Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:43

"Ҳокимиятга қарши сўз". Сайловлар йилида матбуот эркинлигини янада кўпроқ чеклаш таклиф қилинди


Ўзбекистон сўз ва матбуот эркинлиги чекланган авторитар мамлакатлар рўйхатида қолмоқда
Ўзбекистон сўз ва матбуот эркинлиги чекланган авторитар мамлакатлар рўйхатида қолмоқда

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева «Миллий тикланиш» ва «Адолат» партияларининг матбуот эркинлигини чеклаши айтилган қонун лойиҳаси ҳозирги кўринишида қабул қилиниши мумкин эмаслигини айтган.

24 февраль куни Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти йиғилишида гапирган Норбоева “матбуотни чеклаш ташаббуси президент линиясига зид” эканини таъкидлаган.

Kun.uz нашри Сенат раисининг "Давлат раҳбари журналист, блогерларга ва умуман ҳеч кимга сўз-фикр эркинлиги учун тўсиқ қўймоқчи эмас... Шу гаплар айтилаётган пайтда қандай қилиб эркинликларни чекловчи қонунни қабул қилишимиз мумкин?" деган сўзларидан иқтибос келтирди.

Танзила Норбоева
Танзила Норбоева

18 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодиров Инстаграмдаги расмий каналида "ҳокимиятга қарши курашишга чақирадиган сўз қачон ва қандай ҳокимиятга қарши бўлишидан қатъий назар ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланиши ва жазоланиши зарур”лиги ҳақида ёзган эди.

15 февраль куни «Миллий тикланиш» ва «Адолат» партиялари ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига фаол бўйсунмаслик, оммавий тартибсизликлар ва фуқароларга нисбатан зўравонлик ишлатишга даъват қилганлик учун жиноий жавобгарликни жорий этиш борасидаги қонун лойиҳасини эълон қилди.

Озодлик гаплашган камида уч нафар блогер феврал ойида ДХХга чақирилгани ва расман огоҳлантирилганини айтди.

Айни пайтда Озодлик Ўзбекистон ҳукумати Фэйсбук ижтимоий тармоғидан фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини Ўзбекистон ҳудудида сақлашни "талаб" қилганини тасдиқловчи ҳужжат билан танишди.

Алишер Қодиров
Алишер Қодиров

Ўрта бўғин мулозимлар учун матбуот эркин бўлмагани маъқул

Туркиянинг Анқара шаҳрида сиëсатшунослик бўйича илмий иш ëзаëтган тадқиқотчи Фирдавс Аннагелдиевнинг Озодликка айтишича, “ҳукумат сайлов пайтида бошқариладиган ижтимоий фикр ва матбуот бўлишини истамоқда”.

“Ҳукумат сайлов ҳақида сизу мендан кўра кўпроқ ва жиддийроқ бош қотиряпти. Каримов фақат Россиядаги “Комсомольская правда” газетасини ўқирди ва мамлакатнинг ташқи имиджи¸ ўзи бошқараëтган давлат фасади қандай бўлишига бефарқ эди. Жорий раҳбар эса, ўзи ҳақида “ғарбда” шаклланган “мамлакатни эркинлаштирган лидер” деган сиëсий имижига путур етишини истамайди. Бошқарилмайдиган ОАВ ва блогосферадан ўрта бўғин раҳбарлар ҳам манфаатдор эмас”.

Санжар Умаров
Санжар Умаров

АҚШда истиқомат қилаётган собиқ сиëсий тутқун ва тадбиркор Санжар Умаровниг Озодликка айтишича¸ “бу чекловларсиз ҳам миясидаги қўрқувдан қутилмаган аҳоли жорий президентга овоз” беради:

“Бу чекловлар ортиқча. Менимча, бу чекловларсиз ҳам Ўзбекистондаги (бошқа МДХ давлатларида ҳам) сайловчилар, асосан жорий президентга овоз беришади. Улар биз норозимиз, деб уйида хотинига ë кўчада оғайнисига айтиши мумкин. Аммо барибир улар сайлов учсткасига келганида, миясидаги ҳимоя инстинкти ишлаб кетиб, амалдаги президентга овоз беради. Бугунги заиф ОАВ уларнинг зеҳнини қисқа муддат ичида ўзгартира олмайди”.

Марк Цукерберг
Марк Цукерберг

Расмий Тошкент Цукербергга “буйруқ” бера оладими?

Озодликка келиб тушган Фэйсбук ижтимоий тармоғи ички ҳужжати мазмунига кўра¸ Ўзбекистон жорий ҳукумати тармоқ маъмуриятини фойдаланувчиларнинг "шахсий маълумотлари мамлакат ҳудудида сақланиши шарт"лигидан огоҳлантирган. Озодлик танишган ва бошқа ОАВларга ҳам юборилган ички ҳужжатда айтилишича, Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Фэйсбук компаниясини "2021 йил январидан ишга тушган шахсга доир маълумотлар бўйича янги қонун" қабул қилинаëтганидан хабардор қилган.

