Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:08

Украинада бошпана излаётган ўзбекистонлик журналист муддатсиз очлик эълон қилди


Малоҳат Эшонқулова Мирзиёев даврида Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган биринчи журналист ва фаол эканини айтади
Малоҳат Эшонқулова Мирзиёев даврида Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган биринчи журналист ва фаол эканини айтади

Ўзбекистонлик журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Малоҳат Эшонқулова 16 февралдан буён Киевдаги БМТ Қочқинлар масалалари бўйича Олий комиссари бошқармаси (ҚМОКБ) биноси олдида очлик акциясини ўтказмоқда. У Украинада қолаётган ўзбек қочқинлари ҳуқуқлари таъминланиши ва улар учун хавфсиз деб кўрилмаётган бу давлатдан учинчи мамлакатларга кўчирилишини талаб қилмоқда.

Малоҳат Эшонқулова очликни талаблари бажарилгунга қадар давом эттириш ниятида.

Ўзбекистонлик журналист учинчи мамлакатчи чиқариб юборишни сўрамоқда

Озодлик билан суҳбатлашган Малоҳат Эшонқулова унга бошланган босимлар туфайли 2019 йилнинг октябрида Украинага қочиб келганини айтди. Журналистнинг фикрича, у Мирзиёев даврида сиёсий сабаблар билан Ўзбекистонни тарк этган биринчи фаолдир.

- 2019 йилнинг октябрида мен Украинага келдим ва БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш ваколатхонасидан қочқинлик мақоми сўрадим. Келганимга 1,5 йилдан ошди. Хорижий мамлакатларга бориб нолдан ҳаёт бошлаш мен учун қийинлик қилади. “Лоақал рус тилини тушунаманку!”, деган мақсадда Украинага келгандим. Лекин илк кунларданоқ Украина менинг ҳаётим учун хавфли эканига амин бўлдим. Ўзбекистоннинг кучишлатар тизимлари Украинада отасини уйида юргандек юрибди! Мен кучсиз, ҳимоясиз аёл 2020 йилнинг февралидан ҳаётим учун хавфсиз бўлган учинчи мамлакатга кўчиришларини бир неча бор сўрадим, дейди мустақил журналист.

У касбий фаолияти боис Ўзбекистонда қувғинга учраганини таъкидлади.

Очлик акцияси 16 февральдан бери давом этмоқда.
Очлик акцияси 16 февральдан бери давом этмоқда.

Эшонқулованинг иддао қилишича, унга Киевда номаълум шахслар уч марта ҳужум қилган: ўзининг сўзларига кўра, ҳужум қилганлар, жумладан кўчада туртиб кетган машина ҳайдовчиси ҳалигача топилмаган.

Малоҳат Эшонқулова ўз талабларини ёзма ва оғзаки тарзда ҚМОКБнинг Женевадаги бош ваколатхонаси, Киевдаги ваколатхона катта маслаҳатчиси Ух Биссога топширганини айтди.

- Мен учинчи мамлакатларга кўчиришларини илтимос қилдим. Лекин менга “Украинада “кўчириш” учун қочқинларни қабул қилмайди: Украина ё ўзи беради ёки қочқинликни рад этади”, деган жавоб берилди. “Биз фавқулодда ҳолатлардагина учинчи мамлакатларга кўчиришимиз мумкин”, дейишди. Бизчи?! Биз ўша инсонлар сафига кирмаймизми? Бизнинг ҳаётимиз хатарда эмасми?! Ахир бизнинг ҳужжатларимиз билан шуғулланмаса бу жараён қандай тезлашади. Мен шуни илтимос қиляпман БМТ ходимларидан, - деди у.

Мустақил журналист Украинадаги қочқинлар масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратмоқчи.
Мустақил журналист Украинадаги қочқинлар масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратмоқчи.

Ўзбекистонлик қочқин ўзи яшаётган Яготинадаги қочқинлар лагерида ҳаёт ўзлари учун оғир ва хавфсиз эмаслигини айтади.

