Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:12

Байден: АҚШ ҳеч қачон Қрим аннексиясини тан олмайди


АҚШ президенти Жо Байден
АҚШ президенти Жо Байден

26 февраль куни АҚШ президенти Жо Байден Қўшма Штатлар Украинани Россия агрессиясига қарши қўллаб-қувватлашда давом этишини ва ҳеч қачон Қрим аннексиясини тан олмаслигини айтди.

Москва Қрим ярим ороли босиб ола бошланганига етти йил тўлгани муносабати билан нутқ сўзлаган Байден:

«Қўшма Штатлар Россиянинг яриморолни аннексия қилиб олганини тан олмай келади ва ҳеч қачон тан олмайди. Биз Россиянинг тажовузкор ҳаракатларига қарши Украина билан бирга турамиз. Россияни Украинадаги аралашуви ва тажовузкорлиги учун жавобгарликка тортиш учун иш олиб боришда давом этамиз», - деди.

Украинага қарашли Қрим яримороли 2014 йили Россия томонидан аннексия қилинган эди. Халқаро ҳамжамият Қримни Украина ҳудуди, дея ҳисоблайди. Шунингдек, Москва Украина шарқидаги қуролли тўқнашувларда айирмачиларни дастаклаб келади. Мазкур минтақада 2014 йил апрелидан бери 13 мингдан зиёд одам ҳалок бўлган.

2009 йилдан 2017 йилгача Обама маъмуриятида вице-президент бўлиб ишлаган Байден АҚШ Украинани дастаклай бошлашида муҳим роль ўйнаган эди. Вице-президент ўлароқ Байден минтақага камида беш марта хизмат сафари билган борган.

Ўтган ҳафта Мюнхен хавфсизлик анжуманида Байден АҚШ Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишини такрорлади. АҚШ президенти 19 февраль куни сўзлаган нутқи давомида Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети Вашингтон ва Брюссель учун «муҳим аҳамиятга эга» эканини таъкидлади.

Украина президенти Володимир Зеленский Байденга ушбу баёноти учун миннатдорчилик билдирди.

«Ҳақиқий стратегик шериклик мана шундай бўлади. Украинлар #АҚШ қўлловини юқори баҳолайдилар: ҳудудий яхлитликдан тортиб, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва ислоҳотларни амалга оширишга қадар. Биз бирга тик турамиз, бўлинсак йиқиламиз», - деб ёзди у Twitterда.

Байден 20 январь куни ҳокимият тепасига келганидан бери ҳали Зеленский билан юзма-юз учрашгани йўқ.

Зеленский Байден маъмурияти билан яқин муносабат ўрнатишга умид қилишини айтган. Москва билан муносабатларни яхшилашга интилган собиқ президент Дональд Трамп ҳукмронлиги даврида АҚШ–Украина алоқалари танг аҳволга тушиб қолган эди.

2018 йилда журналистлар билан суҳбат чоғида Трамп Қримни Россиянинг бир қисми сифатида ҳеч қачон тан олмаслигини айтишдан бош тортди. Бироқ унинг қўлида ишлаган давлат котиби Майк Помпео АҚШ яриморолнинг қўшиб олинганини тан олмаслигини бир неча бор такрорлади.

25 февраль куни Зеленский Оксана Маркаровани Украинанинг Вашингтондаги янги элчиси этиб тайинлади. Собиқ молия вазири Маркарова ислоҳотлар тарафдори бўлгани учун Вашингтон эътиборига сазовор бўлган.

XS
SM
MD
LG