Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:59

Хитой дипломатларидан укаси тақдирини сўрагани учун шинжонлик қозоққа таҳдид қилинмоқда


Байболат Кунболатули
Байболат Кунболатули

Байболат Кунболатули – Хитой ғарбидаги Шинжон минтақасида оила аъзоси қамалган ёки меҳнат лагерига олиб кетилган миллионлаб мусулмоннинг бири.

40 ёшли Кунболатули 2020 йил бошидан буён Хитойнинг Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳридаги элчихонаси ва Олмаота шаҳридаги консуллиги олдида укаси Баймурат суратини қўлида тутиб, норозилик намойишларини уюштириб келади.

Қозоғистон фуқаролигини олган Кунболатули уч йил олдин Шинжонда ғойиб бўлган укаси ҳақида маълумот олишга курашмоқда.

Аммо 10 февраль куни Кунболатули норозилик намойишлари тўғрисидаги қонунларни бузганликда айбланиб, «маъмурий ҳибсга» олинди.

Қозоғистонда рухсатсиз митинглар, жумладан, бир кишилик норозилик намойишларини ўтказиш тақиқланган.

Кунболатулининг айтишича, ҳибсга олинганидан кейин Қозоғистон расмийлари уни норозилик акцияларини тўхтатишга ундаб, босим ўтказган.

Унинг сўзларига кўра, амалдорларнинг бири уни ўтган йили қамоқда юрак хуружидан вафот этган таниқли қозоғистонлик фаол Дулат Агади қисматига йўлиқиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Кунболатули Озодликка берган интервьюсида:

- Бир амалдор менга: «Сениям юрагинг тўхтаб қолиши мумкин», деди, – дея сўзлаб берди.

Унинг сўзларига кўра, расмийлар уни ўз хатти-ҳаракатлари фарзандларининг келажагига зарар етказиши мумкинлигини ҳақида ҳам огоҳлантирган.

- Улар менга: «Фарзандларинг улғайганидан кейин, давлат идораларида ишлашни хоҳлашлари мумкин, аммо [сенинг бу ишларинг туфайли] бундай қилолмайдилар. Ўшанда фарзандларинг сени ёмон кўриб кетади. Улар азобланишига сабаб бўляпсан», дейишди, – дея сўзини давом эттирди Кунболатули.

Озодлик Олмаотадаги ҳибсхона расмийлари билан боғланди, аммо улар Кунболатулига қўйилган айбловлар тўғрисида изоҳ беришдан бош тортишди.

Кунболатули акциясини давом эттирса ва қайтадан қўлга олинса, оиласи бошига оғир кунлар тушишидан хавотирда эканини тан олди.

- Мен [қамоқда] ўлиб қолсам, болаларимга нима бўлиши ҳақида ўйлайман, - деди у.

- [Укам йўқолгани учун] азоб чекаётган кекса ота-онамни аҳволи қандай кечади?

Кунболатули Қозоғистонга 2002 йилда кўчиб келган ва олти йил деганда Қозоғистон паспортини олган.

Қозоғистон ота-боболари юртига қайтган этник қозоқларга фуқаролик беради. Совет Иттифоқи қулаганидан кейин, минглаб этник қозоқ Хитойдан Қозоғистонга кўчиб ўтган.

2005 йилда Кунболатулининг ота-онаси ҳам Қозоғистонга кўчиб келган. Улар ортидан бошқа қариндошлари ҳам Шинжонни тарк этиб, Қозоғистонга келган.

Укаси Баймурат 2012 йилда кекса холасига қарашиш учун Шинжонга қайтган.

Бошида Баймурат Қозоғистондаги оила аъзолари билан тез-тез алоқага чиқиб турган. Аммо тез орада у билан алоқа бутунлай узилган.

Натижада Кунболатули Хитой элчихонаси ва консуллиги олдида норозилик акцияларини ўтказа бошлади.

