам, камчилигимизни ҳам халқимизга адолат билан етказувчи куч, деб биламан. Сизлардан битта нарсани илтимос қиламан, изланишдан эринманглар, адолатни халққа етказишдан қўрқманглар. Ортингизда президент бор! У замонлар ўтиб бўлди. Энди орқага йўл йўқ. Фақат адолат, адолат, фақат ҳақиқат! Тўғри, бугун кимдир сизларни ёмон кўрар. Лекин сиз ёзган гапларни ёқтирмаган раҳбарлар барибир бориб тўғрилайди ўша муаммони. Барибир адолат мезони ўрнатилади", - деди президент.

Икки хил сиёсат

Канадада яшаётган ўзбекистонлик мустақил журналист Улуғбек Ашур президентнинг ушбу баёноти ортидан блогер ва журналистларни огоҳлантирувчи қонун лойиҳасининг муҳокама қилинишини унинг сўзларига том тескари қадам ва икки хил сиёсат, дея баҳолайди:

“Ана шу ўзгаришлар қонун сифатида киритилса, Бу Ўзбекистондаги сўз эркинлиги, фикрлаш эркинлиги, ҳаракат эркинлигига қўйилган жуда катта тўсиқ бўлади. Овоз чиқариш пайти етди, фикр айтиш пайти келди. Янги президент келиб, "Мен ислоҳотчиман, Янги Ўзбекистонни қуряпман" деб турганда, бу ўзгаришларнинг киритилиши сиёсатнинг том тескариси. Одамларни қўрқитиш, уларни елкасидан силкиб, у ёққа эмас, бу ёққа юринг, дейиш билан ривожланиш бўлмайди".

Тартибни бузиш учун жазо бор, аммо тартибнинг ўзи йўқ

Ўзбекистоннинг амалдаги жазо қонунчилигида оммавий йиғилишлар, норозилик намойишлари, митинглар, кўча юришларини уюштириш тартибини бузганлик учун жазо белгиланган.

Жумладан, Жиноят кодексининг 217-моддаси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201, 202-моддаларида ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузганлик учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.

Аммо митинг ва намойишларни уюштириш ва ўтказиш тартибининг ўзи қонунчиликда белгиланмаган. Икки партия вакиллари кўтарган ташаббус ортидан ўтган матбуот анжуманида Адлия вазири Русланбек Давлетов буни тан олди. Унинг эътироф этишича, қонунчилик собиқ СССР давридан буён тартибга солинмаган.

Ички ишлар вазирлиги ўтган йилнинг августида "Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида"ги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйган эди. Адлия вазирининг Gazeta.uz нашри мухбирига жавобан айтишича, бу лойиҳа қабул қилинмай, қайта ишлашга юборилган:

"Икки-уч марта бу қайта ишланди. Охирги вариантини биз ҳали кўрмадик. Лекин албатта, бу қонун керак. Лойиҳа бекорга ишлаб чиқилмади. У давлат дастури асосида келтирилган топшириқ билан ишлаб чиқилди", дея иқтибос келтирди вазирдан интернет нашри.

ИИВ қонун лойиҳасида таъкидланишича, митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш учун рухсат олиш учун маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ёзма ёки электрон шаклда 15 кун олдин ариза тақдим этилади.

Конституцион тузумни тажовузкорлик йўли билан ағдариш, миллий, ирқий ёки диний адоватни қўзғаш, зўравонлик ва урушни тарғиб қилиш мақсадида митинг, йиғилиш ва намойишларни ўтказиш тақиқланади.

Ўзбекистон Президенти, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайловлар бошланишидан, референдум ўтказилишидан бир кун аввал ва сайлов куни сайлов участкаси ёпилгунга қадар митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш тақиқланади.

Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш қоидаларига амал қилинишини таъминлаш учун тўлиқ масъулиятни зиммасига оладиган 18 ёшга тўлган бир ёки бир неча Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари митинг, йиғилиш ва намойишлар ташкилотчиси бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда аҳоли ижтимоий муаммолар туфайли стихияли тарзда қатор норозилик акциялари - ҳокимият биноларига йиғилиб бориш, йўл тўсиш ёки Тошкентдаги давлат идоралари олдида кунлаб норозилик йиғинларига тўпланиши кузатилмоқда.

Бу каби норозилик акциялари кўпинча маҳаллий ҳокимият вакилларининг аҳолининг у ёки бу муаммосини ҳал қилишга доир ваъдалари ёки вақтинчалик чоралар ёрдамида тарқатилади.

XS
SM
MD
LG