Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:20

Ҳужжат: Аҳолини ташқи ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ "салбий таъсири"дан ҳимоялашга доир лойиҳа ҳозирланди


Ўзбекистонда ахборот хавфсизлигини таъминлаш, аҳолини ижтимоий тармоқлар таъсиридан ҳимоялаш ва давлат тизимларига бунинг учун етарли ваколат ҳамда қудратни беришга қаратилган миллий сиёсатни белгиловчи ҳужжатлар лойиҳаси Озодликка келиб тушди.

Ҳокимият идораларидаги манба сиздирган ҳужжатлар пакети - “Ўзбекистон Республикасида ахборот хавфсизлигини тубдан мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” президент фармони ва унга тиркалган “Ахборот хавфсизлиги концепцияси” ҳамда “Йўл харитаси” лойиҳаларидан иборат.

Фармон лойҳасини Президент администрацияси қошидаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) ҳозирлагани кўрсатилган. Ҳужжат ҳақида Озодлик агентликдан ҳозирча расмий жавоб ололмади, аммо президент маъмуриятидаги Озодлик манбаси шундай ҳужжат ҳозирланганини тасдиқлади.

Ҳужжатда асосан, бугун глобал ахборот ва кибермаконда Ўзбекистон тўғрисида "асосланмаган ва холисона бўлмаган маълумотлар"га қарши курашиш, аҳолини ташқи ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар "салбий таъсиридан ҳимоя қилиш", айниқса ёшларда "ватанга садоқатни тарғиб қилиш" каби қатор вазифалар белгиланган.

23 саҳифали ҳужжат

Озодликка келиб тушган 3 ҳужжатдан бири “Ўзбекистон Республикасида ахборот хавфсизлигини тубдан мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ID-25304 (V-2) рақамли Президент Фармони лойиҳаси, дея қайд этилган.

Яна бири “Ахборот хавфсизлиги концепцияси” ҳамда шу асосда 2021-2022 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”дир.

Президент фармони лойиҳасидан олинган фотонусха.
Президент фармони лойиҳасидан олинган фотонусха.

Келгусида Ўзбекистоннинг ахборот хавфсизлигига оид сиёсатини белгилаб берувчи фармон, концепция ва Йўл харитаси лойиҳаси 23 саҳифадан иборат ва унинг ижроси қарийб барча вазирлик, қўмита, уюшма ва давлат ОАВлари зиммасига юкланган.

18 февраль куни Озодлик ушбу ҳужжатлар лойиҳасини интернет тармоғидаги очиқ манбалардан топа олмади.

Ижтимоий тармоқлар - реал хавф?

Ҳужжатда замонавий ахборот технологиялари – интернетдаги ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ва бошқа технологияларнинг аҳоли ўртасида кенг ёйилиб улгургани “бир томондан, ривожланишнинг ижобий омили бўлса, бошқа томондан ахборот муҳити орқали хавфсизликка таҳдид амалга оширилиши учун реал хавф” экани урғуланган.

Ушбу ҳужжатлар пакети лойиҳасига масъул кўрсатилган шахс исми акс этган Интернет тармоғидаги очиқ манба.
Ушбу ҳужжатлар пакети лойиҳасига масъул кўрсатилган шахс исми акс этган Интернет тармоғидаги очиқ манба.

Ахборотни ҳимоя қилиш механизмларини “замонавий потенциал ҳужум ва хавфсизлик таҳдидлари”ни инобатга олган ҳолда тубдан ва танқидий қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланган.

Бу ўринда кибермакондаги ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларга қарши тизимнинг шаклланмагани давлат тизимлари ишига салбий таъсир кўрсатаётгани алоҳида қайд этилган.

Шунингдек, давлат тизимларининг чет элда ишлаб чиқарилган ахборот хавфсизлигини таъминлаш "дастурий маҳсулотлари ва технологияларга боғлиқлиги" танқид қилинган.

Ахборот хавфсизлигига ҳужжат муаллифлари наздидаги таҳдидлар

“Ахборот хавфсизлиги концепцияси”да бугунги давлат тизими ва аҳолиси учун хавф солиши айтилган "ички ва ташқи таҳдидлар" санаб ўтилади.

Президент фармони лойиҳасидан олинган фотонусха.
Президент фармони лойиҳасидан олинган фотонусха.