Фэйсбук ички ҳужжатида Ўзбекистон раҳбариятининг Россия ва Хитой таъсирида интернетдаги ва интернетдан ташқаридаги эркин сўзни назорат қиладиган тизимни ўзлаштириш истаги ҳақида ëзилади.

Дунëнинг авторитар давлатлари, хусусан Хитойда ижтимоий тармоқни фильтрлаш ва назорат қилиш тизими мавжуд.

Сиëсатшунос Фирдавс Аннагелидиев Ўзбекистон ҳукумати аввалроқ чиқарган қарорга эътибор қаратди:

“Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 декабрдаги қарорига биноан, сайтлар ёки блогерлар “тақиқланган ахборот”ни олиб ташлаш тўғрисидаги талабни бажармаса, бундай талабни қўйган АОКА судга мурожаат қилиши мумкин. Бу қарорга кўра, веб-сайтлар ҳамда блогерлар фойдаланувчилар томонидан қолдирилган шарҳлардаги "тақиқланган ахборот" учун ҳам жавобгардир. Бу ҳукуматнинг ўзини танқидлардан иҳоталаш йўлидаги бошланғич қадамлардан биридир. Афсуски, Ўзбекистон илғор мамлакатлар тажрибасини эмас, балки Шимолий Корея ëки Россия каби матбуот душмани бўлган репрессив давлатлар тажрибасини кўчирмоқда. Серверларни назорат қилиш учун қонун қабул қилнишининг ўзи ноқонуний ва демократиянинг фундаментал принципларига зид”, - дейди суҳбатдош.

Иллюстрация
Иллюстрация

Санжар Умаров Ўзбекистон ҳукуматининг ахборот соҳасида замонавий трендларни яхши тушунишини савол остига олди.

“Бу мулозимлар ҳаракати замонавий реаллик ва тенденцияларни тушунмаслик оқибатидир. Ойни этак билан ëпиқ бўлмайди. «Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодиров эркин сўз хотиржам ҳаëтимизга зарар беради ва ҳар қандай ҳокимиятга қарши норозилик жазоланиши керак, дебди. Нима дегани у "хотиржам яшаш"? Нега норозилар ҳукуматга қарши гапирмаслиги керак? Ўзбекистон аҳолиси ҳеч қачон демократик шароитларда яшамаган. СССР ўрнатилганидан олдин ҳам¸ Совет иттифоқи даврида ҳам¸ ундан кейин ҳам. Шу боис ҳар бир бюрократ ўз фойдасини кўзлаб, сўз эркинлигини чеклашга важ ахтаради".

Ўзбекистонда сўз эркинлиги тўсилганига қарши пикет
Ўзбекистонда сўз эркинлиги тўсилганига қарши пикет

Пешонага битган авторитаризм

Тармоқ фаоли ва блогер Хуршид Йўлдошев ҳукуматнинг сўз эркинлигини чеклаш йўлидаги қадамларини қоралаб чиқди:

“Пешонамизга авторитар давлатларнинг қоқ марказидаги давлат бўлиш битилган экан. Ҳамма томондан авторитаризмнинг бадбўй ҳиди анқиб туради”, дея ëзди у ўзининг Фэйсбукдаги саҳифасида.

“Шахсий маълумотларни қаерда сақлаш шахсий масалами ёки ижтимоий? Масалан, мен Фейсбукда ким биландир гаплашган ёки нимагадир лайк қўйган бўлсам, бу менга тегишли маълумот. Уни қаерда сақлаш масаласи ҳам менга тегишли ва бу менинг ажралмас ҳуқуқим. Нега чет элдаги мулкини, пулини Ўзбекистонга олиб келиб сақласин, деган қонун йўқ? Айтса бўларди-ку, биз ўзбекистонликларнинг мулкини ҳимояламоқчимиз, деб. Шахсий маълумот ҳам шахснинг мулки. Нега унисини эмас, бунисини ҳимоялагилари келиб қолди? Аслида ҳаммаси мулк ва уни қандай ва қаерда тасарруф қилиш шахсий масала".

Ўзбекистон матбуот ва сўз эркинлиги чекланган авторитар мамлакатлар рўйхатида қолмоқда.

Human Rights Watch (HRW) инсон ҳуқуқлари ташкилотининг ўтган ой эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистонда сўнгги йилларда ўтказилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга қарамай, сиёсий тузум "асосан авторитарлигича” қолаётгани урғуланган.

Ўзбек матбуоти ҳануз "босим остида"
Ўзбек матбуоти ҳануз "босим остида"

XS
SM
MD
LG