- Мен ижара ҳақи қимматлиги туфайли квартирага чиқиб кета олмайман. Иккинчидан, биз қочқинларга ишлаш мумкин эмас - пулимиз йўқ. Бошқа ташкилотлардан молиявий кўмак йўқ. Қолаверса, ижарада бир кунда ўғирлаб кетишлари мумкин. Иложсизлигимдан шу ерда очлик эълон қилишга мажбурман!

Озодлик очлик акциясини давом эттираётган Малоҳат Эшонқулова масаласи юзасидан изоҳ сўраб БМТнинг Қочқинлар Масалалари бўйича Олий Комиссарининг Киевдаги ваколатхонасига мурожаат қилди.

Озодлик саволларига жавоб бера олмаслигини билдирган ваколатхона расмийси ёзма тарзда расмий мурожаат йўллашни тавсия қилиш билан чекланди.

Ўзбекистон ва Украина ўртасида виза тизими мавжуд эмас ва бу мамлакатдан қочқинлик сўраган ёки бу ерга қочиб келган ўзбек муҳожирларининг Ўзбекистонга топширилиши ҳолатлари кузатилган.

Украина ва қочқинлар масаласи

Хьюман Райтс Вотч ташкилоти Украина чегарачилари ва полицияси томонидан муҳожирлар, бошпана изловчилар, жумладан болаларни асоссиз ҳибсга олиш, зўравонлик қилиш ва ҳатто қийноққа солиш ҳолатлари қайдга олинаётгани юзасидан махсус баёнот тарқатганди. 161 нафар қочқин гувоҳлигига таянган 124-бетли ҳисоботда Украинадаги муҳожир ва қочқинлар аҳволининг оғирлашишига Европа Иттифоқи давлатларининг миграция сиёсати ҳам айбдор экани айтилганди.

Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги томонидан қочқин, деб тан олинган Руслан Сулаймоновни Ўзбекистонга бериб юборганини Украинанинг қочқинларга оид халқаро мажбуриятларини бажармаётганига далил сифатида келтирган эди.

2006 йилда Украинадан Ўзбекистонга бериб юборилган 11 нафар қочқин турли муддатларга қамалгани маълум.

Украинадаги ўзбек қочқинлари, шунингдек Ўзбекистонда қидирувда бўлган қочқинлар - Алишер Ҳайдаров, Раҳмиддин Сафаров, Улуғбек Ҳакимовлар йўқолиб қолгани, улар ўғирлаб кетилган бўлиши мумкинлигини иддао қилмоқда.

Шу ўринда, Украина ҳукумати бирқанча ўзбекистонлик қочқинларни Тошкентга экстрадиция қилмаслик тўғрисида қарорларни ҳам қабул қилган.

2017 йилнинг 17 сентябрида Киевда оиласи билан сиёсий бошпана сўраган "Ўзбекистон” радиосининг собиқ сиёсий шарҳловчиси Нарзулло Охунжонов Интерпол талаби билан ҳибсга олинган. Украина Бош прокуратураси ўзбек режимини танқид қилиб келган Нарзулло Охунжонов Ўзбекистонга экстрадиция қилинмаслигини билдирганди.

2019 йилнинг 12 август куни БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссарлигининг Украинадаги ваколатхонаси олдида Охунжонов айни талаблар билан очлик акциясини ўтказган эди.

2017 йил 14 июнида Украина Миграция хизмати Ўзбекистон талаби билан ушланган Ислом Каримовнинг қайинжияни Акбарали Абдуллаевга қочқин мақомини берган эди. Ўзбекистон томонидан оғир молиявий жиноятлар¸ хусусан¸ давлатга қарийб 1 миллиард доллар зиëн етказганликда айбланиб¸ Киевда қўлга олинган Абдуллаев ўша йилнинг октябрида мамлакатдан ғойиб бўлгани тўғрисида Озодлик хабар берган.

XS
SM
MD
LG