Линклар

Шошилинч хабар
29 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:35

Таҳлил: "Эски Ўзбекистон"га хос авторитаризм Мирзиёев ислоҳотларини хавф остига қўймоқда


Мирзиёев президентлигининг илк ойларида ҳукуматни буткул янгилаш ва давлат бошқарувини шаффофлаштиришга ваъда берган эди
Мирзиёев президентлигининг илк ойларида ҳукуматни буткул янгилаш ва давлат бошқарувини шаффофлаштиришга ваъда берган эди

Баҳорги тенг кунлик - 21 мартда нишонланадиган Наврўз байрамидан янгиланиш, яшариш фасли бошланади. Пандемия ва газ, электр танқислиги сабабли юзага келаётган норозиликлар ҳамда “эски Ўзбекистонга” хос бўлган авторитар анъаналардан зарар кўраётган инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳам ўз Наврўзи, янгиланиш фасли бошланиши зарур, деб ёзмоқда Ҳьюман Райтс Уотчнинг Ўзбекистон бўйича собиқ тадқиқотчиси, ҳуқуқшунос профессор Стив Свердлоу.

Унинг The Diplomat нашрида 1 март куни чоп этилган мақоласида таъкидлашича, келаётган президент сайловлари арафасида Шавкат Мирзиёев инсон ҳуқуқлари лисонидан бот-бот фойдаланмоқда. Масалан, 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида нутқ сўзлаган Шавкат Мирзиёев яқинда Ўзбекистонда Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция ратификация қилинишини, қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўйилмаслигини, Ўзбекистон бу борада махсус маърузачини таклиф этишини ваъда берган.

Лекин бундан ҳам муҳимроғи, Шавкат Мирзиёевнинг Наманганга сафари чоғида журналистлар саволларига жавоб қайтаргани бўлди. Президентнинг журналистлар билан бу жонли мулоқоти қарийб 20 йилда илк бор кузатилди.

Сайловлар йилида Мирзиёев оддий одамлар билан кўпроқ мулоқот қилишни бошлаган - Фарғона, Риштон, 4 февраль, 2021
Сайловлар йилида Мирзиёев оддий одамлар билан кўпроқ мулоқот қилишни бошлаган - Фарғона, Риштон, 4 февраль, 2021

Булар мақтовга арзигулик жараёнлардир. Лекин шу билан бирга, расмийларнинг пандемия даврида инсон ҳуқуқлари борасидаги мажбуриятларига амал қилмаслиги ҳамда қаттиққўл чоралари аввалги ислоҳотларни чиппакка чиқариши хавфи мавжуд. Ўтган бир неча ой давомида расмийлар матбуот эркинлигини кескин чеклади, ноҳукумат ташкилотларни давлат рўйхатига олишдан бош тортиш анъанасини давом эттирди. Сиёсий ва диний маҳбуслар ҳамон қамоқда қолмоқда, янги Жиноят кодекси лойиҳаси ҳамда дин, уюшиш, “ахборотлаштириш” соҳасидаги қонун лойиҳаларида ҳам эски автократик тенденциялар яққол кўзга ташланмоқда. Ҳукумат “орган”ларнинг таъсирини кесишга, ўтмишдаги адолатсизликларни тан олишга ҳамда ноҳақ қамалганларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тиклашга шошилмаётгани одамлар орасида элиталар аввалги даврга қайтиш арафасида тургани ҳақидаги ишончга замин яратмоқда.

“Қўрқманглар … Президент сизлар билан”

Шавкат Мирзиёев журналистлар билан суҳбатда “адолатни етказишдан тўхтамаслик” лозимлигини айтди.

“Сизлар менга елкадошсиз, ёрдамингизга таянаман. Адолатни етказишдан тўхтаманглар, қўрқманглар. Ортингизда Президент турибди. Адолат, адолат, адолат! Яна бир марта адолат. Бу йўлдан ортга қайтмаймиз. Сизлар адолат тарафдори бўлсангиз, ҳақиқатни ёзсангиз, раҳбарлар ҳозир сизларни ёмон кўриши мумкин, аммо охири ишлашга тушади. Тизим ишлашига олиб келади бу. Мен сизларга ишларингизда омад тилайман”, деган президент.