Жумладан, қуйидагилар "ташқи таҳдид" сифатида қайд этилган:

  • Ўзбекистон тўғрисида асосланмаган ва холисона бўлмаган маълумотларнинг тарқатилиши;
  • маънавий-ахлоқий ва анъанавий миллий қадриятларга зид бўлган ҳаёт тарзи ва андозаларни тарғиб қилувчи “оммавий маданият” элементларининг тарқатилиши;
  • хорижий оммавий ахборот воситалари маҳсулотлари, контенти ва медиа-хизматлари ҳамда бошқа ахборот ресурсларининг миллий ахборот маконида устунлик қилиши;
  • хорижий мамлакатлар томонидан ахборот инфратузилмасига ҳарбий мақсадларда ахборот-техник таъсир кўрсатиш имкониятларининг кучайтирилиши.

"Ички таҳдидлар":

  • Ахборот соҳасида фуқаролар, юридик шахслар ва давлат манфаатларининг бузилиши;
  • ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий барқарорлик, фуқаролар тинчлигини барбод қилиш мақсадида Ўзбекистон аҳолисига бузғунчи ахборот таъсири кўрсатиш;
  • Интернет тармоғидан, шу жумладан, ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлардан экстремизм ва терроризмни тарғиб қилиш мақсадида фойдаланиш;
  • ахборот-коммуникация технологиялари, дастурлар ва ахборотни ҳимоя қилиш воситаларининг импортига боғлиқликнинг ўсиши;
  • ахборот хавфсизлиги бузилишига олиб келувчи фавқулодда вазиятлар (табиий офатлар ва ҳалокатлар)нинг юзага келиши.

Концепцияда, жумладан: “Мамлакатда бутун жаҳон Интернет тармоғидан фойдаланувчилар сони ошиб бормоқда, тегишли равишда миллий оммавий коммуникациялар воситалари фаоллиги, Интернет-маконнинг ҳам миллий, ҳам чет эл сегментларида маҳсулотни тарқатиш ҳажмлари ва ахборот кўлами имкониятлари ҳам кенгаймоқда”, дея қайд этилган.

Буни инобатга олган ҳолда, “ахборот хавфсизлигига таъсир этувчи тенденция ва омилларни тезкор баҳолаш” тизимини яратиш зарурлиги ҳам қайд этилади.

Йўл харитаси”

Айни муаммоларни ҳал этиш учун 2021-2022 йилларда бажарилиши белгиланган вазифалар “Йўл харитаси”да қайд этилган.

Президент фармони лойиҳасига тиркалган “Йўл харитаси” лойиҳасидан олинган фотонусха.
Президент фармони лойиҳасига тиркалган “Йўл харитаси” лойиҳасидан олинган фотонусха.

Қуйида улардан баъзилари:

  • миллий манфаатларига зид келувчи маълумотлар тарқатилиши олдини олиш ва қарши курашиш;
  • болалар ва ёшларни бузғунчи ахборот, экстремистик ва террористик ғоялардан ҳимоя қилиш;
  • ахборот маконида аҳоли радикаллашуви олдини олиш учун ижтимоий тармоқларда диний эҳтиёжни қондиришга шароит яратиш;
  • ватанпарварлик ҳамда Ватанга содиқликни оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилиш;
  • Ўзбекистон ахборот маконининг мамлакат ички ишларига аралашиши ва ташқи ахборот-идеологик салбий таъсирдан жамиятни ҳимоя қилиш учун аксилтарғиботни ошириш;
  • ахборот ва кибермакондаги жиноятларни аниқлаш, жазолаш ва бунга қарши ҳуқуқий нормани ишлаб чиқиш.

Бу ўринда ушбу концепция ва унда белгиланган вазифалар Ўзбекистон “миллий хавфсизлиги концепциясининг таркибий қисми” экани алоҳида қайд этилган.

Бу вазифаларни бажаришга давлат тизимидаги барча идоралар, вазирликлар ва ОАВ, қатор жамоат ташкилотлари ҳам жалб қилинган:

  • ДХХ, Мудофаа вазирлиги, ИИВ, Миллий гвардия, Адлия вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, АОКА, Киберхавфсизлик маркази, ЎзАА, МТРК, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзалоқаназорат, бошқа вазирлик ва давлат идоралари.