Охир-оқибат у элчихонадан қуйидаги СМСни олди: «2012 йилнинг 20 март куни уканг Baide Tieba хитой ижтимоий [тармоқ] сайтидаги миллий низо қўзғатадиган контентни улашган. Шунинг учун 2018 йилнинг 11 апрелида Шинжон шаҳар суди уни 10 йилга озодликдан маҳрум қилди. Ҳозирда у жазо муддатини ўтамоқда».

Кунболатулининг айтишича, у укаси ижтимоий тармоқларда улашган барча постларни синчиклаб кўриб чиққан, аммо «миллатлараро низо қўзғатиши» мумкин бўлган ҳеч қанақа контентни топмаган.

Шунингдек, у нима учун Хитой ҳукумати укасига қарши чора кўриш учун олти йил кутганини билмаслигини қўшимча қилди.

Кунболатули бугунга қадар Хитой дипломатларидан қўшимча изоҳ ололгани йўқ.

Хитой 2017 йилдан бери Шинжон–Уйғур мухториятида 1 миллиондан ортиқ уйғурни «қайта тарбиялаш лагерлари»да сақлаётгани учун халқаро жамоатчиликнинг кескин танқидига учраб келади.

Йил бошида АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп маъмурияти Хитой Шинжонда уйғурларга нисбатан «геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар» содир этмоқда, деб топди.

Бундан ташқари, жорий йилда бошида АҚШда жойлашган Ньюлайнс Стратегия ва сиёсат институти мустақил суриштирув ўтказиб, Хитой ҳукумати БМТ геноцид конвенциясини бузиб, этник уйғурларга қарши геноцид содир этаётганини хулоса қилди.

Қозоғистон Шинжонда этник озчиликлар қатағон қилинаётгани ва уларнинг ҳуқуқлари топталаётганини қоралашга ошиқмай келади. Қозоғистон ҳукумати Хитойнинг ўз фуқароларига бўлган муносабати мамлакатнинг ички иши экани, унга аралашмаслигини айтиб келади.

Нур-Султон, шунингдек, Қозоғистоннинг улкан табиий ресурслари ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига йирик сармоя ётқизиб келаётган Пекин билан муносабатларига путур етказишни хоҳламайди.

Шу сабабдан Қозоғистон ҳукумати Нур-Султонни Шинжондаги мусулмонлар ҳуқуқлари бузилаётганини қоралашга чорлаётган фаолларга босим ўтказмоқда.

Кунболатули сингари яна бир неча киши Хитой дипломатик идоралари олдида намойиш ўтказгани учун Қозоғистон полицияси томонидан ҳибсга олинди.

Намойишчилар Хитой элчихонаси ёки консуллиги олдида тўпланар экан, кўпинча ўша ерда Интернет сигнали заифлашиб қолади ёки бутунлай йўқолади.

Кунболатулининг айтишича, у 16 март куни Олмаотадаги Хитой консуллиги яқинида уюштирилган этник қозоқлар намойишини жонли эфирда намойиш қилаётган пайтида Facebook тармоғидаги аккаунтига хакерлик ҳужуми уюштирилган ва ҳисоби ўчириб ташланган.

Кунболатули билан Facebookда дўст бўлган Озодлик мухбири сайтда унинг профилини топа олмаганини тасдиқлади. Кунболатули электрон почтасига ҳам кира олмай қолганини айтди.

Олмаота полицияси ҳар сафар намойишчиларни Хитой элчихонаси ёки консуллиги биносидан камида 50 метр масофада туришни талаб қилади.

Аммо босимларга қарамай, Кунболатули оиласи сукут сақламасликка аҳд қилган.

Кунболатули ҳибсга олинган кунларда унинг онаси Зауатхон Турсин Олмаотада бошқа намойишчилар сафига қўшилди.

Кунболатули оиласи бир кун келиб Баймурат озодликка чиқиб, Қозоғистондаги оиласига қўшилишига умид қилмоқда.

Унгача Кунболатулилар оиласи Пекиндан жавоб талаб қилишда давом этмоқчи.

XS
SM
MD
LG