Ўзбекистонда илдиз отган цензура ва журналистларни қамаш анъанасини ҳисобга олсак, Мирзиёевнинг муждаси илиқ кутиб олинди. Лекин бу муждадан икки кунгина аввал, 30 январь куни сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий товламачиликда гумон қилиниб ҳибсга олинган. Кейинроқ унга нисбатан туҳмат ҳамда ҳақорат қилиш каби янги жиноий айбловлар ҳам эълон қилинган. У жами 15 йилга қамалиши мумкин.

Ушбу айбларни бевосита унинг блогерлик фаолияти билан боғлаётган блогернинг яқинлари Отабек Сатторийнинг бир ойдан буён ўзларига кўрсатилмаётганини айтишмоқда.

Ҳукумат туҳмат каби қилмишларни жиноятлар сирасидан чиқаришни ваъда бериб келаётган бир пайтда Сатторийга нисбатан маъмурий эмас, айнан жиноят иши қўзғатилгани жамиятда ҳамда дипломатик доираларда хавотирларга сабаб бўлмоқда. Товламачилик ва туҳмат каби айбловлар Ислом Каримов даврида ҳам ҳуқуқбон ва журналистларга қарши ишлатилган асосий айбловлар бўлган.

Сатторий ҳибсга олинишидан бир неча ой аввал АОКА қатор мустақил нашрларга хат юбориб, уларни аҳолининг газ ва электр муаммоси, шунингдек, коронавирус статистикасига расмийлар бергандан фарқли ёндашгани боис "жиддий оқибатлар"дан огоҳлантирган эди.

Боз устига, “Al‑Jazeera” телеканалининг Ўзбекистондаги мухбири сифатида Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтишга ҳужжат топширган польшалик журналист Агниешка Пикулицка-Вильчевска ўзига жинсий тегажоғлик қилингани ва Ўзбекистон ҳақида ижобий мақолалар ёзиши кераклигини айтиб босим ўтказилганини ошкор қилган эди.

Бу ҳам етмаганидек, Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” ва “Адолат” партияларининг фракциялари оммавий тартибсизлик ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга чақирганлик учун жазо чораларини белгилаш таклифи билан чиқди. Мавҳум тилда ёзилган лойиҳага кўра, ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига фаол бўйсунмасликка, оммавий тартибсизликка ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга оммавий даъват қилиш каби ҳуқуқбузарлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилмоқда. Веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер ҳам “оммавий тартибсизликларга, фуқароларга нисбатан зўравонликка, белгиланган тартибни бузган ҳолда ўтказиладиган йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишларда иштирок этишга даъват қилиши, ёлғон ахборот тарқатиши” учун жиноий жавобгар бўлади. Депутатларнинг ушбу лойиҳаси кенг танқид қилинди. Масалан, “Legalmax” юридик фирмасининг юристи Муҳаммадали Маҳмудов қонунчиликда “блогер” атамаси ноаниқ ва эскириб қолганини, ушбу қонунни татбиқ этиш муаммоларга олиб келишини таъкидлайди.

Қонун лойиҳаси муаллифларидан бири Алишер Қодиров “қонун лойиҳаси Ўзбекистонда тинч-хотиржам, эмин-эркин ва демократик ривожланишга хизмат қилишини” айтган. Ислом Каримов даврини эслатиб юборадиган нутқида у ушбу қонун “бошқариладиган бебошликни мақсад қилган, халқ хотиржамлиги, манфаатлари ва эркин сўзнинг қадрига тупуриб, уларни ғаразли ўйинларида ўйинчоқ қилиб олган бузғунчиларнинг қўлини боғлашини” айтган.

Жамоатчилик танқиди АОКА мустақил нашрларга ўз босимини юмшатишига, Агнешка Пикулицка-Вильчевскага аккредитация берилишига олиб келди. Президент ваъдалари ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига ҳамоҳанг бўлиши учун парламент ушбу қонун лойиҳасини қабул қилмаслиги ёки жиддий қайта кўриб чиқиши лозим.