Бажарилиши кўзланган вазифалар сирасида идоралараро ишчи гуруҳлар тузиш, ахборот хавфсизлигига оид ижтимоий видео-ролик, мақолаларни кенг тарқатиш, Интернет тармоғидаги ахборот ресурсларини мониторинг қилиш, ёшларни зарарли ва бузғунчи ахборотдан ҳимоя қилишга оид материалларни тайёрлаш, таълим муассасаларида семинар ва мусобақалар ўтказиш каби режалар кўрсатиб ўтилган.

Ҳужжатда келаси 2 йил ичида бажариладиган вазифалар учун вазирликлар ва ҳокимият идоралари раҳбарларига шахсий жавобгарлик юкланиши урғуланади.

Фармон ижросини назорат қилиш Бош вазир А.Н. Арипов ва Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юкланган.

Ҳужжат юзасидан АОКА изоҳ бермади

Ушбу ҳужжатлар пакетини ишлаб чиққани кўрсатилган АОКА агентлиги бу борада Озодликка ҳозирча бирор расмий изоҳ бергани йўқ.

17 февраль куни агентлик директори биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов маълумот олиш учун матбуот хизматига расмий сўровнома жўнатишни тавсия қилди.

Ўша куни Озодлик ўзининг расмий электрон манзилидан конкрет саволлар билан мактуб ва келиб тушган ҳужжат фотонусхасини йўллади.

18 февраль куни агентликдан, Ўзбекистонда қабул қилинган "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида" қонуннинг 6-моддасига асосан қайта мурожаат қилиш ҳақида жавоб келди.

Ваҳоланки, Озодликнинг rferl.org домэнидан жўнатган электрон мактубда юридик шахс номидан мурожаат қилаётган мурожаатчининг исм-фамилияси, телефон ва факс рақамлари, лавозими, ташкилот номи акс этган.

Бу орада ўтган вақт давомида агентлик раҳбарияти вакили ва жамоатчилик билан ишлаш бўлими бу лойиҳа ҳақидаги маълумот ҳамда фотонусхани тасдиқламади, айни пайтда инкор ҳам қилмади.

Шу боис Озодлик, Ўзбекистонда Ахборот ва оммавий коммуникацияларга масъул қилиб қўйилган ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларга масъул бўлимидан бу мазмунда олинган мактубга қайта жавоб йўлламади.

Айни пайтда, Озодлик АОКА агентлигидан мамлакат жамоатчилиги учун ижтимоий муҳим аҳамиятга эга масалага доир конкрет саволларга ҳануз жавоб кутмоқда.

Озодлик манбаси ушбу лойиҳани жамоатчилик муҳокамасига қўйиш режаланмаган, деб иддао қилди. Озодлик бу иддаони ҳозирча расмий манбалардан тасдиқлай олгани йўқ.

Аммо Озодликнинг президент маъмуриятидаги исми ошкор қилинмаётган манбасига кўра, шундай "жиддий ҳужжат лойиҳаси" ишлаб чиқилган ва ҳануз жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани йўқ.

Тармоқлардаги фаолликни бостиришга уриниш

Ҳужжат лойиҳаси Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар фаоллиги ортиб бораётган, аҳолининг қатор ижтимоий ва иқтисодий муаммолардан норозилигини ифода қилиш учун тармоқлар ва мустақил, хорижий ахборот воситаларидан тобора фаол фойдаланаётгани манзарасида пайдо бўлмоқда.

Жорий йил октябрида ўтиши кутилаётган президент сайловларига ҳозирлик фонида ОАВ ҳамда блогерларга нисбатан босим кучая бошлагани ҳам кузатилади.

Жумладан, 15 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ОАВ ёки ижтимоий тармоқлар орқали оммавий тартибсизлик ва зўравонликка чақирган, ноқонуний митинг ва намойишга даъват қилган, сайлов тартибини бузганларни жиноий жавобгарликка тортишни сўради.

“Миллий тикланиш” ва “Адолат” партиялари депутатлари таклифича, бундай ҳуқуқбузарлик учун жазо тақрибан 14 миллион сўм (тақрибан 1400 АҚШ доллари) миқдоридаги жаримадан 5 йилгача қамоқ тарзида белгиланиши лозим.

Бундан ташқари депутатлар, ОАВ вакиллари ва блогерлардан уларнинг палтформалари орқали шу мазмундаги фикр ва чақириқларни қолдирган шарҳ эгаларига оид маълумотларни очиқлашни ҳам талаб қилмоқда.

"Сайловга тайёргарлик". Ноқонуний намойишга чақирганлик учун 5 йилгача қамаш таклиф қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:00 0:00

XS
SM
MD
LG