Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:46

Мюнхен анжумани, Байден эркинликларни ҳимоя қилишга чақирди, Путинни танқид қилди


АҚШ президенти Жо Байден мамлакат иттифоқчиларини дунё демократик ва автократик қадриятлар ўртасидаги мафкуравий курашда «бурилиш нуқтасида» тургани ҳақида огоҳлантириб, уларни эркинликни ҳимоя қилишда Вашингтонни қўллашга чақирди.

19 февраль куни Мюнхен хавфсизлик конференцияси давомида сўзлаган нутқида Байден Вашингтоннинг трансатлантик муносабатларга содиқлиги борасида Европа мамлакатларида юзага келган хавотирларни бартараф этишга ҳаракат қилди.

Президент, шунингдек, Хитой ва Россияни демократия ва НАТОни заифлаштиришга уринишда айблаб АҚШ – Европа муносабатлари бу икки мамлакат солаётган таҳдидларни чеклаш учун учун жуда муҳим эканини таъкидлади.

Коронавирус пандемияси туфайли Мюнхен хавфсизлик конференцияси бу йил онлайн тарзда ўтказилмоқда.

АҚШ президенти ўз нутқи давомида технологик ўзгаришлар ва коронавирус пандемия келтириб чиқарган мураккаб вазиятда кўплаб мамлакат автократия энг яхши бошқариш услуби экани тўғрисида баҳслаша бошлаганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, бундай муаммоларни ҳал қилиш учун демократия «жуда муҳимдир».

Байден маъмурияти Европа билан муносабатларни яхшилаш, НАТОни мустаҳкамлаш ва дунё бўйлаб демократик қадриятларни қўллаб-қувватлашга интилмоқда. Танқидчилар собиқ президент Дональд Трамп қўли остида ушбу соҳада АҚШ ўз сиёсатини салбий томонга ўзгартирганини айтиб келадилар.

Трамп авторитар раҳбарлар, жумладан, Россия президенти Владимир Путин ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан дўстона муносабат ўрнатишда, НАТОга путур етказганликда ва Германия ва Франция каби яқин иттифоқчилар билан муносабатларни совитишда айбланди.

Собиқ президент Европа давлатларини НАТО мудофааси учун етарлича маблағ сарфламасликда айблади ва АҚШ компанияларини қўллаш учун Европа Иттифоқи билан имзоланган савдо шартномаларини ўзгартиришга уринди.

«Биламан, сўнгги бир неча йилга чўзилган танглик трансатлантик муносабатларимиз учун синов бўлди. Аммо Қўшма Штатлар Европа билан алоқаларни тиклашга қатъий қарор қилган. Сиз билан маслаҳатлашишга. Бизга бўлган ишончни ва етакчилик мавқемизни қайтаришга», - деди Байден.

Байден Трамп маъмуриятининг Германиядаги АҚШ қўшинлари сонини қисқартириш режасини бекор қилгани бунга мисол бўлишини айтди.

АҚШ президенти, шунингдек, АҚШ ва Европа биргаликда ҳал қилишлари керак бўлган асосий масала Хитой ва Россияни жиловлаш эканини таъкидлади.

У Хитойни «иқтисодий зўравонликда» айблади ва хитой ширкатлари АҚШ ва Европа давлатлари билан бир хил қоидаларга амал қилиши кераклигини айтди.

АҚШ президенти Путинни «кучли ва бирлашган трансатлантик ҳамжамият билан» музокара олиб бориш ўрнига «индивидуал давлатларга зўравонлик қилишга ва таҳдид солишга» уринишда айблади.

Байден Украинани бунга мисол тариқасида келтирди ва мамлакатнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш АҚШ ва Европа учун муҳим масала эканини айтди.

Кремль билан рақобат зарур эканлигига қарамай, Байден ядровий қуроллар тарқалиши олдини олиш ва Эроннинг ядровий дастурини чеклаш каби ўзаро манфаатли масалаларда Россия билан «ҳамкорликни тўхтатиб қўймаслик» кераклигини қўшимча қилди. Байден АҚШ Эрон ядровий дастури бўйича музокараларга қайтишини қўшимча қилди.

Эрон ядровий дастури бўйича 2015 йилда АҚШ, Британия, Франция, Германия, Россия, Хитой ва Эрон ўртасида эришилган келишувга асосан, Теҳрон ўз ядровий дастурини тўхтатиши эвазига санкциялар бекор қилиниши лозим эди.

Бироқ 2018 йилнинг май ойида Трамп шартнома Эрон ядровий қурол ишлаб чиқаришига тўсқинлик қилишга ожиз эканини айтиб, Вашингтонни шартномадан чиқариб олди ва Теҳронга нисбатан қайтадан санкция жорий қилди.

XS
SM
MD
LG