2021 йил 18 февралда Ўзбекистон Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур Қонун билан ҳимоячи иштирок этиши шарт ҳолатлар, шунингдек, ушлаб туриш муддати узоғи билан 48 соат этиб белгиланди. Аввалроқ Мирзиёев 20га яқин манзилли колонияларни ёпиш ниятини билдирган эди. Шу билан бирга, кўплаб одамлар, асосан мўътадил диндорлар, қамоқхоналарда сохта айбловлар билан сақланмоқда. Мамлакат қамоқхоналарида маҳкумларга нисбатан қийноқ ва зўравонлик қўлланганига оид ҳолатлар қайд этилмоқда. Бу 2017 йилда қабул қилинган қийноқларга қарши қонун бажарилмаётганидан далолатдир. БМТ минбаридан Шавкат Мирзиёев қийноқлар бўйича махсус маърузачини мамлакатга таклиф этишга ваъда берган эди, бу ваъдани тезроқ амалга ошириши лозим. Шуниндек, президент ҳузуридаги Афв комиссияси қамоқларда қолаётган диний ва сиёсий тутқунларни дарҳол озод этиши лозим.

Инсон ҳуқуқлари “ғилдирагини қайта кашф қилманг”

Инсон ҳуқуқлари борасидаги муаммоларни бир мақолада қамраб олиш қийин вазифадир. Лекин Мирзиёевнинг тўрт йиллик ҳокимиятида бир сабоқ яққол кўзга ташланмоқда: инсон ҳуқуқлари борасида ҳукумат ғилдиракни қайта кашф этиши шарт эмас. Унинг ўрнига тобора фаоллашаётган жамоатчилик билан бамаслаҳат иш тутган маъқулроқдир.

Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари миллий стратегиясида нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини енгиллаштириш кўзда тутилган эди. Бунга жавобан фаоллар Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисидаги кодекс ишлаб чиққан ҳам. Лекин барча муддатлар ўтиб кетганига қарамай, Адлия вазирлиги бу лойиҳани фаоллар билан ҳатто муҳокама қилишга ҳам вақт топмаган. Адлия вазирлиги Аъзам Турғуновнинг “Инсон ҳуқуқлари уйи”, “Чироқ”, “Олтин қанот” каби мустақил ННТларни рўйхатдан ўтказишни чўзишда давом этмоқда.

Адвокатура соҳасида ҳам худди шундай аҳвол. БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси 2019 йилда расмий ташриф билан мамлакатда бўлган. У адвокатлар палатаси ижроия ҳокимиятдан мустақил бўлиши кераклигини тавсия этган. Шундан сўнг мустақил ҳуқуқшунослардан иборат ишчи гуруҳ бу борада ўз таклифларини Адлия вазирлигига тақдим этган. Бир ярим йил ўтиб кетган бўлса-да, Адлия вазирлиги ҳам, парламент ҳам бу масалада ҳамон сукут сақламоқда.

Постсовет ўлкалар орасида фақат Ўзбекистон ва Туркманистонда гомосексуализм учун жиноий жазо белгиланган.​ 2018 йилда бир гуруҳ ўзбекистонлик ЛГБТ вакиллари президент Шавкат Мирзиёев ва парламентга мурожаат қилиб, ватандаги гейларга тенг ҳуқуқ ва эркинлик беришни сўрашган. Ўзбекистонда гомосексуализмни жиноятлар рўйхатидан чиқариш талаби БМТ инсон ҳуқуқлари механизмларида урғуланган.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасидаги вазият ўта муҳим паллага кирган. Маънили ислоҳотларни амалга ошириш мураккаб жараёндир. Ислоҳотларнинг муваффақиятли бўлиши ҳукумат Каримов даврига хос ҳаракатлардан воз кечишини, фуқаролик жамияти билан бамаслаҳат иш тутишини тақозо этади, дея якунлайди The Diplomat нашридаги мақоласини Стив Свердлоу.

XS
SM
MD
LG