Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:02

Ўзбек ва тожик чегараси яқинидаги қирғиз қишлоқлари: Сабр косаси тўлмоқда


Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги қишлоққа кириш йўлаги.
Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги қишлоққа кириш йўлаги.

Қирғизистон жанубида Ўзбекистон ва Тожикистон чегараси яқинидаги қирғиз қишлоқлари аҳолиси мамлакат ҳукуматидан узоқ йилларга чўзилиб кетган баҳсли ҳудудлар масаласини тезкорликда ҳал этишни талаб қилмоқда.

Озод Европа- Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниернинг ёзишича, мазкур чегара ҳудудларидаги қишлоқлар аҳолисининг сабр косаси тўлай деб қолган.

Брюс Панниер мақоласини эътиборингизга ҳавола этамиз. Мақоланинг айрим жойларини Озодлик мухбири Элмурод тўлдирган.

Ташиев: Ер алмашишдан бошқа иложимиз йўқ

Германияда мураккаб юрак жарроҳлик операциясидан сўнг Қирғизистонга қайтган Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев хордиқ олмасдан 18 февраль куни тезкор равишда Боткен вилоятига борди. Ҳукумат уни чегара муаммоси ортидан норозиликлар кундан кунга авж олиб бораётган вилоятга “чора-тадбирлар қўллаш” учун шошилинч “хизмат сафари”га жўнатди.

Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Ўзбекистон ва Тожикистон чегараси яқинида яшовчи аҳоли билан чегаранинг баҳсли ҳудудлари борасида муросага келишини умид қилган. Ўтган йилнинг ноябрида Қирғизистон Чегара хизмати Миллий хавфсизлик қўмитаси тасарруфига ўтказилган эди.

Қамчибек Ташиев 18 февраль куни Боткен вилоятига қилган сафари давомида Ўзбекистон билан Қирғизистон расмийлари чегара яқинидаги айрим ҳудудларда участка алмашиш юзасидан келишувга эришгани ҳақида билдирган.

“Айрим жойлардаги баъзи участкаларни берамиз, бошқа жойлардаги бошқа участкаларни эса оламиз. Бу масала фақат шу тариқа ҳал бўлади. Албатта, бу ачинарли ҳол. Лекин бунинг бошқа йўли йўқ. Масалан, биз Олабуқа туманидаги ерни берамиз, аммо Сузоқда ер оламиз”,-деган расмий.

"Ўзбекистон меники дейди, Қирғизистон ўзимники дейди"

Ташиевнинг айтишича, 2020 йил декабрида Бишкекка Ўзбекистондан Меҳриддин Хайриддинов бошчилигидаги 20 кишилик делегация келган.

“Сўнгги баённома тунги соат 3 да имзоланган. Улар ўзиникини маъқуллаб туриб олишди, биз ҳам ўзимизникини маъқуллаб туриб олдик. Ниҳоят, тунги соат 3 да баённома имзоланди. Музокаралар, баҳслар шунақа ўтади, баъзан жуда қизғин бўлади. Охир-оқибат бир фикрга келамиз”, - деган Қамчибек Ташиев.

Қирғизистоннинг Боткен ва Жалолобод вилояти аҳолиси февраль ойи бошларида пойтахт Бишкекда норозилик намойишларини ўтказган эдилар. Улар ҳукуматдан демаркация масаласини тезроқ ҳал қилишни талаб этган.

Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадош ҳудудлар аҳолисининг иддао қилишича, Тошкент ва Душанбе асрлардан бери қирғизларга мансуб бўлган ерларни тортиб олмоқда.

Тожикистон билан баҳслар

8 февраль куни Қирғизистоннинг янги бош вазири Улуғбек Марипов Тўрткўл сув омбори ҳақида маълумот берар экан:

– Афсуски, биз [қирғизлар], маълум бўлишича, Тўрткўл сув омборининг бошланғич қисмини Тожикистонга бой берибмиз,-деб баёнот берганди.

Бош вазирнинг бу баёноти Қирғизистон жанубидаги аҳолини жунбушга келтирди.

