Қирғизистон президенти Садир Жапаров 15 март куни Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган эксклюзив интервьюсида Ўзбекистон билан муносабатларга ҳам тўхталиб ўтди.
Садир Жапаров интервью давомида Ўзбекистондаги иқтисодий ривожланишга суқланганини айтди ҳамда яқин уч ой ичида барча чегара муаммолари ҳал этилишини, жумладан, қўшни давлат билан чегарадаги барча назорат-ўтказиш пунтклари очилишини таъкидлади.
Айни пайтда президент Ўзбекистоннинг Сўх анклавига Қирғизистон ҳудудидан йўлак очиб беришга келишилгани тўғрисида пайдо бўлган хабарларни ёлғон деб атади.
Садир Жапаров 11-12 март кунлари Тошкентга қилган ташрифи натижаларига тўхталар экан, Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланаётганига ҳаваси келганини айтди:
“Кеча мен Ўзбекистонга борганда уялдим. Ишлаб чиқариш корхоналарини кўриб уялдим. Биз тиш ковлагич ишлаб чиқарувчи фабрика ҳам қурмабмиз, улар эса, самолёт чиқаришмоқда”.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Садир Жапаров Ўзбекистон билан ҳамкорликда "Қамбарота-1" ГЭСини қуриш масаласида келишувга эришилганини, бу лойиҳа уч йил ичида ниҳоясига етказилишини айтди.
Прездентнинг айтишича, Тошкент сафари доирасида томонлар чегараларни тўлиқ очиш масаласига алоҳида эътибор қаратган.
“Ўзбекистон билан чегараларни тўлиқ очайлик, дедик. Халқларимиз аввалгидай борди-келди қилишсин, дедик. Бугунги кунда 7та чегара назорат ўтказиш пункти ёпиқ. Бу пунктларнинг барчаси очишга келишиб олдик. Бу борада ҳозир ишлар олиб борилмоқда. Худо хоҳласа, Ўзбекистон билан чегаралар тўлиқ очилади”,-деди Садир Жапаров.
Қирғизистон раҳбари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан чегараларни аниқлаш ишларини тўлиғича уч ой ичида якунлаш масаласида келишилганини ҳам билдирди.
Садир Жапаров Ўзбекистон билан чегара масаласида ўта муаммоли ҳудудлар қолмаганини айтди. Унга кўра, 24-25 март кунлари Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Тошкентга бориб, чегара бўйича тегишли ҳужжатларни имзолаб қайтади.
Қирғизистон президенти интервью давомида ижтимоий тармоқларнинг қирғиз контентида кенг муҳокамага сабаб бўлаётган Сўх анклавига йўл очиш тўғрисидаги маълумотлар юзасидан ҳам гапириб ўтди.
“Биз Сўхга авиақатнов очиб берамиз, дедик. Бундан ташқари чегарадаги назорат-ўтказиш пунктларигина очилади. Интернетда мухолифатчилар, фикри бузуқ одамлар “Сўхга йўлак берилар экан, йўл очиб берар экан, сув берар экан” деган нотўғри маълумотларни тарқатмоқда. Бу ёлғон. Ункур Тоо масаласига келсак, Шавкат Мирзиёев “Бу ҳудудни талашмаймиз, сизларга қарашли бўлса олаверинглар”, деб айтди, – деб билдирди Садир Жапаров.
Ўзбекистон ҳукумати Сўхга транспорт қатнови учун йўл очилиши ёки йўлак берилиши масаласида ҳозирча расман муносабат билдирмаган.
Аммо Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги мухтор вакили Омурбек Суваналиев Садир Жапаровнинг ташрифи якунларига кўра, вилоятларнинг чегара ҳудудида ўтиш пунктлари очилишини маълум қилган. Чегара пост хизмати дастлаб пиёдалар учун, уч ой ичида эса автомобиллар учун очилиши айтилган.
Бир неча кун олдин Қирғизистон Ўзбекистоннинг Сўх анклавига авиақатнов ва транспорт йўлаги очишга тайёр экани, айни пайтда Ўзбекистон Қирғизистон билан баҳсли бўлиб турган Унгартепа (Қирғизистонда Ункур Тоо дейилади) ҳудуди ўзиники экани тўғрисидаги даъвосидан воз кечиши тўғрисида президент матбуот хизмати тарқатган хабар ортидан қирғиз ижтимоий тармоғида турли норозиликлар пайдо бўлган эди.
Қирғизистонликларнинг бир қисми Ахси туманидаги Унгартепа доимо Қирғизистон ҳудуди бўлганини иддао қилган ҳолда, президент маъмуриятининг бу маълумотини “тушунарсиз”, деб баҳолаган.
Айрим қирғизистонликлар Ўзбекистоннинг Сўх эксклавига транспорт йўлаги очиладиган бўлса, Боткен вилояти анклавга айланиб қолишидан ташвиш билдирган.
Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг Унгартепа юзасидан баҳси бир неча йил аввал икки давлат ўртасидаги муносабатларда кескинликни кучайтирган эди.
2016 йилнинг 22 август куни Ўзбекистон Унгартепа ҳудудига иккита вертолётда 7 кишилик милиция десантини ташлаган, бунинг ортидан Бишкек 3 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон билан чегараларини ёпиб қўйган эди. Натижада Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги Сўх ҳамда Шоҳимардон эксклавлари қамал ҳолатига тушган.
Шундан сўнг Ўзбекистон 2016 йилнинг 18 сентябрида Унгартепадан ўз десантини олиб чиқиб кетишга мажбур бўлган.
Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасидаги 1378 километрлик чегаранинг 1170 километри ёки 85% 2017 йили аниқланган. Яна 10% бўйича келишилгани хабар қилинган. Бироқ улар ҳукумат ва парламентлар томонидан тасдиқланиб, ратификация қилиниши керак. Ҳозирги сўзлашувлар айни ўша 10% ва қолган 5% чегара доирасида бўлмоқда.
Қирғизистон ҳудудида Ўзбекистоннинг Сўх, Чўнғара -Қалча, Шохимардон, Тоштепа деган тўрт эксклави бор. Ўзбекистон ичида эса Қирғизистоннинг Барак эксклави мавжуд.