Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:14

Европа Иттифоқи “AstraZeneca” вакцинасини қўллашда давом этишни тавсия қилди


Европа Иттифоқининг дори‑дармонлар бўйича масъул идораси сешанба куни “AstraZeneca” вакцинасининг фойдаси эҳтимолий хавфини босиб кетишига “қатъий ишонишини” маълум қилар экан, унинг қон қуюлишига алоқаси борлигига далил йўқлигини таъкидлади.

Ушбу вакцинани қўллаш вақтинча тўхтатилиши қизғин баҳсларга, вакцинация кампанияси энди жадал сурьат олаётган пайтда турли шубҳаларга сабаб бўлган эди.

Ҳам ЖССТ, ҳам Европа дори‑дармон агентлиги (ЕДА) экспертлари мазкур вакцина масаласини муҳокама қилиш учун сешанба куни учрашди.

Оксфорд университети томонидан ривожлантирилган “AstraZeneca” вакцинасининг миллионлаб дозаси ишлаб чиқарилган бир пайтда оз сондаги айрим одамларда қон қуюлиши кузатилди, оқибатда ЕИнинг уч йирик давлати – Германия, Франция ва Италия ушбу вакцина билан эмлашни тўхтатиб қўйди.

ЕДА давлатлар вакцинани қўллашни давом эттиришлари кераклигини таъкидлади.

“Биз шунга қатъий аминмизки, “AstraZeneca” вакцинасининг COVID-19 олдини олиши унинг касалхонага тушишлар ва ўлим билан боғлиқ ножўя таъсирлари хавфини босиб кетади”, деди ЕДА раҳбари Эмер Кук сешанба куни.

Кук, шунингдек, ЕДА “вакциналар билан боғлиқ барча салбий оқибатларни кузатиб тургани”ни таъкидлади.

Франция ва Италия бу янгиликни хуш қаршилади.

Франция Бош вазири Жан Кастекс агар ЕДА вакцинани тавсия қилса, одамларга ишонч бериш учун “тез орада” ўзини “AstraZeneca” вакцинаси билан эмлатишга ваъда берган эди.

Аллақачон 11 миллион “AstraZeneca” вакцинасини қўллашга улгурган Британияда эса, экспертлар эмланганлар орасида қон қуюлиши ҳолати ошганини кўрсатувчи бирорта ҳам далил йўқлигини айтмоқда.

Бош вазир Борис Жонсон “The Times” газетасида бу вакцина ҳақида “хавфсиз ва жуда яхши” деб ёзди.

Британиялик бир олимга кўра, қон қуюлишига CОVID-19нинг ўзи сабаб бўлади.

“Қон қуюлишига энг катта эҳтимолий сабаб вакцина эмас, касалликнинг ўзидир”, деди Гигиена ва Тропик касалликлар Лондон мактаби фармокология профессори Стефен Эванс.

Европа бўйлаб коронавирус сабабли ўлим ҳолатлари 900 мингдан ошди.

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп ҳам республикачи тарафдорларини вакцина олишга чақирди. Бу гуруҳ COVID-19 вакциналарига энг кўп қаршилик қилувчи тоифа ҳисобланади.

Бу Трампнинг лавозимдан кенгандан бери биринчи марта оммавий эмлашни ёқлаб ошкора гапиришидир.

Бу орада Бразилияда коронавирусдан ўлим рекорд даража қайд этди – бир кунда 2 841 ўлим.

Глобал миқёсда шу кунгача 382 миллион доза вакцина қўлланди, уларнинг аксари ривожланган давлатларда. Ҳали бирорта одам вакцина олмаган камбағал давлатлар ҳам бор.

“AstraZeneca” вакцинаси мавжуд вакциналар ичида энг арзони ва камбағал давлатларга етказиб бериш учун ҳам танланган.

Ушбу вакцинани қўллашни вақтинча тўхтатганлар орасида Индонезиядан тортиб, Венесуэлагача, ундан Швеция ва Недерландиягача бор.

Канада Бош вазири Жастин Трюдо ўз фуқароларини “AstraZeneca” вакцинасини олишга чақирди. Ҳукуматнинг илм‑фан бўйича маслаҳатчи қўмитаси бу вакцинани ҳатто 65 ва ундан катта ёшдагиларга ҳам тавсия қилди.

Таиланд Бош вазири Прают Чан-оча “AstraZeneca” вакцинасини қўллаш қайта бошланган заҳоти ўзини шу вакцина билан эмлатди.

“Мен бугун намуна бўлдим”, деди у.

XS
SM
MD
LG