15 февраль куни Боткендаги “Чегара” жамоат ташкилоти раҳбари Гулжигит Исақов Қирғизистоннинг янги президенти Сапар Исақовни танқид қилди:

‒ Афсуски, бизнинг чегараларимизни бошқалар забт этаётган бир пайтда Бош қўмондон Садир [Жапаров] бирорта интервьюсида бу масалага муносабат билдирмади,-деди у.

Исақовга кўра, Тожикистон фуқаролари Боткен вилоятининг Оқсой қишлоғи ҳудудига ўз техникасини ва ҳарбийларини киритган. Қирғиз ҳарбийлари эса чегарани уларга топшириб, мазкур ҳудудни тарк этган.

Яна Ўзбекистон билан тортишув ҳақида

Айни пайтда 14 февраль куни Ўзбекистон энергетика ширкатлари Боткен вилоятининг Сувбоши ва Бўзадир қишлоқлари ҳудудида электр узатиш линияларини барпо этишга киришган.

Мазкур қишлоқлар Ўзбекистоннинг Сўх туманига яқин ҳудудларда жойлашган. Қирғиз фуқаролари бу ҳақда чегарачиларни огоҳлантирган.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара хизмати масъуллари учрашувидан сўнг Ўзбекистон электр узатиш линияларини бузиб ташлаган.

Айни пайтда Бишкекдаги Kaktus.media нашри “ҳукуматдаги ишончли манбалар” Ўзбекистон чегарачилари белги ўрнатаётган ҳудудлар ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонга тегишли экани ҳақида билдирганларини хабар қилди. Уларга кўра, мазкур ҳудудлар 2017 йилнинг сентябрида икки давлат ўртасида эришилган шартномага кўра, Ўзбекистонга ўтказиб берилган.

Бундан ташқари, Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги Олабуқа туманига қарашли айрим ҳудудлар кўп йиллардан бери икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб қолмоқда.

Сув омбори кимники?

Олабуқа туманидаги сув омборини Ўзбекистон ўз ҳудуди ўлароқ танийди. Қирғизистон эса бу ҳудуд ўзига тегишли эканини билдириб келади. Бироқ бу сув омборидан асосан Ўзбекистон қишлоқ хўжалик ерларини суғоришда фойдаланилади.

Ўзбекистон чегарачилари 2016 йилнинг бошларида бу ҳудудга икки марта кириб келган. Улар 2016 йилнинг августида икки давлат ўртасида баҳсли бўлган Унгуртепа ҳудудини эгаллаб олишган.

Ўшанда Тошкентдаги нашрлар Ички ишлар вазирлигига иқтибосан, Унгартепани Ўзбекистон ҳудуди деб атаган эди. Хабарларда мазкур ҳудуд Наманган вилояти Чортоқ тумани тасарруфида экани айтилган.

Бундан аввал қирғиз матбуотида Унгартепа Ўзбекистонга тегишли экани тўғрисидаги 20-сонли протокол 2006 йилда Тошкентда икки давлат расмийлари томонидан имзолангани тўғрисида ҳужжатлар мавжуд экани хабар қилинган эди.

Қирғизистон ҳукумати мазкур ҳудудни аниқлаш жараёни ниҳоясига етмаганини айтиб, бу ерни баҳсли ҳудуд деб атамоқда.

Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги бу жанжал 2016 йилнинг 13 августида Қирғизистон томонидан ўзбек милиционери қўлга олинганидан сўнг бошланганди.

Бишкек расмийлари ўзбекистонлик милиционер Косонсой сув омбори ҳудудида қирғиз чегарасини ноқонуний кесиб ўтган пайтда қўлга олинганини билдирган.

Ўзбекистон матбуотига сиздирилган маълумотларда эса, қирғиз милиционерлари Косонсой сув омбори ҳудудига бостириб кириб, ўзбекистонлик милиционерни ўзлари билан мажбурий равишда олиб кетгани айтилади.

Мана шу воқеа ортидан 22 август куни Ўзбекистон Унгартепа ҳудудига иккита вертолётда 7 кишилик милиция десантини ташлаган. 23 август куни қўлга олинган ўзбек милиционери Олабуқа туман суди томонидан чегарани ноқонуний босиб ўтганликда айбдор деб топилиб, 294 доллар жаримага тортилган ҳамда Ўзбекистонга депортация қилинган эди.

XS
SM
MD
LG